Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 21:04

Янги келишув мардикорлар жонига аро киради...ми?


“Ўзбекистонда Россия фуқаролари ҳамда Россияда Ўзбекистон фуқароларининг меҳнат фаолияти ва ишчи мигрантлар ҳуқуқларини ҳимоялаш тўғрисида” Ўзбекистон ва Россия ўртасида эришилган ҳукуматлараро келишув ратификация учун 27 август куни Россия Давлат думасига тақдим этилди.

Дума расмийлари бу келишув Россияда меҳнат қилаётган юз минглаб ўзбекистонлик ишчи мигрантлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда муҳим рол ўйнайди, деган фикрда.

Давлат думасининг МДҲ масалалари қўмитаси аппарати раҳбари Мария Лазутова ишчи мигрантлар ҳуқуқларини ҳимоялаш бўйича Ўзбекистон ва Россия ўртасида шу пайтгача икки томонлама кенг қамровли келишув бўлмагани, балки алоҳида-алоҳида меъёрий ҳужжатлар бўлганини айтди. Ратификация учун Думага берилган ҳукуматлараро келишувда Россияга борган Ўзбекистон фуқароларининг ҳаммаси меҳнат шартномаси асосида ишлаши шарт қилиб белгиланган.

“Ҳамма меҳнат шартномаси асосида ишлайди. Иккинчидан, тиббий хизмат меҳнат билан таъминловчи ҳисобидан амалга оширилади. Ишчи мигрантлар ҳар қандай маълумот, жумладан, меҳнатга қанча ҳақ тўланиши ҳақида маълумот олиш ҳуқуқига эга. Шунингдек, улар истаган пайтда шартномани бекор қилиш ҳуқуқига эга. Бунинг учун ҳар бир давлат, жумладан, Россия ушбу меҳнат муҳожири учун гарант ролини ўйнайди”, – деди Давлат Думаси расмийси.

Келишувда ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари учун тўланадиган ҳақ айни лавозим ёки айни ишда ишловчи Россия фуқароларига тўланадиган ҳақдан кам бўлмаслиги назарда тутилган.

“Бу шахс Россия Федерациясида қанча муддат ишлагани ва қанча ҳақ олгани тўғрисида ҳужжат берилади. Россияда ишлаб топилган пулни ҳеч қандай тўсиқсиз Ўзбекистонга жўнатиш имконияти яратилади. Меҳнат муҳожири солиқни ўзи келган давлатда тўлайди. “Солиққа тортиш қабул қилувчи давлат қонунлари асосида ҳамда Россия Федерацияси ва Ўзбекистон Республикаси ўртасида амал қилаётган солиқ ҳақидаги халқаро битимлар асосида амалга оширилади”, дейилган ҳужжатда”, – деди М.Лазутова.

Мария Лазутованинг “Озодлик”ка айтишича, ратификация қилиш учун Думага берилган келишувда Россияда меҳнат қилаётган ўзбекистонлик муҳожирлар билан кўнгилсиз воқеалар юз берса, уларга ёрдам кўрсатилиши ҳам назарда тутилган.

“Худо сақласин, агар иш берувчи айби билан меҳнат муҳожири жароҳат олса ёки нобуд бўлса, қабул қилувчи томон, биз уларга ижтимоий имтиёзлар берамиз, жумладан, пенсия билан таъминлаш мажбуриятини зиммамизга оламиз. Барча тўловлар, жумладан, уларнинг бир жойдан бошқа жойга олиб борилиши учун харажатлар қопланади. Агар меҳнат муҳожири иш берувчи айби билан ўлса, жасадни манзилга етказиш сарф-харажатини муҳожир ишлаган давлат ўз зиммасига олади. Унинг мол-мулки, шунингдек, марҳум ишлаб топган пул маблағи унинг оиласига етказилади” – деди Давлат думаси расмийси.

Мария Лазутова сўзларига кўра, ратификация учун Думага тақдим этилган келишувда меҳнат муҳожирлари Ўзбекистондан Россияга ёки Россиядан Ўзбекистонга борганда уларнинг дипломлари ортиқча расмиятчиликсиз тан олинади.

Янги келишув 11 сентябрь куни ратификация қилиш учун Давлат думасида овозга қўйилади.
XS
SM
MD
LG