Линклар

“Эзгулик” сиёсий маҳбуслар озод этилишини сўраяпти

  • Барно Анвар

Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 17 йиллиги шаънига эълон қилинган амнистия муносабати билан “Эзгулик” жамияти мамлакат ҳуқуқ-тартибот идоралари номига чақириқ йўллади.

Бош прокуратура, Олий суд, Адлия вазирлиги, Миллий хавфсизлик хизмати ҳамда Ички ишлар вазирлиги номига йўлланган чақириқда Ўзбекистон қамоқхоналарида қолаётган 18 сиёсий маҳбус – ҳуқуқ фаоли, мухолифат вакили, ёзувчи ва журналистларнинг озод этилиши сўралган.

Одатан, мамлакат конституцияси куни муносабати билан эълон қилинадиган авфи умумий бу йил Мустақиллик байрами муносабати билан ҳам эълон қилинди ва мамлакат оммавий ахборот воситалари буни Ўзбекистонда суд-ҳуқуқ тизимининг инсопарварлигига далил сифатида тақдим қилмоқда.

Амнистия акти мазмунига кўра, ҳар галгидек, 18 ёшгача бўлган, 60 ёшдан ошган фуқаролар ва хориж фуқаролари илк бор жиноят содир этган бўлса озод қилиниши белгиланган. Бундан ташқари, 1 ва 2-гуруҳ ногиронлари, сил касалига чалинганлар, эҳтиётсизлик қилиб жиноят содир этганлар, енгил ва оғир бўлмаган жиноятларни илк бор содир этганлар озод этилади.

Шу билан бирга, амнистия актининг республика бўйлаб амалиётини назорат қилишга сенаторлар, депутатлар, Олий Мажлиснинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили жалб этилган. Хуллас, амнистия мазмуни ҳақиқатда ҳам инсонпарвар руҳда. Буни эътироф этар экан, “Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти раҳбари Васила Иноятова унинг амалиёти мутлақ бошқача эканини таъкидлайди.

“Авваламбор, бу қарор кўпчиликни хурсанд қилганини ва умид бағишлаганини айтиб ўтишим шарт. Чунки қамалган қариндош-уруғларини орқасидан ўртаниб куйиб юрганлар шояд бағримизга бугун шамол тегса, деб анча хурсанд бўлиб қолади. Лекин бу хурсандчилик кўпчиликка берилганми? Бу хурсандчиликдан кўпчилик баҳра олармикин? Биз шундай бир чақириқ қилардикки, ҳукуматнинг бу мурувватидан сиëсий эътиқодига кўра қамалганлар, ҳуқуқ ҳимоячилари ҳам бенасиб қолмаса”,- деди В.Иноятова.

Васила Иноятова ва бошқа у каби кўплаб ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари фаоллари, мухолифат вакиллари ҳукумат эълон қилаётган амнистия муттасил равишда сиёсий маҳбуслар, виждон тутқунларига нисбатан қўлланмаслигидан норозилик билдириб келади.

“Эзгулик” жамияти ҳисоб-китобига кўра, бундай маҳбуслар мамлакат қамоқхоналарида кўп. Аммо улар орасида жуда таниқли бўлган сиёсий маҳбуслар ўлароқ 18 кишининг номини келтирилади. Ҳар гал умумлашган рақамлар остида тилга олинадиган бу маҳбуслар номини бу гал бирма-бир эслатишни зарур, деб топдик.

1.Исроил Холдоров, “Эрк” партияси Андижон вилояти бўлими раиси.
2.Абдурасул Худойназаров, “Эзгулик” жамияти Ангрен шаҳри бўлими раиси.
3.Муҳаммадали Қорабоев, “Бирлик” партияси Наманган вилояти бўлими раиси.
4.Мамаражаб Назаров, “Эзгулик” жамияти Зарбдор тумани бўлими раиси.
5.Дилмурод Муҳиддинов, “Эзгулик” жамияти Марҳамат тумани бўлими раиси.
6.Аъзам Фармонов, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти фаоли.
7.Алишер Кароматов, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти фаоли.
8.Санжар Умаров, “Серқуëш Ўзбекистоним” коалицияси раҳбари.
9.Насим Исоқов, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти фаоли.
10.Мурод Жўраев, Ўзбекистон Олий кенгаши собиқ депутати.
11.Мамадали Маҳмудов, ëзувчи.
12.Ғайрат Михлибоев, журналист.
13.Ҳабибулло Оқпўлатов, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти фаоли.
14.Абдусаттор Ризаев, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти фаоли.
15.Аъзам Турғунов, “Мазлум” инсон ҳуқуқлари жамияти раҳбари.
16.Солижон Абдураҳмонов, Халқаро инсон ҳуқуқлари жамияти Қорақалпоғистон бўлими раиси, журналист.
17.Норбой Холжигитов, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти фаоли.
18.Юсуф Жумаев, халқ шоири.

Бу рўйхатдан номи жой олмаган сиёсий маҳбуслар талай экани айтилади. Ўзбекистон ичкариси ва ташқарисида туриб фаолият юритаётган инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотлар ҳисоб-китобига кўра, мамлакат қамоқхоналарида қолаётган виждон тутқунларининг умумий сони бугун бир неча мингдан ортади. Аммо бу борада аниқ маълумот йўқ, зеро, мамлакат ҳукумати Ўзбекистон қамоқхоналарини кўздан кечириш имконини чеклаган. Яқиндагина бу имконга эга бўлган Халқаро қизил хоч қўмитаси эса ҳали ўз кузатувлари ҳақида расмий баёнот бергани йўқ.

Васила Иноятова Ўзбекистон ҳукумати вақти-вақти билан эълон қилиб турадиган амнистия ижроси ҳам шу каби сир тутиладиган ахборотлардан бири эканини қайд этар экан, бу галги амнистия Умумжаҳон инсон ҳуқуқлари декларациясининг 60 йиллиги муносабати билан кутилмаганда қабул қилинган қарор бўлса керак, деб тахмин қилади. Бироқ шундай бўлса-да, дунёи умид ташкилот 18 кишилик сиёсий маҳбуслар рўйхатини яна ҳукумат қўлига тутқазди.

“Ҳар йили амнистия қарори чиқишидан олдин биз ана шундай рўйхатни ҳукумат идораларига топширамиз. Лекин бу йил 3 та одам қўшилди. Булар Аъзам Турғунов, Солижон Абдураҳмонов ва Юсуф Жумаев. Шунинг учун биз бошидаëқ сиëсий эътиқодига ва ҳуқуқ ҳимоячилик фаолияти учун қамалганларини айтган эдик. Ана шундай тадбир олдидан савдога қўйиб, уларни бартер йўли билан 5 тасини чиқариб, 15 тасини ўтказиш давлат ва ҳукумат органларига ўрганиш бўлиб қолди”,- деди В.Иноятова.

Озодлик: Сиз ҳар доим амнистия эълон қилинишидан олдин ëки амнистия эълон қилинган пайтда шундай рўйхат билан мурожаат қилардик, деяпсиз. Бу мурожаатларга бирор жавоб бўлганми?

В.Иноятова: Очиғини айтиш керак, бизнинг бундай мурожаатларга ҳеч қандай жавоб бўлмайди. Лекин ҳар йили 2-3 тадан ҳуқуқ ҳимоячиси, сиëсий эътиқодига кўра қамалган сафдошларимизнинг қамоқдан чиқиши бу мурожаатимизга жавоб.
XS
SM
MD
LG