Линклар

Жорж Буш Жон Маккейн номзодини қўллади

  • Ҳасанжон

Республикачилар партиясининг Миннесота штатининг Сейнт-Пол шаҳрида ўтаётган қурултойи партиядан АҚШ президентлигига номзодни расман тасдиқлаши кутилмоқда.

Номзоднинг ким бўлиши ҳам аниқ. Бу сенатор Жон Маккейндир. АҚШ президенти Жорж Буш қурултой қатнашчиларига мурожаатида Маккейнни мустақил ва жасур америкалик, деб мақтади.

Жорж Буш Демократик партиянинг президентликка номзоди Барак Обамага нисбатан сенатор Жон Маккейннинг устунлиги у катта тажрибага эга экани, айниқса, хавфсизлик соҳасида бой тажрибага эга эканини алоҳида тилга олди.

У ноябрда ўтадиган президент сайловмда Жон Маккейн Республикачилар партияси номзоди бўлиши ҳақидаги таклифни қўллаб-қувватлашини, чунки у АҚШни қандай ҳимоя қилишни яхши билишини таъкидлади.

“Биз таҳликали дунёда яшаяпмиз. Бизга 2001 йил 11 сентябрь воқеаларидан сабоқ олган президент керак. Американи ҳимоя қилиш учун, бизга қарши ҳужум уюштирилишини пойлаб ўтирмаслигимиз, балки ҳужумни тўхтатиб қолиш учун ҳужумкор бўлишимиз керак. Бу вазифани Жон Маккейн бажара олади”, – дея баёнот берди АҚШ раҳбари.

Жорж Буш Вашингтондан сунъий йўлдош орқали қурултой қатнашчиларига мурожаат қилди. Сайловолди тадбирида президентнинг йўлдош орқали ўз партиядошларига мурожаат қилиши ғайриоддий ҳол экани айтилмоқда. Бироқ АҚШ президентининг рафиқаси Лора Буш турмуш ўртоғи “Густав” довулидан азият чеккан Нью-Орлеан аҳолисига тезда ёрдам кўрсатиш масалаларини муҳокама қилиш учун Вашингтонда қолишга мажбур бўлганини айтди.

Таҳлилчилар Жон Маккейн халқ орасида нуфузи пасайиб кетган президент Бушнинг изидан бормаётганини кўрсатиш ва республикачиларнинг консерватив қадриятларини олдинга суришини исботлаши анча қийин бўлади, деган фикрда.

Республикачилар партияси қурултойида аввал демократик партия аъзоси бўлган, ҳозирда мустақил сиёсатчи бўлган сенатор Жон Либерман чиқиш қилди.

Либерман Маккейннинг шахсий хислатларини мақтади ва демократларни сайловда Маккейн учун овоз беришга чақирди.

Республикачилар партияси қурултойида вице президентликка номзод қилиб кўрсатилган Аляска штати ҳокими Сара Палин хонимнинг нутқ сўзлаши режалаштирилган. Турмушга чиқмаган 17 яшар қизи ҳомиладор бўлгани ва Аляска штатида Палиннинг ахлоқи юзасидан текширув ўтказилаётгани тортишувларга сабаб бўлмоқда.

АҚШ қонунига кўра, агар мамлакат президенти ишга лаёқатсиз бўлиб қолса, унинг вазифасини вице президент бажариши керак бўлади. Аммо Сара Палиннинг малака ва тажрибасизлиги ҳам мубохасалар мавзуси бўлмоқда. Палин ташқи сиёсатда тажрибага эга эмас. У икки йилдан кам вақтдан бери штат ҳокими лавозимида ишлаб келмоқда. Ундан аввал Сара Палин шаҳар ҳокими лавозимида ишлаган.
XS
SM
MD
LG