Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:31

Икром Ёқубовнинг гаплари форумларни жонлантирди


Ўзбекистон махсус хизматлари собиқ ходими Икром Ёқубовнинг “Озодлик” билан суҳбати бир қанча сайтларда босилиб чиққанидан сўнг Интернет форумлар ва блогларда кенг муҳокама мавзусига айланди.

Сайтлар форумларида Икром Ёқубовнинг “Озодлик”ка берган суҳбати юзасидан фикр-мулоҳазаларни уч гуруҳга ажратиш мумкин. Биринчи гуруҳ - Икром Ёқубов берган маълумотларни тасдиқловчилар, иккинчи гуруҳ - бу маълумотларда янгилик йўқ, ҳаммаси маълум гаплар, деб ҳисобловчилар, учинчи гуруҳ - бу маълумотларнинг барчаси Ўзбекистон ҳукуматига қилинган туҳмат, Икром Ёқубов эса давлат хоини, деб фикрловчилардир.

Биз форумларда билдирилган минглаб фикрлар орасидан иккита мавзу юзасидан айтилган мулоҳазаларни танлаб олдик.

Икром Ёқубов Андижон воқеалари тўғрисида гапириб: “Андижонда президент буйруғига кўра халққа қарши ўқ отилганда ҳукумат тасдиқлаганидай 187 киши ўлди, дегани ëлғон. Ўлганларнинг сони 1500дан ошиқ. Бу факт. Айнан Андижон амалиëтида иштирок этган битта МХХ зобити: “Ўликларни ташиб тугата олмай қолдик”, деб айтганини ўзим эшитганман. Андижондаги халқни отган армия бу Маҳмуд Худойбердиев бошчилигидаги армия эди”,- деганди

Форумларда бу маълумот юзасидан айтилган фикр-мулоҳазалар иштирокчиларнинг ёзув услуби тўлалигича сақланган ҳолда ва таҳрирсиз берилмоқда.

“22.9999” тахаллусли форумчи ёзади:

“Мани ўгай отам Равшан СНБда ишлайди. У Андижонда ярадорларни добит қилганини онамга гапириб бервотти. Ман қотиб қолдим. Так что бу гаплар 100 просент рост”.

“Ҳазратқул Худойбердиев” тахаллусли форумчи фикри:

“Бугунги кунда Ўзбекистон халқи учун энг катта хавф - бу Каримов-Худойбердиев-Иноятов бошқараётган жиноий гуруҳдир. Икром Ёқубов ўз гаплари билан мен ва бошқа кўплаб мухолифатчилар айтган фикрларни тасдиқлади. Биз ҳамиша Андижон қирғинида Ислом Каримовнинг шахсан қўли борлигини таъкидлаган эдик. Айни пайтда биз биламизки, Маҳмуд Худойбердиев ва унинг Ислом Каримов томонидан таъминланган 5000 кишилик тиш-тирноғигача қуролланган гуруҳи диктаторнинг энг ишонган кучидир”.

“Ўзбекойим” исмли форумчи эса бу гапларга қўшилмайди:

“Худога шукурки, Ўзбекистонда ҳаммаси жойида. Президент ҳам, ҳукумат ҳам ақли жойида, халқ учун ишлаб ётибди. Бунақа Сарбадорга ўхшаган провокаторлар (“Сарбадор” Икром Ёқубовнинг Интернет учун ёзилган мақолаларига қўйилган тахаллус) доим бўлади. Улар ватан хоини сифатида қувғин бўлган бир тўда ярамаслар”.

Ўзини “VIP” деб атаган форумчи гаплари:

“Интервью умумий гаплардан иборат, бирорта ҳам сир йўқ бу гапларда. Бу гаплари учун йигитни Ўзбекистонда фақат жиннихонага ётқизишлари мумкин”.

Айни пайтда Икром Ёқубовдан айтилган маълумотлар учун исбот¸ далил ва ёки ишонарли ҳужжатлар талаб қилаётган форумчилар ҳам бор. Улардан бири “Ҳушёр” мана бундай фикр билдирган:

“Ҳаммаси тўғри, аввал ҳам такрор-такрор айтилган фикрларнинг навбатдаги тасдиғи. Аммо фош этиш қуруқ даъволар билан бўлмайди. Профессионал сифатида у киши бу томонини ҳам ўйлаб қўйгандир? Яъни эътироз қилиб бўлмайдиган расмий ва махфий ҳужжатлар дегандек. Акс ҳолда бу сенсациянинг умри узоққа бормайди, қатъий далилларсиз у билан гаплашадиган бирор жиддий ташкилот топилмайди, деб қўрқамиз”.
XS
SM
MD
LG