Линклар

Шошилинч хабар
17 апрел 2024, Тошкент вақти: 02:39

Аёл депутатлар машваратга йиғилди


Душанбе шаҳрида “Парламентдаги аёл депутатларнинг жамият тараққиётидаги ўрни ва ҳиссаси” мавзуида халқаро анжуман иш бошлади. У Тожикистон Миллий мажлиси ташаббуси ва БМТ молиявий кўмагида ташкил этилди.

Тадбирда Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Афғонистон, Озарбойжон ва Тожикистон парламентлари аёл депутатлари қатнашмоқда. Ўзбекистондан эса вакил келгани йўқ.

Марказий Осиё парламентлари ҳаётида илк бор ташкил этилган тадбир қатнашчилари ҳозир мавжуд долзарб ижтимоий масалалар, яъни оналар ва болалар ўлими, меҳнат муҳожирлари билан боғлиқ муаммолар, кадрлар масаласи, қизларнинг олий маълумот олиши каби масалалар атрофида фикр алмашилишини билдирди.

Қирғизистон парламенти вакиласи Чўлпон Абдуллаева минтақа давлатлари аёлларининг муаммолари деярли бир–бирига ўхшаш эканини билдирар экан, бу муаммолар ҳал этилишида аёллар таъсири кучлироқ эканини таъкидлади.

“Менимча, аёллар жудда катта куч. Агар парламентда, ҳукуматда аёл қанча кўпроқ бўлса, ижтимоий муаммоларга шунчалик кўпроқ эътибор қаратилади ва бу муаммоларнинг аксарияти ўз ечимини топади. Чунки аёллар муаммоларни чуқурроқ ўрганади. Қирғизистон парламентидаги 90 депутатдан атиги 23 таси аёллар. Менимча, жамиятимизда мавжуд муаммоларни ҳал этиш учун бу миқдор етарли эмас. Олий ўқув юртига кирган қизларимизнинг ҳаммаси ҳам дипломлик бўла олмайди. Чунки сўнгги вақтларда қирғиз жамиятида “қиз ўғирлаш” анъанаси кескин ортмоқда. Қизларнинг олий маълумот олиши ва жамият, давлат сиёсатида фаолроқ бўлиши бугун биз, парламент вакилларининг кун тартибидаги асосий мавзулардан биридир”,- деди қирғизистонлик депутат.

Қозоғистон парламенти депутати Елена Тарасенко эса меҳнат муҳожирлиги муаммосига тўхталиб: “Қозоғистонга мавсумий ишларни бажариш учун Ўзбекистондан жуда кўп меҳнат муҳожири келади. Қозоғистон парламентида бу меҳнат муҳожирлари ҳуқуқларини ҳимоялаш масаласи бир неча бор кўтарилган эди. Аммо шунга қарамай, ўзбек меҳнат муҳожирлари кўпгина муаммолар билан юзма–юз келади. Бу билан мен Қозоғистонда муҳожирлар ҳуқуқларини ҳимояловчи қонунлар йўқ, демоқчи эмасман. Қонунлар бор, улар ишлаяпти. Аммо биз давр талаби асосидаги, янада кучли қонунлар ишлаб чиқишимиз лозим. Айнан ўша қонунлар асосида меҳнат муҳожирлари ҳуқуқлари ҳимояланиб, уларнинг меҳнат қилиши учун шароит яратилиши керак”,- деди Елена Тарасенко.

Афғонистон парламенти аъзоси Кубро Ҳумо эса афғонистонлик сиёсатчи аёлларнинг энг катта муаммоларидан бири хавфсизлик эканини билдирди.

“Афғонистон давлат идоралари ва хусусан, парламентда фаолият юритаётган афғон аёллари хавфсизлиги умуман таъминланмаган. Бугунги анжуманда қатнашишимизнинг бир мақсади ҳам шу масалани кўтариб, бизга дўст давлатлардан хавфсизлигимиз таъминланишида ўз ҳиссаларини қўшишни сўрашдир”,- деди Кубро Ҳумо.

Тадбир жорий ҳафта сўнггига қадар давом этади.
XS
SM
MD
LG