Линклар

logo-print

Тожикистонда электр қувватига чеклов белгиланди

  • Гулнора Равшан

“Барқи тожик” ширкати вакили Нозиржон Ёдгорий мамлакат бўйлаб электр қувватидан фойдаланишга белгиланган чеклов келгуси йилнинг май ойигача давом этишини билдирди.

“Жорий йилда Марказий Осиё дарёларида сув 15-18 фоиз камайиб кетгани сабабли тожикистонлик энергетиклар Норак сув омборини вақтида тўлдириб олиш имконига эга бўлмади. Норакнинг техник талабларга жавоб бериши учун сув сатҳи яна 9 метрдан ортиқ кўтарилиши керак. Шунинг учун ҳам “Барқи тожик” ҳукумат билан келишган ҳолда 1 сентябрдан эътиборан республика бўйлаб электр қувватига чеклов жорий қилишни лозим кўрди.
Ҳар куни тунги соат 10.30дан тонги соат 3.30гача республиканинг барча туманларида электр қувватига чеклов белгиланди”,- деди Нозиржон Ёдгорий.

Н.Ёдгорий белгиланган чеклов Душанбе шаҳри аҳолиси ҳамда саноат корхоналарига тегишли эмаслигини маълум қилди.

“Норак ГЭСда сув сатҳи пасайиб кетиши натижасида бир неча агрегат ишламаяпти. Шунинг учун белгиланган чеклов узоқ вақт сақланиб туриши кутилмоқда”,- деди у.

Бундан бир неча кун илгари Тожикистон президенти Имомали Раҳмон мамлакат энергетикларига мурожаатида Рамазон ойида электр қувватига чеклов белгиламасликни, чунки бу аҳоли учун қийинчиликлар туғдириши мумкинлигини таъкидлаган эди. Аммо нечанчи маротабадирки, давлат раҳбарининг ваъдаси ваъдалигича қолмоқда.

Бу йил электр энергиясига эрта чеклов белгилангани аҳолининг қиш учун ғамлаган ёқилғи захиралари эрта тугаб қолишига олиб келади.

“Барқи тожик” ширкати бош муҳандиси ўринбосари Рашид Гулов электр энергиясига лимит белгилаш эрта жорий этилгани катта миқдордаги экин майдонларининг қуриб қолишига ҳам олиб келишини таъкидлади.

“Кўпгина ҳудудларда кечки экин майдонлари электр насослар ёрдамида суғорилади. Одатда тунда суғориладиган экин майдонларига ўрнатилган насослар ишламай қолгандан сўнг аҳволни ўзингиз тушунаверинг”,- деди Рашид Гулов.

Тожикистон энергетикларининг таъкидлашича, Норак сув омборига секундига 900 куб метр сув оқиб киради ва шундан 860 куб метри электр ишлаб чиқариш учун сарфланади.

Сув омборидаги сув миқдори тобора камайиб бориши мамлакат раҳбариятини ташвишлантираётганини маълум қилган “Барқи тожик” ширкати раиси ўринбосари Ўғилой Хожаева “олдинда турган қиш тожикистонликлар учун ўтган йилгидан-да оғирроқ келиши кутилаётгани”ни билдирди.
XS
SM
MD
LG