Линклар

Милиционерлар енгил жазо олди

  • Садриддин Ашур

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги ҳарбийлаштирилган ЖАР спорт соғломлаштириш мактаб-интернати курсантини қийноқларга солиб, ўзини осишгача олиб борган икки милиция ўқитувчи зобити устидан суд ҳукми чиқди.

Ҳукмга кўра, милиция ходимларига енгил жазолар берилди. Лекин жабрланувчи яқинлари ва ҳимоячилари ҳукмнинг юмшоқ чиқарилганидан ва бир қанча суд-процессуал қоидалари бузилганлигидан шикоят қилмоқда.

“Икки зобит интернат курсанти Анвар Ирисбоевга нисбатан қийноқлар қўллагани суд мажлисида ўз тасдиғини топди,- дейди жабрланувчи ишончли вакили Ўзбекистонда қийноқларнинг олдини олиш ва қийноқларга қарши тезкор гуруҳи аъзоси Николай Кунгуров,- Отабек Турдибеков маст ҳолатда келиб, Анварни доим ҳақорат қилар, юзларига сигарет чўғини босар, уйга кетганда пул олиб келишни талаб қилар эди. Бу қийноқлар тинимсиз давом этиб, болани ўз жонига қасд қилишгача олиб келди. Анвар икки қаватли кроватнинг иккинчи қаватига қайиш билан ўзини осди. Ҳушидан кетган болани курсдош ўртоқлари бўшатиб олди ва бахтли тасодиф туфайли у омон қолди”.

Унинг айтишича, бу мактаб-интернатда курсантларнинг зобитлар томонидан калтакланиши ва қийноқларга солиш ҳолатлари кўп содир бўлган. Зеро, курсант Анвар Ирисбоев зобит Жасур Рўзматов томонидан бир неча бор шафқатсиз калтакланган ва ҳатто оғир жароҳатдан сўнг унга жарроҳлик қилишга ҳам тўғри келган. Анвардан илгари ҳам икки талаба қийноқларга чидолмай, ўз хоҳиши билан ўқишдан бош тортган.

Суд ҳам тугади, ҳукм ҳам чиқарилди.

Николай Кунгуровнинг айтишича, жазолар ўта енгил. Зобит Жасур Рўзматов мансаб ваколатини ошириш моддаси билан айбдор топилди ва шу заҳотиёқ унга амнистия қўлланилиб, жазодан озод этилди. Иккинчи зобит Отабек Турдибеков ҳам шу моддага қўшимча, яъни унга боғлиқ одамни ўз жонига суиқасд қилишгача олиб келиш ва таъмагирлик билан ҳам айбланди. Суд уни тўрт йил муддатга озодликдан маҳрум этди. Лекин унга ҳам амнистия қўлланилиб, жазо муддати учдан бирига қисқартирилди. Отабек Турдибеков бу жазони қачон ўтайди, ҳали номаълум. Чунки унинг ўзи қидирувда, қамоққа олингани йўқ, яъни амнистия унга нотўғри қўлланилган.

“Суднинг ҳукми мени қониқтирмайди. Чунки амнистия Турдибековга нисбатан нотўғри қўлланган. Унга қўлланган амнистия ҳақидаги фармон 2007 йилнинг 1 декабрида чиққан эди. Лекин бу пайтда Турдибеков ҳали айбланувчи ҳам, гумондор ҳам эмасди. Бундай одамларга амнистия қўлланилмайди”,- деди Н.Кунгуров.

Иккинчидан, дейди Кунгуров, мен судга бир неча бор тақдимнома бериб, Турдибековни қамоққа олишни сўраган эдим. Лекин суд буни инобатга олмади, натижа эса мана у қочиб кетди.

“Судда бундан бошқа ҳам бир қанча қонунбузарликлар бўлди. Суд ишни айбланувчиларга ён босган ҳолда бир томонлама кўрди. Айбланувчилар қариндошлари суд мажлисида гувоҳларга очиқдан-очиқ таҳдид қилди, суд эса буларни инобатга олмади ҳам”,- дейди Николай Кунгуров.

Адвокат суд ҳукмидан норози бўлиб юқори суд идораларига мурожаат қилишини айтди.

Унинг фикрича, курсант талабаларга нисбатан бунча қийноқлар қўлланилишини билган ва унга йўл қўйган мактаб-интернат раҳбарияти ҳам жавобгарликка тортилиши лозим.
XS
SM
MD
LG