Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:31

Солижон Абдураҳмонов устидан айблов хулосаси тасдиқланди


“Озодлик” мухбири айни пайтда ҳибсда сақланаётган мустақил журналист ва ҳуқуқ ҳимоячиси Солижон Абдураҳмоновнинг ҳозирги вазияти юзасидан унинг адвокати Баҳром Абдураҳмонов билан суҳбатлашди.

Баҳром Абдураҳмонов: Ҳозирча тергов органи айблов хулосаси тайёрлаб, уни тасдиқлатиш учун иш билан бирга прокуратурага жўнатган. Прокуратура ҳужжатнинг ҳақиқийлигини кўриб чиқиб, уни тасдиқлаб Олий судга ўтказган. Чунки тергов Ички ишлар вазирлиги тергов бошқармаси томонидан олиб борилди. Шу сабабли тергов бошқармасининг айблов хулосаси билан иш Қорақалпоғистон Республикаси прокуратурасига ўтказилган.

Озодлик: Суд Олий судда бўладими ëки Олий суд фақат жиноят ишини тасдиқлайдими?

Баҳром Абдураҳмонов: Йўқ, Олий суд жиноят ишини тасдиқламайди. Фақат унинг қаерда кўриб чиқилишини белгилаб беради. Кўриш учун ўзида олиб қолиши ëки шаҳар судига жўнатиши ҳам мумкин.

Озодлик: Кўплаб халқаро ташкилотлар Ўзбекистон президенти Ислом Каримов номига Солижон Абдураҳмонов ишини адолатли кўриб чиқиш, уни қамоқдан озод қилиш масаласида мурожаатлар жўнатган эди. Мана шу мурожаатларнинг қандайдир таъсири сезиляптими?

Баҳром Абдураҳмонов: Ҳозирча бу масала бўйича бир нарса дейишимиз қийин. Чунки ташқи муҳитдан бизга ҳеч қандай таъсир ҳам йўқ, бошқа ўзгаришлар ҳам йўқ. Тергов ўз ишини қилди, айблов хулосасини прокуратурага жўнатди. Лекин айблов хулосасида кўрсатилган, Солижоннинг бўйнига қўйилаëтган айбларнинг биронтаси ҳам тасдиқланмаган. Далиллар етарли эмас. Чунки бу наркотик модда қаердан келган, кимга тегишли, қандай қилиб унинг машинасига тушган, қайси йўл билан сотишга ҳаракат қилган, нимага сотаëтган пайтида ушламади ва ҳоказо нарсаларнинг ҳеч бирига ойдинлик киритилмаган. Яна битта нарса. Ўша наркотик модда солинган пакетдаги бармоқ излари кимга тегишлилигини аниқлаш. Бармоқ изларини текшириб кимники эканини аниқлаш бўйича берилган илтимоснома терговчи томонидан асоссиз равишда рад қилинди.

Озодлик: Солижон ака билан яқин орада кўришдингизми? Аҳволи қандай?

Баҳром Абдураҳмонов: Соғлиғи яхши. Унга нисбатан ҳеч қандай тазйиқ ëки босим ўтказилаëтгани йўқ. Босим ўтказишга ҳеч ким уринаëтгани ҳам йўқ.
XS
SM
MD
LG