Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 17:45

Жаҳон банки дунёда қашшоқликнинг янги даражасини белгилади


Жаҳон банки томонидан 2005 йилдаги Халқаро қиёслашлар дастури натижалари асосида белгиланган дунёда қашшоқликнинг янги даражаси кунига 1,25 долларни ташкил этади.

Жаҳон банки матбуот хизматининг билдиришича, банкнинг янги баҳоси ривожланаётган мамлакатларда турмуш кечириш учун зарур бўлган маблағ миқдорини янада аниқроқ белгилаш имконини беради.

Жаҳон банки маълумотига кўра, ҳозирги кунда дунёда қашшоқ аҳоли сони аввалгига нисбатан ошган. Бироқ қашшоқликка қарши курашиш бўйича олиб борилаётган ҳаракатларда катта муваффақиятларга эришилган. 2005 йилда дунёдаги 1,4 млрд. аҳоли, яъни ривожланаётган давлатлардаги ҳар тўртинчи киши кунига 1, 25 доллардан камроқ маблағга кун кечирган.

“Озодлик” Ўзбекистондаги вазиятни яқиндан ўрганиш мақсадида ўзини ўртаҳол билувчи Нодира исмли ўқитувчи аёл билан суҳбатлашиб, унинг даромад ва харажатларини Жаҳон банки келтирган турмуш кечириш даражасига солиштиришга ҳаракат қилди.

“Мактабда ўқитувчилик қиламан, ўртача ойлигим 110 минг сўм. Турмуш ўртоғим давлат корхонасида ишлаб, 80 минг олади. Иккаламиз жами 190 минг маош оламиз. 2 фарзандим бор. Иккаласи ҳам мактабда ўқийди. Биз фарзандларимизга мактабда ишлатиш учун кунига 500 сўмдан жами 1000 сўм берамиз. Бу ойига 24 минг сўм бўлади. Ўзимиз ҳам эрталабдан кечгача ишда бўламиз. Овқатланиб, йўлкирамизга иккаламизга бир ойда 96 минг сўм кетади. Фарзандларимники билан ҳисоблаганда ойига жами 110 минг сўмга айланади”,- дейди Нодира.

Унинг айтишича, эри иккаласи йўлкирага кунига 2 минг сўм сарфлайди.

Шу ўринда қайд этиш жоизки, ўзбекистонлик бу суҳбатдош турмуш кечириши учун зарур бўлган маблағ миқдори кунига 1,5 АҚШ долларини ташкил қилмоқда.

Мана шундай хомаки ҳисоблаганда бу оиланинг топганидан юқоридаги барча сарф-харажатларга кетганидан 80 минг сўм ортиб қолади. Хўш, қолган маблағ бозор-учар ва бошқа харажатларга етадими?

“Авваллари ойлигингиз кўп нарсага етарди, ҳозир эса йўқ. Илгари, масалан, овқатга 4 та пиёз солган бўлсам, ҳозир 2 та пиёз солиб қиламан. Энди ўша 80 минг сўмни квартира ҳақи, чироқ, газ, совуқ ва иссиқ сувга тўлашга, бозор-учарга сарфлайман. Бўлиб-бўлиб, аста-секинлик билан тўлашга ҳаракат қиламиз. Жуда ошиб-тошаётган жойимиз йўқ-ку, лекин ўша борига, топаётганимизга Аллоҳга шукур қилиб яшаймиз”,- дейди Нодира.

Кунига 1,25 доллар миқдорида белгиланган қашшоқликнинг янги даражаси жаҳоннинг энг қашшоқ 15-20 мамлакати учун миллий қашшоқликлик даражасига тенг келади. Ўртаҳол ўзбекистонликнинг кунига ўртача 1,5 доллар пул сарфлаши ҳақидаги хулосага таянилса, ўзбекистонликларнинг ҳам кўпчилиги ўта қашшоқ ҳаёт кечирмоқда, дейиш мумкин.
XS
SM
MD
LG