Линклар

logo-print

Чейни Украинанинг НАТОга қўшилишини қўллайди

  • Ҳасанжон

АҚШ вице президенти Кавказ минтақасига сафари доирасида Украинага келди. Дик Чейни Украинанинг НАТОга аъзо бўлиш йўлидаги уринишини АҚШ қўллаб-қувватлашини билдирди.

Россия ва Грузия ўртасида бўҳрон юзага келганидан сўнг АҚШ ўз иттифоқчилари билан бирдам эканини намойиш қилиш мақсадида вице президент Дик Чейни дастлаб Грузия ва Озарбойжонга ташриф буюрди. Тбилисида қилган чиқишида Дик Чейни АҚШ Грузиянинг НАТОга аъзо бўлиш йўлидаги уринишини қўллаб-қувватлашини айтди. Иттифоқчи давлатларга сафарининг сўнгги босқичи ўлароқ, 5 сентябрь куни у Киевга келди.








Дик Чейнининг Киевга ташрифи Украинада сиёсий бўҳрон юз берган пайтга тўғри келди. 3 сентябрь куни президент Виктор Юшченко бош вазир мухолифат сафига ўтганидан кейин коалиция ҳукумати парчаланиб кетганини эълон қилган эди.

5 сентябрь куни эрталаб Дик Чейни Украинада ўзаро курашаётган сиёсий раҳбарлар билан айри-айри музокара ўтказди.

АҚШ вице президенти биринчи бўлиб Украина бош вазири Юлия Тимошенко, кейин президент Виктор Юшченко билан учрашди. Грузия президенти Михаил Саакашвили сингари В.Юшченко ҳам Украинанинг НАТОга аъзо бўлиши учун саъй-ҳаракат қилиб келмоқда. Россия эса бунга қарши.

20 йил олдин Украинага сафар қилганидан бери мамлакатда катта ўзгаришлар бўлганини айтган Дик Чейни Вашингтон ва Киев ўртасидаги алоқаларни “жуда муҳим”, деб атади.

Ўз навбатида, В.Юшченко кўп масалаларда, жумладан, Россиянинг Грузияга бостириб киргани хусусидаги АҚШ ва Украина бир хил қарашда эканини таъкидлади.

Дик Чейни Киевда музокара ўтказаётган пайтда Россия АҚШ вице президенти аввалроқ Тбилисида берган баёнотига жавоб қайтараётган эди.

4 сентябрь куни Дик Чейни Вашингтон Грузияга бир миллиард доллар ҳажмида ёрдам беришни ваъда қилганини айтиб, АҚШ Грузиянинг НАТОга аъзо бўлиш йўлидаги уринишини қўллаб-қувватлашини таъкидлаган эди.

Бунга муносабат билдирган Россия Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Андрей Нестеренко бу ёрдам Грузиянинг “агрессив ниятларини” рағбатлантиришини даъво қилди.

“Вашингтон, иқтибос келтираман, “ёш мардона демократияни” ҳар томонлама қўллаб-қувватлашини яна бир бор эълон қилди. Бундай баёнотлар, шунингдек, Тбилисининг НАТОга тез фурсатда аъзо бўлиши ҳақидаги гаплар фақат жаноб Саакашвили режимининг жазосиз қолиш ҳақидаги хатарли ўйинини мустаҳкамлайди ва унинг амбицияларини рағбатлантиради, холос”, – деди Россия ТИВ вакили.

Дик Чейнининг ташрифи Қора денгизда ҳарбий вазият таранглашган пайтга ҳам тўғри келди.

Ўрта ер денгизидаги АҚШ ҳарбий флотига қарашли кема ўтган ой содир бўлган уруш ҳаракатларидан бери Россия қўшинлари назорат қилаётган Грузиянинг Поти портига етиб келди. “Mount Whitney” номли ушбу кема Грузияга ёрдам юкларини олиб келган. Бироқ Россия мураккаб жанговар кема ёрдам юклари ташиш учун мўлжалланмаганини айтиб танқид қилди.

“Mount Whitney” командири Жон Мур кемада қурол-аслаҳалар келтирилмаганини, Грузияга фақат гуманитар мақсадларда ишлатиладиган юклар олиб келинганини билдирди.

Россия бош вазири Владимир Путин Қора денгизда НАТО кемалари кўпаяётганига жавобан Россия чора кўриши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди.

Дик Чений Киевдан Италияга жўнаб кетишидан олдин 1930 йилларда юз берган очарчиликда ҳалок бўлганлар хотираси учун бунёд этилган ёдгорликни бориб кўриши режалаштирилган.
XS
SM
MD
LG