Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 23:46

Ахалгори гуржилари учун даҳшатли кунлар бошланди


Грузия йирик ҳарбий амалиётларни тўхтатди. Аммо айирмачи ўлкалар чегараси яқинидаги грузинлар қишлоғида яшовчи аҳоли учун даҳшатли кунлар бошланди.

БМТ қочқинлар идорасининг билдиришича, Жанубий Осетия ҳудудига яқин жойлашган Грузиянинг шаҳар ва қишлоқлари аҳолиси ўз уйларини ташлаб кетмоқда. Бунга осетин жангариларининг чегарадан ўтиб ҳужум уюштираётгани сабаб бўлмоқда. Аввал осетин ва гуржилар бирга тинч-тотув яшаган Ахалгорида ҳам шундай воқеалар кузатилмоқда.

Жанубий Осетия автоном республикаси 1990 йил бошида Грузиядан ажралиб чиққанидан кейин собиқ иттифоқ пайтида Ленингори деб аталган ҳозирги Ахалгори шаҳри Грузия назоратида қолиб кетган эди.

Ксани дарёси бўйида жойлашган бу қадимий шаҳарда осетин ва грузинлар азалдан тинч-тотув яшаб келган. Август ойи бошида содир бўлган қуролли тўқнашувлардан бу шаҳар аҳолиси азият чекмаган. Аммо ўз исмини айтмасликни сўраган аёл даҳшатли воқеалар бўлаётганини айтди.

“Биз черковда эдик. Мен ва болаларим билан ибодат қилаётган эдик. Бизга яқин жойлашган Капси шаҳридаги цемент заводи бомбардимон қилина бошланди. Бу кундузи бўлди. Ўша куни тунда шаҳримиз бомбардимон қилинди. Ер ларзага келди, ҳамма жойда болалар қичқиргани эшитилди. Биз ерга ётиб олдик ва омон қолдик”, – деди грузин аёл.

Эртаси куни тонгда Ахалгори аҳолиси орасида Россия қўшинлари Орчосани қишлоғига яқинлашиб қолгани тўғрисида хабар тарқалган. Аёлнинг сўзларига кўра, одамлар ўша заҳоти зарурий буюмларини олиб шаҳардан қочиб кета бошлаган.

“Биз ҳам қочиб кета бошладик. Тунни ўрмонда ўтказдик. Қўрқув туфайли биз қанчалик узоқ йўлни босиб ўтганимизни тасаввур қилишингиз мумкин. Хаёлимизда улар бизни таъқиб қилаётган эди”, – деди грузин аёл.

Эртаси кун Ахалгорига Россиянинг зирҳли машиналари етиб келган ва шаҳарга кираверишда ўрнатилган Грузия байроғи ўрнига Россия байроғи тикланган. Шаҳарга биринчи бўлиб Россия ҳарбийлари кирган. Россия ҳарбий техникасини осетинлар бошқарган. Улар Грузия кучларини сиқиб чиқариб, шаҳарда ўз назоратини ўрнатган. Кейин Россиянинг қўшимча кучлари ва ҳарбий техникаси шаҳарга олиб келинган.

22 август куни Россия Грузиядаги асосий кучларини олиб чиққанда Ахалгоридаги бир нечта танк ҳам кетган. Бироқ руслар ўрнини кейинроқ осетинлар эгаллаган.

“Ахалгорида улар тахминан 150 киши эди. Улар автоматлар ва гранаталар билан қуролланган, ўқ ўтмас камзуллар кийиб олган эди. Баъзиларининг бошида каска бор эди... ”, – дейди аёл.

Ахалгорида яшовчи кишилардан бирининг айтишича, шаҳарда яшовчи грузинларга Россия паспорти беришни таклиф қилишган.

“Агар тинч яшайдиган бўлсак, улар бизга Россия паспортини беришни ваъда қилди. Агар Россия паспортини олсак, биз уларнинг фуқароси бўламиз”, – деди ахалгорилик грузин.

Жанубий Осетия аҳолисининг аксари Россия фуқаролигини олган, яқин вақтгача Ахалгори бундан мустасно эди. Аммо ҳозир одамларнинг айтишича, Россия паспортини қабул қилиш эвазига уларга катта маош ваъда қилинмоқда. Рад қилганлар эса шаҳардан ҳайдаб чиқарилиш таҳдиди остида қолган.
XS
SM
MD
LG