Линклар

logo-print

Ўзбекистон Қатарни ютишдан умидвор

  • Ҳасанжон

Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси делегацияси 2010 йилги жаҳон чемпионати 4-саралаш босқичи ўйинларида қатнашиш учун 5 сентябрь куни Тошкентдан чартер рейси билан Қатар пойтахти Доҳага жўнаб кетди.

Ўзбекистон футбол федерацияси матбуот хизмати ходими Фахриддин Низомов Ўзбекистон ва Қатар миллий терма жамоалари ўртасидаги учрашув 2010 йилги жаҳон чемпионати 4-саралаш босқичининг биринчи ўйини бўлгани учун муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади.

“Ўзбекистон терма жамоаси 6 сентябрь куни биринчи учрашувини Қатарда ўтказади. Бу ўйин федерациямиз терма жамоамиз учун ҳар томонлама муҳим. Агар шу ўйинда ижобий натижа билан қайтадиган бўлсак, 10 сентябрь куни Тошкентда Австралия билан бўладиган ўйинда ҳам ўйинчилар яхши кайфиятда яхши натижани қайд этиши мумкин”,- деди Ф.Низомов.

Унинг айтишича, Ўзбекистон миллий терма жамоаси Қатарга 21 футболчи билан жўнаб кетган. Барча футболчилар жуда яхши жисмоний ҳолатда.

“Мутахассисларнинг ҳам, мухлисларни ҳам таъкидлашича, Ўзбекистон терма жамоаси ҳеч қачон бу сафаргидай кучли жамоа ҳосил қилмаган. Бу сафар Ўзбекистон терма жамоаси чиндан ҳам кучли таркибга эга. Ҳамма легионерлар ўз вақтида етиб келди. Шунинг учун таркиб борасида терма жамоамиз ҳар доимгидан ҳам яхши имкониятга эга. Тўғри гуруҳимизда Австралия ва Япония каби кучли жамоалар бор. Лекин уларни ўрганиб, улар билан ҳам бемалол ўйнаш мумкин, деган хулосага келишди. Умуман олганда, йигитлар ҳам буни яхши тушуниб турибди. Бу кўпгина футболчиларимиз учун жаҳон чемпионатига чиқишда терма жамоамиздаги охирги имконият. Умуман олганда жаҳон чемпионатига чиқиш терма жамоамизнинг азалий орзуси. Бу нарсани футболчиларнинг ўзи ҳам яхши билади ва улар керакли тайëргарликни кўрди”,- деди Фахриддин Низомов.

Ўзбекистонлик таниқли спорт журналисти Ҳайдар Акбаров ҳам Ўзбекистон терма жамоаси футболчиларининг Қатар жамоаси устидан ғалаба қозониш истаги жуда кучли эканини билдирди.

“Интилиш ниҳоятда кучли. Араб футболига келадиган бўлсак, унинг ўзига хос жиҳатлари бор. Фақат ҳакамлар одиллиги ва футболчиларнинг майдонда ўзларини футболчига хос тутишига ҳам кўп нарса боғлиқ. Осиë ўйинларига қайтадиган бўлсак, ҳакамларнинг маҳаллий футболчиларга ниҳоятда ëн босганини кўрдик. Бизнинг футболчиларимиз руҳларини синдиришганини кўрдик. Иншооллоҳ, мана шундай нарсалар такрорланмайди. Бу спорт. Майдонда кучли одам ютади. Ўзбекистон футболининг Қатар футболидан ҳеч қандай кам жойи йўқ. Қатар футболчиларини кўрдик. Ватанпарварлиги ниҳоятда кучли. Майдонда ўз мухлисларини қувонтириш учун жон-жаҳдлари билан ҳаракат қилишлари аниқ. Лекин ўйлайманки, бизнинг футболчиларимиз фақат ғалаба учун кетди ва ушбу ғалаба қўлга киритилади”,- деди Ҳ.Акбаров.

Футболчиларни кузатиш учун Тошкент аэропортига Ўзбекистон футбол федерацияси ходимлари, кўплаб муҳлислар ва мутахассислар чиқди. Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийси Рауф Инилеев сафар олдидан ўзбекистонлик футболчилар Қатардаги ўйиндан фақат ижобий натижани қўлга киритиб, Ватанга қайтиш ниятида эканини маълум қилди.

ЎФФ матбуот хизмати ходими Фахриддин Низомов миллий терма жамоа аъзолари муҳим вазифани муваффақиятли бажариши кераклигини яхши билишини таъкидлади.

“Бу ерда нафақат федерация ва мухлислар, бутун республика терма жамоага кўз тикиб турибди. Бу терма жамоамизнинг кўп йиллик орзуси. Жаҳон чемпионатига чиққандан кейин кўп нарсалар ижобий томонга ўзгаришини ҳамма билади. Авваламбор, республикамизнинг шарафи турибди. Буни футболчиларимиз яхши ҳис қилиб турибди. Эртага қайси клубдан ташриф буюрганидан қатъи назар, агар булар бир ëқадан бош чиқариб, бирлаша олса, албатта, кўзланган мақсадга эришилади. Бу борада йигитларимизга бошидан охиригача бор имкониятларини ишга солиб ўйнашни тилаб қолардик”,- Фахриддин Низомов.

Осиёнинг “А” гуруҳи беш миллий терма жамоа, яъни Австралия, Баҳрайн, Ўзбекистон, Қатар ва Япония миллий терма жамоаларидан таркиб топган. Шанба куни “А” гуруҳида Ўзбекистон ва Қатардан ташқари Баҳрайн ва Япония футболчилари яшил майдонда куч синашади.

Футбол бўйича 2010-йилги Жаҳон чемпионатининг 4-саралаш босқичи 6 сентябрь куни Қатарда бошланиб келаси йилнинг 17 июнида тугайди. Ушбу саралаш жараёнида Ўзбекистон миллий терма жамоаси саккизта учрашув ўтказади.
XS
SM
MD
LG