Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 03:49

Россия-НАТО: Муносабатлар ёмонлашуви ёмон оқибатларга олиб келади


Абхазия ва Жанубий Осетия масаласида Ғарб давлатлари Грузия ҳукуматини қўллаб-қувватлаётганидан кейин НАТО ва Россия муносабатлари кескин ёмонлашди. Россия НАТО билан алоқаларни вақтинча тўхтатди.

Жорий йил апрелида НАТО ва Россия Афғонистондаги халқаро коалиция кучларига Россия ҳаво кенгликлари орқали ҳарбий бўлмаган юкларни ташиш тўғрисида келишув имзоланган эди. Россия кучлари Грузияга бостириб кирганига жавобан НАТО Россия билан муносабатларни қайта кўриб чиқиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди. Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров бу НАТОнинг Афғонистондаги фаолиятига салбий таъсир этиши мумкинлигини билдирди.

Таҳлилчилар агар Россия ўз ҳудуди орқали юк ташилишига рухсат бермаса, НАТОнинг Афғонистондаги кучлари оғир вазиятда қолади, деган фикрда. Чунки сўнгги пайтларда Покистоннинг Афғонистон билан чегарадош вилоятларида беқарор вазият кузатилмоқда, шунингдек, Афғонистонда зўравонлик содир этиш ҳоллари кўпаймоқда.

Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлат раҳбарларининг 28 август куни Тожикистон пойтахти Душанбеда очилган саммитида Ўзбекистон президенти Ислом Каримов Афғонистондаги вазият ҳақида ташвиш билдирди.

“Афғонистонда қарама-қаршилик авжига чиқаётгани ва кучаяётгани, шунингдек, вазиятнинг радикаллашиб бораётгани, жангарилар террорчилик фаолиятининг кучаяётгани минтақа хавфсизлигига таҳдидни оширмоқда”, – деди Ўзбекистон раҳбари.

Ислом Каримов Афғонистон ҳукумати ва НАТО кучлари чора кўраётганига қарамай, вазият ёмонлашишда давом этаётганини таъкидлаб: “Афғонистонда тинчликни сақлаш борасида мамлакат раҳбарияти ва президент Карзай ҳукумати саъй-ҳаракат қилаётгани, шунингдек, халқаро коалиция кучлари томонидан улкан тадбирлар амалга оширилаётганига қарамай, афсуски, вазият ёмон томонга ўзгармоқда”, – деди.

Шу йил март ойида НАТОнинг Афғонистондаги кучлари учун ёнилғи олиб кетаётган 36 та юк машинаси Покистоннинг қабилалар яшайдиган вилоятида жангарилар томонидан портлатилди. Покистондан Кобулга олиб келинаётган қиймати 13 миллион доллар бўлган АҚШ вертолётларига ўрнатиладиган тўртта мотор йўлда йўқолди. Ўтган ҳафта Кобулдан 30 километр нарида франциялик ўн ҳарбий жангарилар томонидан ўлдирилди. НАТО кучлари учун ёнилғи, озиқ-овқат, сув ва бошқа ускуналарнинг тахминан 70 фоизи шу йўл орқали келтирилади.

Апрель ойида НАТО ва Россия ўртасида шартнома имзоланганидан кейин НАТОнинг Афғонистондаги кучларига зарур бўлган таъминотнинг қолган қисми “шимолий коридор”, яъни Россия ҳаво кенглиги орқали АҚШнинг Марказий Осиёдаги базасига олиб келинаётган эди.

Грузиядаги бўҳрони сабабли НАТО билан муносабатлар кескин ёмонлашганига қарамай, Москва ҳозирча ўз ҳудуди орқали Афғонистонга ҳарбий бўлмаган юклар ташилишини тўхтатгани йўқ. Айрим таҳлилчилар агар Москва апрель ойидаги келишувни бекор қилса, НАТОнинг Афғонистондаги кучларини мушкул вазиятда қолиши мумкинлигини айтмоқда.

Грузия можароси, АҚШ ракета ҳужумидан мудофаа тизимининг бир қисми Чехия ва Польша ҳудудларига жойлаштирилиши ва бошқа масалаларда Ғарб ва Россия ўртасида келишмовчилик борлигини айтаётган бошқа таҳлилчилар эса агар Россия ўч олиш мақсадида ўз ҳудуди орқали юк ташилишини тақиқласа, бу узоқ муддатда Россия учун салбий оқибатларга олиб келишини таъкидламоқда. Қисқа муддатда эса Афғонистондаги вазият ёмонлашишидан биринчи галда Россияга қўшни бўлган Марказий Осиё давлатлари зиён кўради, деган фикр билдирмоқда.
XS
SM
MD
LG