Линклар

logo-print

Янги келишувдан умид катта


Москвадаги “Сова” инсон ҳуқуқлари ташкилоти тарқатган маълумотга кўра, марказий осиёлик меҳнат мигрантлари тақирбошларнинг асосий қурбонларига айланмоқда.

Бундан ташқари, уларнинг ҳуқуқлари милиция ва иш берувчилар томонидан ҳам бузилаётир. Айни пайтда Ўзбекистон ҳукумати Россия билан меҳнат мигрантлари ҳуқуқини ҳимоя қилиш борасидаги шартномани ҳам имзолагани хабар қилинди.

Newsuz.com сайти хабарига кўра, бу битим Россия Давлат думасига тасдиқлаш учун юборилган. Ҳуқуқ ҳимоячилари эса бу битим меҳнат мигрантлари ҳуқуқини ҳимоя қилиш мақсадида Ўзбекистон томонидан ташланган муҳим қадам эканини таъкидламоқда.

Битимда айтилишича, бундан буён Россия иш берувчиси ҳалок бўлган мигрантнинг жасади, мулки ва ойлик маошини ватанига жўнатиш мажбуриятини ҳам олади.

Москвада яшаётган ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячиси Баҳром Ҳамроев фикрича, бу ҳужжатнинг Дума томонидан тасдиқланиши ўзбек меҳнат мигрантлари ҳаётининг яхшиланишидан, уларнинг ҳуқуқлари ҳимоя қилинишидан дарак бермайди.

“Бу ҳужжат қабул қилинадию, кейин унутилади. Унинг қоидаларига амал қилинишини талаб этадиган одамнинг ўзи бўлмайди, чунки меҳнат мигрантлари бундай шартнома имзоланганидан ва ўз ҳуқуқлари борлигидан ҳам бехабар. Қолаверса, Россия ҳукуматининг қонунларини қабул қилиш ва ижро қилиш муаммоси ҳамма вақт бўлиб келган. Россияда чиқарилаëтган қонунлар Ўзбекистон қонунларидан ëмонмас, лекин Россияда урфга айланиб қолган қонунлар вақти келганда ишлатилади, керак бўлмаганда шундоқ ташлаб қўйилади”,- деди Баҳром Ҳамроев.

Россиядаги меҳнат муҳожирлари ҳуқуқини ҳимоя қилиш дастури раҳбари Елена Буртина эса Россия ва Ўзбекистон ҳукуматлари томонидан эришилган битимни долзарб, деб баҳолади. Бу битим Думада тасдиқлангач, ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари ҳуқуқининг ҳимоя қилиниши жараёнини енгиллаштиради.

“Муҳожирларнинг муаммоларини икки гуруҳга ажратиш мумкин. Биринчиси, иш берувчилар томонидан уларнинг ҳуқуқлари бузилиши. Иш берувчилар, асосан, муҳожирларни алдайди. Уларни ишлатиб¸ ҳақини бермай ҳайдаб чиқаради. Иккинчи муаммо эса муҳожирлар ва Россия ҳуқуқ-тартибот идоралари ўртасидаги муаммодир. Кўпинча меҳнат муҳожирлари уларнинг қўшимча даромад манбаи бўлиб хизмат қилади”,- дейди Елена Буртина.

Унинг таъкидича, Тошкент ва Москва имзолаган битимда мана шу муаммонинг биринчи қисми - ўзбекистонлик меҳнат мухожирининг россиялик иш берувчи билан муносабатларида юзага келиши мумкин бўлган муаммолар қисман бўлса-да ҳал этилган. Муҳожирнинг ҳуқуқ-тартибот тузилмалари билан юзага келадиган муаммолари эса назардан четда қолган.

“Марказий осиёлик муҳожирлар ташқи кўринишидан ажралиб туради ва шунинг учун ҳам милиция ҳамда миграция хизмати ходимлари диққатини кўпроқ тортади. Бундан ташқари, минтақадан келган муҳожирларнинг асосий қисми рус тилини мутлақо билмайди ёки бу тилда ёмон гапиради. Натижада улар ўз ҳуқуқлари бузилаётгани тўғрисида хеч кимга шикоят қила олмайди. Ҳуқуқ-тартибот тузилмаларининг нопок ходимлари эса бундан ўз чўнтакларини тўлдириш мақсадида фойдаланади”,- деди Елена Буртина.
XS
SM
MD
LG