Линклар

Путин Ўзбекистонга жиддий мақсадлар билан келди

  • Алишер Сиддиқ

http://tbn0.google.com/images?q=tbn:VAg2W6u9MYL5bM:http://i005.radikal.ru/0803/3b/fb1e82b9211e.jpg Ўзбекистонда мустақилликнинг 17 йиллик тантаналари давом этар экан, саҳна ортида собиқ КГБ агенти, Россия бош вазири Владимир Путин бу давлатни Россиянинг таъсири доирасида қолдиришга уринмоқда.

“Владимир Путин олдида турган асосий вазифа Тошкентни Ғарбда ҳамкор қидиришдан тўхтатиб қолишдир”,- деб ёзди нуфузли “Коммерсант” газетаси.

Матбуотда пайдо бўлган хабарларга кўра, бу мақсадда Москва Ўзбекистон газини Европа нархларида сотиб олишни таклиф этган.

Тошкентга амалий ташриф билан келган В.Путин икки кун давомида Ўзбекистон ва Россия ўртасида ечилмай қолаётган иқтисодий ва сиёсий муаммоларни ҳал этишга уринади.

В.Путин президент Ислом Каримов ёки бош вазир Шавкат Мирзиёев билан сўзлашувларида қайси бир масалани кўтармасин, Ўзбекистонни Россия орбитасига қайтаришга уриниш мулоқотларнинг қизил ипи бўлади.

Москва ва Россия ўртасида энергетика соҳасида ҳамкорлик ортгани баробарида айни соҳада келишмовчиликлар ҳам кўпайиб кетган.

Расмий Тошкент “Интер РАО ЕЭС” компаниясининг Ўзбекистонда бир нечта электр станцияларини сотиб олиш тўғрисидаги таклифини рад этди.

Бундан ҳам жиддийроқ муаммо Муборак газни қайта ишлаш заводида Россиянинг “Стройтрансгаз” компанияси билан биргаликда суюлтирилган газ ишлаб чиқариш лойиҳасининг тўхтаб қолганидир. Россия томони лойиҳани амалга ошириш учун Ўзбекистондан кўпроқ маблағ ажратилишини ва унга ҳукумат кафолати берилишини талаб қилмоқда.

Иқтисодчи журналист Дмитрий Поваровнинг таъкидича, ўзларини катта ва анча эркин тутган Россия инвесторларининг муаммолари табиий равишда пайдо бўлди.

“Сўнгги пайтларда Россия томони қандайдир лойиҳани амалга ошириш масаласини ультиматум тарзида қўя бошлади. Ўз устунлигини ҳис қилган Россия инвесторлари ўз шартларини қатъий қўйишга журъат қилди. Тошкент эса бу шартларни қисман қабул қилиш билан бирга Жануби-шарқий Осиё сармоядорлари билан ҳамкорлик ришталарини ўрнатди”,– деди Дмитрий Поваров.

Умумий баҳоси чорак миллиард долларга етадиган суюлтирилган газ ишлаб чиқариш лойиҳасидан Россия компанияси сиқиб чиқарилиши мумкин. Бу эса расмий Тошкент лойиҳани шартсиз бажарадиган муқобил сармоядорга эга бўлганини кўрсатади.

Энергетика соҳасида Россияга муқобил ҳамкорлар, муқобил газ қувурлари ҳамда Россия таъсиридан холи мустақил ташқи сиёсат - буларнинг барчаси Кремлни жиддий ташвишлантириб келади.

Айнан шунинг учун В.Путиннинг Ўзбекистон учун ўта манфаатли келишувларни таклиф этиши кутиляпти. Россия ҳукуматидаги манбанинг “Коммерсант” газетасига айтишича, Москва Ўзбекистоннинг экспортга мўлжалланган бутун газини Европа нархларида - ҳар минг куб метрини 300 доллар атрофида сотиб олишни таклиф этади. Ўзбекистон учун ўта манфаатли асосда Россияга 2020 йилгача газ етказиб бериш шартномаси И.Каримов ва В.Путин томонидан муҳокама этилади. Айрим хабарларга кўра, В.Путин Ўзбекистондан Россияга янги газ қувурини қуриш лойиҳасини ҳам таклиф этиши мумкин.

“Россия глобал сиёсатда” газетаси бош муҳаррири Фёдор Лукьянов фикрича, Россия Ўзбекистонни ўз таъсирига олиш учун янги усулларни ишга солмоқда.

“АҚШ тажрибаси шуни кўрсатадики, иттифоқчига эга бўлиш учун унга сармоя ётқизиш керак. Бу узоқ муддатга мўлжалланган сармоялардир. Тошкентнинг ўзига нисбатан мойиллигини таъминлаш учун Москва жиддий ҳаракат қила бошлайди. Агар Тошкент иқтисодий томондан қизиқтириб қўйилмаса, бу ҳаракатлар пучга чиқиши мумкин”,- дейди Ф.Лукьянов.

Россия иқтисодий рағбатлантириш сиёсатини деярли барча постсовет давлатларга нисбатан амалга оширишга ҳаракат қилаётир. Бир вақтнинг ўзида Грузияга қўшинларини киритган Россия ўзининг мажбурлаш салоҳиятини ҳам намойиш этди. Лекин Россиянинг, хусусан, Ўзбекистонни ўз таъсири доирасига олиш бўйича жадал сиёсати бу ердаги Ғарбнинг сусткаш ҳаракатларига мутаносиб эмас.

Фёдор Лукьянов сўзларига кўра, Россия бу минтақа учун келажакда кескинлашадиган рақобатга тайёргарлик кўрмоқда.

“Ўзбекистон энергия манбаларининг муқобил йўналишларини барпо этиш нуқтаи назаридан принципиал аҳамиятга эга давлатдир. Бу ерда Американинг фаоллашуви ҳозирча кўринмаётган бўлса, ҳеч шубҳасиз, унинг, албатта, бўлишини айтишим керак”,– дейди Ф.Лукьянов.

Айни пайтда Россиянинг Ўзбекистон билан муносабати 70 ёшли президент И.Каримов билан шахсий алоқалар асосида барпо этилган. Тошкентда В.Путин бу алоқаларни янада мустаҳкамлашга ҳаракат қилади...
XS
SM
MD
LG