Линклар

Германия мудофаа вазири Тошкентда

  • Ҳасанжон

Германия федерал мудофаа вазири Франц-Йозеф Юнг Тошкентда ўзбекистонлик ҳамкасби Руслан Мирзаев билан ўзаро ҳамкорлик ва минтақа хавфсизлиги масалаларини муҳокама қилди.

Германия Мудофаа вазирлиги матбуот вакили Таутгес Клаус икки томонлама алоқалар ва Афғонистондаги вазият Германия ва Ўзбекистон мудофаа вазирлари мулоқоти чоғида асосий масала бўлганини билидирди.

“Германия мудофаа вазири Франц-Йозеф Юнг ўзбекистонлик ҳамкасби Руслан Мирзаев билан учрашувда икки мамлакат ўртасидаги алоқалар ва Афғонистонда юзага келган ҳозирги вазият масалаларини муҳокама қилди. Жаноб Юнг Мирзаевни Ўзбекистон Мустақиллигининг 17 йиллиги билан табриклади ва Ўзбекистон мудофаа вазирини жорий йил охирида Берлинга ташриф буюришга таклиф қилди”, – деди Т.Клаус.

Учрашувда Ўзбекистон ва Германия ўртасида ҳарбий соҳадаги алоқаларни янада ривожлантириш, минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлаш, ўзаро тажриба ва ахборот алмашишни фаоллаштиришга оид масалалар юзасидан фикр алмашилди.

Германия ҳарбийлари кўп йиллардан бери Ўзбекистон жанубида жойлашган Термиз базасида фаолият юритиб келмоқда. Афғонистонда толиблар ва “Ал-Қоида” жангариларига қарши амалиётлар ўтказаётган НАТО ва АҚШ етакчилигидаги коалиция кучларига зарурий ускуналарни етказиб бериш ишлари айнан Термиз орқали амалга оширилмоқда. Таутгес Клаус Термиз Германия ҳарбийлари учун катта аҳамиятга эга эканини таъкидлади.

“Термиз – Афғонистонда ўз миссиясини бажараётган Германия ҳарбийларига зарурий ускуналар ва бошқа юкларни етказишда муҳим аҳамиятга эга. Шу боис, Ўзбекистон ва Германия ўртасида самарали ҳамкорликни давом эттириш жуда муҳимдир”, – деди Т.Клаус.

Жорий йил апрелида НАТО ва Россия Афғонистондаги халқаро коалиция кучларига Россия ҳудуди орқали ҳарбий бўлмаган юкларни ташиш тўғрисида келишув имзоланган эди. Россия кучлари Грузияга бостириб кирганига жавобан НАТО Россия билан муносабатларни қайта кўриб чиқиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди.

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров бу НАТОнинг Афғонистондаги фаолиятига салбий таъсир этиши мумкинлигини айтди.

Агар Россия НАТО билан эришилган келишувни бекор қилса, бу Термиз ва Афғонистондаги Германия ҳарбийларига таъсир этиши мумкинми, деган саволга Таутгес Клаус: “Менимча, бу масала кейинроқ муҳокама қилинади. Мен учрашувда бевосита иштирок этганим йўқ. Шу боис, бу ҳақда аниқ гап айта олмайман. Бироқ Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги дўстона ва сермаҳсул алоқалар ўзаро ҳамкорликнинг давом этишини таъминлайди”, – деди.

2005 йилги Андижон воқеаларидан кейин Ўзбекистон ҳукумати АҚШ ҳарбийларини Хонобод базасидан чиқариб юборган эди. Шундан бери Афғонистондаги халқаро кучларга зарурий учкуналар етказиб бериш фақат Термиз орқали амалга оширилмоқда.

Германия ва Ўзбекистон ўртасида ечими топилмаётган муаммолар борми, деган саволга Германия Мудофаа вазирлиги расмийси: “Мен бундай муаммолар бор, деб ўйламайман. Чунки музокаралар жуда яхши ва дўстона руҳба бўлиб ўтди. Мен бу ҳақда маълумотга эга эмасман”, – дея жавоб берди.
XS
SM
MD
LG