Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 16:34

КХШТ саммитида кўп масала ойдинлашиши кутиляпти


Шу кунларда Россия раҳбарияти Москванинг бугунги кун тартибида турган энг бирламчи масала — МДҲ аъзолари томонидан Грузия билан давом этаётган низода Россия позициясининг қувватланиши ҳамда Жанубий Осетия ва Абхазия мустақиллигининг тан олинишига эришишга астойдил уринмоқда.

Бунинг учун МДҲ раҳбариятининг ҳар бири билан алоҳида, ҳар бир давлатнинг ўзига хос нозик жиҳатларига қадар ҳисобга олинган аниқ сиёсат асосида мулоқот юритилмоқда ва бу мулоқотлар, асосан, минтақа давлатларининг энергетик манфаатлари устига қурилмоқда.

Россия раҳбарияти эса бир мунча қимматга тушаётган бундай мулоқотлар натижасини узоқ кутиб ўтирмоқчи ҳам эмас. Президент Димитрий Медведeв Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотига аъзо давлатлар 5 сентябрь куни Москвада ўтадиган саммитга Жанубий Осетия ва Абхазия мустақиллиги масаласида охирги хулосаси билан келишига умид билдирди.

1-2 сентябрь кунлари Ўзбекистонга сафар қилган Россия бош вазири Владимир Путин Москванинг расмий Тошкентдан ҳозирги муддаосини ҳеч бир истиҳоласиз, очиқ айтди ва шу билан бирга, Тошкентнинг қўшниларига ҳам етарли даражада ишора қилди:

“Ҳозир давлатларимиз ўртасидаги муносабатлар нафақат қоғозда, балки мазмунига кўра ҳам, ҳаёт тақозосига кўра ҳам стратегик характерга эга. Бу эса бугунги кун тартибимиздан ўрин олган ҳам сиёсий ва ҳам иқтисодий масалаларга бирдек дахлдордир”,- деди В.Путин президент Ислом Каримов билан учрашувлари чоғида.

В.Путин назарда тутган сиёсий масалалар эса, таҳлилчилар фикрича, бугун Москва кун тартибида турган энг бирламчи масала — собиқ иттифоқ ҳудудидаги давлатлар томонидан Грузия билан давом этаётган низода Россия позициясининг қувватланиши ҳамда Жанубий Осетия ва Абхазия мустақиллигининг тан олинишига эришишдир.

Аксар таҳлилчилар бунинг учун Москва МДҲ, КХШТ доирасидаги ҳамкор давлат раҳбарлари билан алоҳида, ҳар бирининг манфаатларини ҳисобга олган ҳолда аниқ сиёсат юритмоқда, деган фикрда. Бунга мисол қилиб эса, Россия президенти Димитрий Медведев 20 август куни Белорус президенти Александр Лукашенко билан ўтказган суҳбат тилга олинмоқда. Бунда Медведев Грузия масаласида Россия позициясининг қувватланиши эвазига Минскка сотиладиган газ нархини камайтириш ҳамда 2 миллиард долларлик узоқ муддатли кредитни ваъда қилди.

Кейин эса Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Душанбедаги саммитида қатнашган Медведев Тожикистон учун энг оғриқли бўлиб турган электр қуввати таъминоти масаласида гап очиб, бу борада ҳам ҳамкорликни кучайтириш, жумладан, 3 та ГЭС қуриб беришни ваъда қилди.

Сал кейин бош вазир Владимир Путин Марказий Осиё минтақасининг энг беқарор раҳбари саналган Ўзбекистон президенти Ислом Каримов билан музокаралар учун шахсан Тошкентга борди ва икки томон учун ҳам манфаатли бир талай ҳужжатларни имзолаб қайтди. Улар орасида Россиянинг Ўрта Осиёдаги энергетик манфаатлари жиловининг бир учини, ва ниҳоят, Каримов ҳукумати қўлига бериши мумкин, дея тахмин қилинаётган газ қувурини қуриш тўғрисидаги шартнома ҳам бор.

Шартномага кўра, бу Ўрта Осиё-Марказ газ қувури тармоғи доирасида Туркманистондан Ўзбекистон орқали Россияга уланадиган янги қувур бўлади. Маълумки, “Газпром” ширкати Марказий Осиёдан сотиб олаётган газнинг асосий қисмини Туркманистондан олади. Йилига тахминан 50 миллиард куб метр ҳажмда туркман гази оқадиган қувур жўмракларидан бирининг Ўзбекистон қўлига тегиши, бундан ташқари, Ўзбекистон газининг Европа нархларида сотиб олиниши кейинги вақтларда Каримов ҳукуматининг Россия билан газ мавзуидаги сўзлашувларида қадалиб турган муддаолардан бири эди.

Ўзбекистонлик таҳлилчи Фарҳод Толипов буни Ўзбекистон учун ҳам иқтисодий ва ҳам сиёсий жиҳатдан жуда манфаатли шартнома, деб баҳолайди.

