Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 20:32

Россиянинг дарди газ


Ўзбекистон президенти Ислом Каримов Россия бош вазири Владимир Путин билан учрашуви чоғида “Ўзбекистон Россия капитали учун очиқ экани”ни маълум қилди.

2 сентябрь куни В.Путиннинг Ўзбекистонга ташрифи доирасида, хабарларга кўра, 14 йўналиш бўйича ҳамкорлик қилиш масалалари кўриб чиқилган. Улардан энг муҳимлари газ саноати, сармоялар ётқизиш ва ҳарбий-техникавий соҳалардир.

Шунингдек, музокараларда Туркманистондан Ўзбекистон орқали Россияга ўтувчи газ қувури қурилиши, ўзбек газининг жаҳон нархларига яқинлаштирилган нарх формуласи борасида келишувлар қабул қилинган. “Газпром” ширкати эса ўзбек газини тўлалигича сотиб олиш ниятини билдирган.

Россия Ўзбекистон гази учун курашмоқда. Москвадаги айрим нашрлар В.Путиннинг Ўзбекистонга ташрифини ана шундай хулосалаган. Россия делегацияси таркибига “Газпром” ва “Лукойл” ширкатлари раҳбарларининг киритилгани ва бу йирик ширкатлар раҳбарларининг қилган баёнотлари мана шу хулосага асос бўлмоқда.

Россиянинг “Лукойл” ширкати кейинги етти йил мобайнида Ўзбекистон газ саноати учун 5 миллиард доллар сармоя ётқизишини билдирган.

“Энг аввало, газ лойиҳалари тўғрисида гап бораётир. Бу республика ҳудудида газ қазиб олиш ва янги конларни аниқлаш лойиҳаларига катта миқдорда пул ётқизилади”, - деди ширкат вакили Владимир Семаков “Озодлик” билан суҳбатда.

“Лукойл” ширкати Ўзбекистондан йилига 12 миллиард куб метр газ ишлаб чиқаришга эришмоқчи.

“Бу газни Ўзбекистоннинг ўзи сотади. Лекин лойиҳадан биз катта фойда кўрамиз. Негаки, газни Ўзбекистон ички Россия нархларида эмас, жаҳон нархларига яқин баҳода сотади”,- деди Владимир Семаков.

“Лукойл” вакилининг айтишича, Ўзбекистон бу лойиҳаларда фақат 20 фоиз улушга эга. Фойданинг 80 фоизи эса Россия ширкатига тегишлидир. Бундай нотенг шартлар қандай сабаблар билан боғлиқ?

“Шу вақтгача ўтган давр давомида Ўзбекистонга инвестиция қиладиган мамлакатлар ичидан расмий Тошкент сиёсатига мос келадиганларига имконият яратиб бериларди. Демак, бу Европа ва АҚШ билан яқинлашув даврига тўғри келадиган бўлса, кўпроқ ўшаларнинг компанияларига йўл очиб берилди. Ундан кейин Россия компанияларига ҳам йўл очилди. Менимча, бу узоқ вақтга мўлжалланган сиëсат. Яна битта нарсани қўшимча қилиш керакки, Ўзбекистонга олиб келинаëтган инвестициялар аҳоли сони бошига ҳисобласак айтарли катта эмас”,- дейди таҳлилчи Комрон Алиев.

Газ мавзусини давом эттириб, айтиш лозимки, В.Путиннниг Ўзбекистон сафари доирасида Туркманистондан Ўзбекистон орқали Россияга газ қувури ётқизиш масаласида келишиб олинган.

“Бу эса “Газпром” ширкатининг ўзбек газини бутунича сотиб олиш истаги мавжудлигига далолатдир”, - деб ёзади “Газета” нашри.

Ислом Каримов эса учрашув пайтида қувур қурилиши Ўзбекистон учун катта иқтисодий манфаат келтиришини айтиб ўтди.

“Биз бу қувурни ўтказиш учун ўз ҳудудимиздан жой беришга тайёрмиз. Биз бундан тижорий жиҳатдан ҳам, Россия олдидаги иттифоқчилик мажбуриятлари жиҳатидан ҳам манфаатдормиз”,- деди Ислом Каримов.

Айни пайтда Владимир Путин ўзбек газини сотиб олиш борасида расмий Тошкент билан “газ нархи борасида ягона формулага” эришилганини билдирди. Бу формула аниқ эканига қарамай, ҳозирча тарафлар газ нархи қандай бўлишини сир сақламоқда.

Рус матбуотининг “Газпром” ширкатига таяниб хабар беришича, бу ташкилот 2009 йил учун газ ҳақини ўртача 402 доллар, деб эълон қилган. Шундан келиб чиқиб, таҳлилчилар Россия ўзбек газини 300-350 доллардан сотиб олишга келишган бўлиши эҳтимол, деб фикр билдирмоқда.

Таҳлилчилартаъкидича, бугунги кунда Россия учун газ нархининг қанча бўлиши аҳамиятсиздир, уни кўпроқ бунинг оқибатида юзага келадиган сиёсий қарамлик қизиқтиради.

“Нарх масаласи асосий эмас. Гап Марказий Осиёдаги таъсирни сақлаб қолиш ва у ерга бегоналарни киритмаслик ҳақида кетяпти. Ислом Каримов эса Кремлнинг Ғарб билан алоқалари ёмонлашаётган бир пайтда Россия билан муносабатларини ёмонлаштирмайди. Айни пайтда эришилган шартномаларни бажаришга ҳам шошилмайди. У вазиятни муаллақ сақлаб туради”, - деди Болқон, Кавказ ва Марказий Осиёни тадқиқ этиш маркази раҳбари Артём Улунян.

Москвалик бу таҳлилчи фикрича, Москва Грузия масаласида Ўзбекистонни ўз тарафига оғдиришга ҳам ҳаракат қилади.

“Ҳозир Ислом Каримовни Россия нуқтаи назарини қўллаб–қувватлашга кўндириш учун ҳаракат қилинади. Бунинг учун Россия шахсан унинг ўзига ва бу ердаги мавжуд режимга бир қатор кафолатлар беради”,- деди Артур Улунян.
XS
SM
MD
LG