Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:58

КХШТ аъзолари Россиянинг айтганига кўнадими?


5 сентябрь куни Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарлари саммити ниҳоясига етди. Ёпиқ эшиклар ортида ўтган йиғилишда, хабарларга кўра, КХШТга аъзо давлатлар ўртасида ҳарбий ҳамкорлик асосий масала бўлди.

Шунингдек, йиғилишда Россиянинг Грузия билан ҳарбий можароси ва исёнчи ўлкалар мақомига оид масалаларнинг ҳам муҳокама этилгани айтилмоқда.

Куни-кеча Москвада учрашган КХШТга аъзо давлатлар ташқи ишлар вазирлари Россиянинг Грузиядаги ҳаракатларини қўллаб-қувватлаган, бироқ исёнчи ўлкалар мустақиллигини тан олмаган эди.

Таҳлилчиларнинг айтишича, КХШТга аъзо давлатлар раҳбарлари саммитидан ҳам худди шундай натижани кутиш мумкин.

Бироқ Москвадаги МДҲНи ўрганиш институти раҳбари Константин Затулин расмий Кремль бундан кўра юқорироқ бўлган натижаларни кутаётганини таъкидлади.

“Шубҳасиз, Россия бу мамлакатлар раҳбарлари олий даражадаги Россия раҳбарлари лутфидан Кремлнинг позициясини, жумладан, уни Жанубий Осетия ва Абхазия мустақиллигини тан олишга ундаган сабаблар ҳақида билишини истайди. Россия КХШТ давлатлари ўзини қўллаб-қувватлашидан манфаатдордир. Айни пайтда биз бу йўналишда кимгадир босим кўрсатмоқчи ва ҳамкорлигимиз масаласини ҳам қайта кўриб чиқмоқчи эмасмиз”,- деди Константин Затулин.

Айни пайтда Россия тарафи ўз ҳамкорларига Жанубий Осетия ва Абхазия мустақиллигини тан олиш борасида босим кўрсатади, деган фикрлар ҳам мавжуд. 28 августда Душанбеда ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитида ҳам Россия бунга ҳаракат қилган, аммо Хитой позициясининг ўзгачалиги туфайли сезиларли натижага эришмаган эди. Хитой Россиянинг Грузия ҳукуматини “геноцид”да ва “агрессорлик”да айблаш таклифини қўлламади ва натижада ШҲТ саммитининг якуний баёнотида Россия позициясига умумий ҳамда ноаниқ баҳо берилди. Шундан келиб чиққан ҳолда, Россия бу йўналишдаги ҳаракатларини давом эттиради, деб ҳисоблайди тошкентлик сиёсатшунос Фарҳод Толипов.

Унинг айтишича, минтақа давлатлари учун Грузия масаласи мустақиллик имтиҳони бўлиб хизмат қилади.

“Масалан, Москва ҳақиқатдан ҳам саммитда ўзининг Кавказорти минтақасида қилган ҳаракатларини тўла қўллаб-қувватланишини истайди ва шунга эришишга ҳаракат қилади. Бунга бизда ҳеч қандай шак-шубҳа йўқ. Россиянинг ташқи сиëсати шундай тус олди. Бу бутун МДҲ ва Ўзбекистон учун жиддий синов бўлди. Қандай синов? Айнан мустақилликнинг синови. 17 йил ичида бу давлатлар ҳақиқатан ҳам қанчалар мустақилликка эришиб, ўзининг мустақил позициясини билдира олади ва ўз позициясидан келиб чиққан ҳолда ҳаракат қила олади. Ўйлашимча, бунгача бўлган ҳаракатлар, баëнотлар бирор МДҲ давлатининг қатъий, мустақил позицияси шаклланмаганидан далолат бериб турибди. Бундан хулоса шуки, булар ҳали ҳақиқатан ҳам қаддини ростлаб олган, том маънодаги мустақил позицияга эга бўлган ва ўз мустақиллигини таъминлаган давлатлар мақомига эришгани йўқ”,- деди Ф.Толипов.

Россиядаги нуфузли нашрларнинг билдиришича, исëнчи ўлкалар мустақиллигини тан олдириш вақт масаласи, холос.

Ф.Толипов фикрича, Россиянинг ташқи сиëсатида қаттиққўллик устувор бўлиб чиқяпти ва бошқа демократик кучлар, либерал оқимлар пассив ҳолатда ожиз бўлиб қолди. Шу ҳолат агар ҳақиқат бўлса, унда ростдан ҳам Россиянинг босими ва таъсири сезиларли бўлиши муқаррар. Шунинг учун ҳам буни зиддиятли, парадоксал ҳолат, деб тушуниш керак.
XS
SM
MD
LG