“Ўзбекистон Туркманистон билан ҳам, Россия билан ҳам чигал ҳолатга тушиб қолай деган муносабатларни янада мустаҳкамлашга эришади. Агар қувурнинг потенциали кучли бўлса, демак унга Ўзбекистон ҳамкор бўлиб қўшилиши мумкин, деб тушунишимиз керак. Бу томондан ҳам Ўзбекистон қандайдир ҳам сиëсий, ҳам иқтисодий ричагларга таъсир ўтказиш кучига эришиши мумкин”,- дейди Фарҳод Толипов.

Айни вақтда “Газпром” ширкати ўзбек газини жаҳон стандартларига яқинлаштирган нархда тўлалигича сотиб олишга рози экани ҳақидаги якуний гапини ҳам айтди. Албатта, бу борадаги сўзлашувлар сўнгги 6 ойдан буён давом этиб келаётган эди, аммо якуний гапнинг бугун айтилиши ва унинг Тошкент раъйига мос тарзда айнан В.Путин ташрифи чоғида айтилиши ортида таҳлилчилар Москванинг ҳам ўзига яраша муддаосини кўрмоқда.

Бу муддаони эса Россия томони, афтидан, аниқ ифодалади. Куни-кеча Сочи шаҳрида Арманистон президенти Серж Саркисян билан ўтган учрашув чоғида президент Д.Медведев КХШТ аъзолари 5 сентябрь куни Москвада ўтадиган саммитга қадар Жанубий Осетиядаги воқеалар бўйича умумий позицияни шакллантириб улгуришига умид билдирди.

Ҳозир КХШТга Қирғизистон раҳбарлик қилмоқда. 5 сентябрь саммитида эса бу ваколат Арманистонга ўтади. Яъни расмий Москва яқинда Грузия томони Россиядан Арманистонга борадиган газ ҳажмини огоҳлантиришларсиз камайтириб қўйганидан норози Ереван раҳбарлари билан ҳам музокара қилиб улгурди.

Гарчи Ереван раҳбарияти ва умуман Марказий Осиё республикалари раҳбариятлари ҳам Россия ва Грузия ўртасидаги низо бобида муносабатини очиқ-ошкор билдирмаса-да, сўзсиз ифодаламоқда, деб ҳисоблайди москвалик таҳлилчи Санобар Шерматова.

Унинг фикрича, бу Москванинг собиқ иттифоқ ҳудудидаги ҳамкорлари билан бораётган маслаҳатлашувларида акс этмоқда.

“Афтидан, бу давлатлар ўртасида ҳозир маслаҳатлашувлар бормоқда. Аммо ҳамкор давлатларнинг Москвага нисбатан у ёки бу қарорни қабул қилиши эвазига аниқ нима таклиф қилинаётгани, менимча, номаълум. Чунки бу сўзлашувларда бош мавзу бўлиб турган газ масаласи Грузия билан можаролардан анча аввал бошланган мулоқотларнинг давомидир”,- деб ҳисоблайди Санобар Шерматова.

Унинг тахминича, 5 сентябрь куни Москвада ўтадиган саммитда бу маслаҳатлашувлар натижасини кўриш мумкин бўлади. Бу саммитда бош мавзу Жанубий Осетия ва Абхазиянинг мустақиллигини тан олиш масаласи бўлиши кутилмоқда. Хусусан, бу икки республикани собиқ иттифоқ ўлкаларини бирлаштириб турган ҳарбий иттифоққа аъзо қилиш масаласи ҳам кун тартибида борлиги айтилмоқда.

Санобар Шрематова бу саммитда айнан Жанубий Осетия ва Абхазия масаласида кутилмаган янгилик бўлиб қолиши мумкин, деб тахмин қилади.

“Кутилаётган энг радикал вариантлардан бири – аъзо давлатларнинг кутилмаганда, икки республика мустақиллигини тан олишидир. Аммо бу жуда радикал қадам бўлгани боис, эҳтимоли кам, деб ўйлайман. Иккинчиси эса бу икки ўлкани ташкилотга аъзо сифатида қабул қилиш. Бунда ҳам бу республикаларнинг мустақиллиги баралла айтилмаса-да, барибир тан олинган бўлади. Назаримда, шундай қарорнинг эҳтимоли катта”,- дейди Санобар Шерматова.

Россиялик журналистларнинг бу тўғридаги саволига жавоб берган КХШТ бош котиби Николай Бордюжа эса буни қарийб тасдиқлади.

“Мен ташкилотга аъзо давлатлар бу масалада қандай қарорга келишини ҳали билмайман, гарчи тахмин қилсам-да. Аммо шуни аниқ айтишим мумкинки, низодан кейин содир этилаётган ҳаракатлар, жумладан, Грузиянинг ҳаракатлари бу икки республикани шунчаки КХШТ доирасига туртмоқда”,- деди Николай Бордюжа.
XS
SM
MD
LG