Линклар

Қайноқ бағирлар музларни ҳам эритади

  • Садриддин Ашур

Ўзбекистон президенти Ислом Каримов ШҲТ саммитида қатнашиш учун Душанбега қилган сафарида Тожикистон президенти Имомали Раҳмон билан учрашиб, икки давлат ўртасида йиғилиб қолган бир қанча масалаларни муҳокама қилди.

Ислом Каримовни Душанбе аэропортида шахсан Имомали Раҳмоннинг ўзи кутиб олди. Икки президент қучоқ очиб кўришди, бир-бирини қаттиқ бағрига босди. Бу ҳолатни телевидение орқали кўрган тожикистонликларнинг аксарияти, айниқса, тожикистонлик ўзбеклар, э Худога шукур-э, деб ҳам юборди. Зеро, сўнгги йилларда икки давлат раҳбарлари орасидан ўтиб юрган қора мушук президентларнинг ўзаро муносабатларига ҳам, мамлакатлар ўртасидаги сиёсий ва иқтисодий муносабатларга ҳам соя солиб турганди. Хўш, энди муносабатлар яхшиланармикин? Қора мушук йўқолиб, кўринмай кетармикин?

Тожикистон президенти девони матбуот хизматидан хабар беришларича, аввало, президентлар ШҲТ доирасидаги ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилган, сўнгра тожик-ўзбек ҳамкорлигини ривожлантиришга қизиқиш билдирган.

Ҳозирча расмий ахборот шу, холос. Гарчи расмий Душанбе икки давлат ўртасидаги муносабатлар яхши деса-да, мустақил кузатувчилар фикрича, бу муносабатлар жуда қийин тарзда шаклланмоқда.

“Тожикистон ва Ўзбекистон раҳбарлари ўртасидаги муносабатга келадиган бўлсак, буларга ҳеч ким тўсқинлик қилаëтгани йўқ. Менимча, уларга қандайдир бир тафаккур етишмаяпти. Кенг бир хаëл етишмаяпти. Халқ манфаатини, дардини ўйлаш етишмаяпти. Масалан, ҳозир Ўзбекистон Тожикистонга бемалол электр энергияси бериши мумкин. Тожикистонни 100 фоиз таъминлаши мумкин. Бунинг учун Тожикистондан бир юмшоқлик керакми, қандайдир бир инсоний муносабат ëки ҳурмат-эҳтиром керакмикин”,- дейди таҳлилчи Абдурасул Мамадалиев.

Кузатувчилар фикрича, муносабатлар 1998 йилда Сўғд вилоятига исёнчи тожик полковниги Маҳмуд Худойбердиев бостириб киргандан сўнг бузила бошлаган эди. Ўшанда расмий Душанбе бу учун Тошкентни айблади. Бунга жавобни узоқ кутиб ўтиришга тўғри келмади. Ўзбекистон виза тартибини жорий қилди, 2000 йилдан бошлаб эса бир қанча тоғли чегара ҳудудларини миналаштирди. Бу миналардан юзга яқин тинч аҳоли нобуд бўлди.

2002 йилда Душанбега ташриф буюрган Ислом Каримов виза тартибини юмшатиш, ўзаро самолёт қатновини йўлга қўйиш, икки давлат телевидение кўрсатувларини намойиш этиш каби муаммоларни ҳал қилиш ҳақида гаплашиб кетган эди. Лекин ҳеч нарса ўзгармади. Эски ҳаммом, эски тослигича қолди. Лекин бу сафар улар қаттиқ қучоқлашиб кўришди, бунинг замирида бир нарса борга ўхшайди, дейди кузатувчи Раҳимберди Бердиев.

“Ислом Каримовни шахсан ўзи қучоқ очиб кутиб олганида бутун Тожикистон ва ўзбекистонлик халқлар бу нарсаларни жуда катта унид билан кутиб турган бўлса керак. Шахсан ўзим буларни кузатиб ўтирдим. Иккала президентнинг бу қадар қаттиқ қучоқлашиб кўришишида келажакда катта бир ютуқлар амалга ошади, деган бир умид билан турибмиз”,- деди Р.Бердиев.

Тожикистон ўзидаги инвестиция лойиҳаларини Ўзбекистоннинг розилигисиз амалга ошира олмаяпти. Масалан, Хитой томонидан Тожикистондаги Зарафшон дарёсига қуриладиган ГЭС ишлари Ўзбекистоннинг Хитойга билдирган норозилик нотасидан кейин тўхтаб қолди. Ва бошқа муаммолар: виза, чегара, божхона, муаммолари ҳам икки давлат ўртасида ҳал қилиб келинмаётган масалалардир.

Кузатувчи Абдулла Зуҳур фикрича, бу масалаларни ҳал қилса бўлади. Бунинг учун:

“Азалдан мусулмон халқида ëн қўшни, жон қўшни, деган гаплар бор. Қўшнилар билан муомала қилиб, муносабат қилиб, бу ишларни ҳал қилса бўлади .Лекин нимагадир МО республикалари ўртасидаги муносабатлар унчалик изга тушмаяпти. Ҳар бир жумҳуриятга Худо бир неъматини бериб қўйган. Бизда сув бўлса, Туркманистонда газ, нефть бор. Ўзбекистонда газ, электр энергияси бор. Мана шулар ўзаро келишиб оғир кунларда бир-бирига ëрдамлашишса¸бирида йўқ нарсани бошқаси бериб турса ҳамма нарса изига тушиб кетиши мумкин”.

Душанбедаги учрашув чоғида, Имомали Раҳмон Ислом Каримовни давлат ташрифи билан Душанбега келишни таклиф қилди. Бу таклиф энди Ўзбекистон президенти томонидан қабул қилинадими ёки йўқ, бунга ҳали аниқ жавобнинг ўзи йўқ. Энг муҳими, кузатувчилар фикрича, икки давлат раҳбарлари орасидан ўтган қора мушукнинг бошқа қайтиб келмаслигида. Шу қолди, холос.
XS
SM
MD
LG