Линклар

Ғарб Россия босими остида қолмасликка уриняпти

  • Алишер Сиддиқ

Буюк Британия бош вазири Гордон Браун Ғарб давлаталари Россиянинг босими остида қолмаслигини таъкидлади ва Европа Иттифоқини Россия билан муносабатларни тубдан қайта кўриб чиқишга чақирди.

Ушбу мурожаат Европа Иттифоқи раҳбарларининг Жанубий Осетия бўҳрони муҳокама этиладиган Брюссел саммитидан бир кун аввал пайдо бўлди.

Буюк Британиянинг “Observer” газетасига интервью берган Гордон Браун Россияга аниқ ишора йўллади.

“Агар сиз “катта саккизлик” давлатлари, Иқтисодий хамкорлик ва ривожланиш ташкилоти ҳамда Жаҳон савдо ташкилотида хуш қаршиланмоқчи бўлсангиз ҳуқуқ билан бирга масъулиятнинг борлигини қабул қилишингиз керак”,- деди бош вазир.

Грузия айирмачи Жанубий Осетия минтақасида ўз назоратини қайта ўрнатмоқчи бўлганида 8 август куни ушбу минтақага Россия қўшинлари бостириб кирганди.

Москва Грузияга қарши беш кун давом этган ҳарбий ҳужумини тўхтатиб турмоқда, бироқ Грузия ичкарисида қолган қўшинларини олиб чиқишга шошилмаётир.

26 август куни Россия Грузиянинг айирмачи Жанубий Осетия ва Абхазия ҳудудларини мустақил давлатлар сифатида эътироф этди.

Г.Браун ЕИга аъзо давлатлар раҳбарларининг душанба куни Брюсселда бўлиб ўтадиган анжумани давомида Россиядан Грузия ҳудудий дахлсизлигини тан олишни ва ўз қўшинларини можародан аввалги позицияларга қайтаришни талаб қилишини айтди.

Шунингдек, у НАТОни Россия билан алоқаларни қайта кўриб чиқишга, Грузия ва Россиянинг агрессив ҳаракатларига юз тутиши мумкин бўлган бошқа давлатлар билан ҳамкорликни жадаллаштиришга чақирди.

Буюк Британия бош вазири Россиянинг Грузияга қарши агрессиясига ишора қилиб: “Россия бизнинг ҳам бўғзимиздан олмаслигини учун Европа муқобил нефть ва газ захираларини топиши лозим”,- деди.

30 август куни Гордон Браун Россия президенти Дмитрий Медведев билан телефон орқали суҳбатлашган ва суҳбат давомида унга Грузия борасида Европа Иттифоқининг ягона позицияси қабул қилинишини билдирган.

Кремлнинг ЕИ билан ярашишга мойиллиги ишораси сифатида суҳбат давомида Д.Медведев ўзининг Грузияга Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти кузатувчилари юборилиш тарафдори эканини айтган.

Айни пайтда ЕХҲТ Грузияга 100 кузатувчисини жўнатиш ниятида эканини маълум қилган. Ҳозирча ташкилотнинг 20 кузатувчиси вазиятга холис баҳо беришга ҳаракат қилмоқда.

Россия бош вазири Владимир Путин расмий Москва ЕИнинг айрим давлатлари Россияга қарши санкциялар жорий этиши ёки бошқа кескин чоралар қўллаши эҳтимолидан хавотирда эканини тасдиқлади.

Шанба куни Грузия Ташқи ишлар вазирлиги Россия фуқароларига виза бериш тартиби қатъийлаштирилишини эълон қилди. ТИВ матбуот вакили Етер Камарели янги виза тартиби 8 сентябрдан бошлаб амал қила бошлашини билдирди.

“Грузия ва Россия ўртасидаги вазиятни инобатга олиб Грузия президенти янги виза тартиби жорий этилиши ҳақидаги фармойишга имзо қўйди. Янги тартибга биноан бундан буён Россия фуқаролари Грузия чегараларидан ўтиш нуқталарида виза ололмайди. Эндиликда улар виза олиш учун мамлакатнинг хориждаги дипломатик ва консуллик идораларига ариза ва бошқа лозим ҳужжатлар билан мурожаат қилиши керак бўлади”,- деди ТИВ мулозими.

Жума куни расмий Тбилиси Москва билан дипломатик алоқалар кўлами қисқартирилиши ҳақида эълон қилди.
XS
SM
MD
LG