Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 16:23

“Собиқ жосусга ишонса бўлади…ми”


Ўзбек махсус хизматларининг собиқ ходими Икром Ëқубовнинг душанба куни Лондон аэропортида “Каримов ўз халқини қирғин қилди”, дея баёнот бергани ҳақида илгари хабар қилинган эди.

И.Ëқубов Ўзбекистон президентини ўз халқини қирғин қилганликда айблаган, шунингдек, Ўзбекистон ҳудудида Маҳмуд Ҳудойбердиев бошчилигидаги ноқонуний жанговар гуруҳ Каримов режимини конституцияга зид воситалар билан ҳимоя қиляпти, деган айбловни ҳам илгари сурган эди.

Қоронғу хонада қора мушукни топиш қийин, агар бу мушук хона ичида йўқ бўлса, деган эди файласуф Конфуций.

Ўзбекистон каби ëпиқ жамиятда рост қайда, ëлғон қайда аниқлаш қийин.

“Ўзбекистоннинг янги тарихида биринчи бор МХХ зобити режимни танқид қилмоқда”,- дейди сиёсатунос Т.Йўлдошев.

Тошпўлат Йўлдошев Ўзбекистон МХХ ичида ҳам ўзгаришлар умиди билан яшаëтганлар борлигини айтади.

“Қўлимга ҳам қанақадир флэшка (маълумотлар сақланадиган кичкина нарса) бериб маълумотларни етказишга ҳаракат қилишган. Мен унинг кимлигини билмайман. Ўгирилманг, деб шундай чўнтагимга ташлашган ва кетишган. Агар қанақадир провакация бўладиган бўлса, мен флэшкани тишлаб синдириб ташлайман, деб оғзимга яқинроқ жойга ушлаб юрганман. Кўрганимда эса ҳақиқатан ичида қанақадир маълумот бўлган. Лекин мен “Кейинчалик келиши мумкин. Кейинчалик ушлаши мумкин”, деб қўрқиб¸ фойдаланиб туриб маълум бир қисмини йўқотиб юборганман. Ўзимга кераклисини олиб, қолганини йўқотиб юборганман. Шунинг учун мен ўйлайманки, МХХ ходимлари ичида виждонлилари ҳам бор экан. Икром Ëқубовнинг ўшалардан бўлиши эҳтимолдан холи эмас”,- деди Т.Йўлдошев.

Икром Ëқубовни яқиндан билган инсон ҳуқуқлари фаоли Суръат Икромов унинг Миллий хавфсизлик кенгашида ишлаганини айтар экан, унинг ўта муҳим ҳужжатларга дохил бўлганига шубҳа билдиради.

“Унинг гапларига 100 фоиз ишониш қийин. Негаки одам хафа бўлса¸ бир нарсани сал кенгроқ қилиб гапириб юбориши мумкин.Энди бу бола шу ерда яшаган¸ МХХда алоқаси бор¸ отаси ҳам¸ буваси ҳам МХХда ишлаган¸ ўша системани яхши билади. Қисман гаплари тўғри деб тушунаман”, - деди С.Икромов.

Икром Ëқубовнинг Ўзбекистон президентининг Маҳмуд Худойбердиев бошчилигидаги ноқонуний жангари гуруҳ дастагига суянгани ҳақидаги гаплар ҳақида айримлар илгари ҳам эшитган эди.

“Бу масалани бундан олдин биз ҳам гапирганмиз. Шундай экан бу Икром Ëқубовнинг оғзидан чиқаëтган янгилик эмас”,- деди С.Икромов.

Журналист Галима Бухорбоева таъкидича, Икром Ëқубов “Озодлик” радиоси орқали чиқиш қилганлигининг ўта муҳим бир жиҳати бор.

“Андижон воқеасидан уч йил ўтиб, биз биринчи бора воқеа талқинини МХХ ходимидан эшитмоқдамиз. Албатта, журналист ва инсон ҳуқуқ фаолларининг кузатишлари, кўрган-кечирганлари ҳақида ëзганлари муҳим, аммо қирғин ижрочиси бўлган идора ходимининг айтганлари муҳим. У тизим ичидан туриб воқеалар ҳақида айтади. Мен Икром Ëқубов айтган маълумотларга ишонаман”,- дейди Галима Бухорбоева.

Совет жосуслари ҳақидаги китоб муалллифи Владимир Толцнинг айтишича, жосусларга умуман ишонмаслик керак.

“Кечагача профессионал ëлғон гапириб келган одамнинг бирдан рост гапиришига шубҳа билдиришимиз мумкин. Аммо бошқа томондан, Каримов каби қонхўр бир режим бу жосусларни руҳий жиҳатдан чарчатиши ҳам табиий. Масалан, бошқа либерал давлатлардаги жосус ҳамкасбларининг ҳаëти уларникидан қулайдир. Бу томони ҳам бор. Нима бўлганда ҳам жосус Икром Ëқубовнинг «дил изҳори» Ўзбекистоннинг халқаро алоқалардаги ролига соя солади»,- деди В.Толц.

Икром Ëқубов илгари сурган айбловлардан бири Тоҳир Йўлдош ҳаракатлари билан боғлиқ.

Тошпўлат Йўлдошев бу маълумотга муносабат билдириб: «Бунга мен ишонаман. Чунки Тоҳир Йўлдошнинг дунëни ларзага келтирадиган баëнотлари айнан Каримовга керак бўлган пайтда чиқади. Айнан Ислом Каримов мамлакатда қама-қамаларни кўпайтирган пайтда, қатағонни кучайтирган пайтда чиқади. Мантиқий томондан ҳам Тоҳир Йўлдошнинг МХХ билан боғлиқлигига ишончим комил эди. Балки ўзи боғлиқ эмасдир, лекин ëн-атрофида уни молиялаштириб турган одамлар МХХ офицери бўлса керак, деган ўй очиқ-ойдин пайдо бўлди»,- дейди Т.Йўлдошев.
XS
SM
MD
LG