Линклар

logo-print

Cаммит муҳим баёнотларсиз якунланди

  • Гулнора Равшан

Душанбе шаҳрида ниҳоятга етган Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар саммитида бирорта муҳим расмий баёнот эълон қилинмади. Ҳолбуки, бу саммитдан жуда кўп нарса кутилган эди.

Жумладан, Россиянинг Жанубий Осетия ва Абхазия мустақиллигини тан олгани ортидан унинг ШҲТдаги иттифоқчилари ҳам муайян қадам қўйиши тахмин қилинганди. Аммо улар бу масалада айтарли ҳеч қандай муносабат билдирмади, фақат Жанубий Осетия ва Абхазия атрофидаги танглик юзасидан ташвиш изҳор этилди, холос.

Мустақил таҳлилчилар ШҲТга аъзо давлатлар Россия изидан бориб Ғарб билан муносабатларини бузишда манфаат кўрмаслигини англаган ҳолда шундай нейтрал иш тутганини таъкидламоқда.

Шунингдек, ёпиқ эшиклар ортида ўтказилган музокараларда Грузия масаласи кўтарилганми-йўқлиги ҳам ойдинлаштирилмади.

Жиддий кайфиятда музокаралар залидан чиқиб келган президентлар халқаро терроризмга қарши кураш, минтақа давлатлари хавфсизлиги, иқтисодий алоқалар каби масалаларни ўз ичига олган 14 та ҳужжат имзолади.

Мустақил кузатувчи Нўъмонжон Фахриддинов имзоланган ҳужжатлар ҳали бор-йўғи қоғоз экани, уларнинг амалга ошиши учун анча меҳнат ва вақт кераклигини айтар экан, ташкилот аъзолари ўтган йиллар ичида халқ фаровонлигини оширишга хизмат қиладиган бирор иш қилмаганидан афсус билдирди.

“Ҳар гал саммитларда жиддий баёнотлар айтилмаётгани, халқ фаровонлиги ва иқтисодий тараққиёт учун жўяли ишлар амалга оширилмаётгани бу ташкилотнинг тарқоқлигидан дарак”,- деди кузатувчи.

Дарҳақиқат, халқ ҳаёти учун ўта муҳим муаммолар қолиб президентлар фақат Афғонистон ва у ерда етиштирилаётган наркотик моддалар атрофида сўз юритди, холос.

Жумладан, саммитда Ўзбекистон президенти Ислом Каримов ўзбеклар ва тожикларда мавжуд муаммоларни ҳал этиш ёки илгариги борди-келдиларни тиклаш ўрнига наркотиклар мавзусини илиб кетди.

“Афғонистонда кенгайиб бораётган наркотрафик кўлами 800 тоннадан ортиқни ташкил этади. Наркотрафик бугунги кунда нафақат Афғонистон, балки минтақа давлатларидаги вазиятни издан чиқариш ниятида бўлган жангариларнинг даромад манбаига айланаётганини унутмаслик керак”,- деди Ўзбекистон президенти.

Тожикистон президенти Имомали Раҳмон ҳам ўзини ўзбекистонлик ҳамкасби фикрини давом эттириб, ШҲТ доирасида Наркотиклар етиштириш ва уларнинг ноқонуний айланишига қарши кураш минтақавий марказини ташкил этиш, унинг қароргоҳини Душанбеда жойлаштириш таклифини илгари сурди.

Хуллас, саммитни бевосита кузатган киши ташкилога аъзо давлатлар фақат Афғонистон ва унда етиштирилаётган наркотиклар муҳокамаси учун йиғилган экан, деган хулосаа чиқармай қолмайди.

Келгуси бир йил давомида ташкилотга раислик қилиш Россия президенти Дмитрий Медведевга топширилди. ШҲТнинг навбатдаги 9-саммити Екатеринбург шаҳрида ўтказилиши белгилаб олинди.
XS
SM
MD
LG