Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:07

Амнистия фақат танланганларгами?


http://tbn0.google.com/images?q=tbn:i9JEfkAFz1xB9M:http://naviny.by/media/2007.10/Turma.jpg Ўзбекистон Мустақиллигининг 17 йиллиги муносабати билан мамлакат Олий Мажлиси Сенати амнистия тўғрисида қарор қабул қилди. Қарорга кўра, жазо муддатини ўтаётган аёллар, вояга етмаганлар, кекса эркаклар ҳамда чет эл фуқаролари озодликка чиқарилади

Аммо айримлар борки, улар деярли ҳар йили эълон қилинадиган амнистияларга тушмай келмоқда. Бундайлар сони ўн мингларни ташкил этади, деди куни-кеча Вашингтонга келган ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячилари.

Яқинлари диний эътиқодига кўра, узоқ вақтдан бери ўзбек қамоқхоналарида сақланаëтган Дилбар опанинг айтишича, улар ҳеч қачон амнистияга тушмайди.

“Мусулмонлар умуман амнистияга тушмайди. Кофирлар, наркоманлар, ўғрилар,одам ўлдирганлар тушаверади. Ҳеч кимга озор бермайдиганлар зиндонда моғорлаб ëтаверади. Конституцияга фақат шу керак. Бошқа нима дея оламан. Жазони ижро этиш бош бошқармасига айтдингиз нима, айтмадингиз нима. Улар ҳам қўғирчоқ. Халқ ҳеч нарса қила олмайди. Айниқса, биз, эзилган мусулмонлар ҳеч нарса қила олмаяпмиз. Ҳаммаси бефойда. Нимадир деб чиқсак отиб ташлашади”,- дейди Дилбар опа.

Дилбар опанинг яқинлари амнистиядан мосуво қолган минглаб маҳбуслардан бири.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси, қамоқдаги аҳволни ичидан биладиган Мўътабар Тожибоева эътиқод маҳбусларини амнистияга туширмаслик учун қилинадиган махсус тадбирлар ҳақида гапирди.

“Сенат қарори чиқишидан бир ҳафта олдин Ўзбекистон қамоқхоналарида террор ҳаракатлари ўтказилади. 1-2 кун мобайнида террор ҳаракати ўтказилиб, амнистия қарори билан жазодан озод қилинмаслиги керак бўлган, юқоридан келган рўйхатдаги маҳбус ва маҳбусаларга шу икки кун ичида қоидабузарлик ҳужжатлаштирилади”,- деди М.Тожибоева.

Мўътабар Тожибоева айтаëтган ҳолатни Ўзбекистон Бош прокуратураси мулозими Музаффар Мирсолиҳов ҳам билади, шекилли, Ўзбекистон телеканали орқали амнистия пайтида қонунбузарликларга йўл қўймаслик ҳақида гапирди.

“Қонунбузарликларнинг олдини олиш, уларга йўл қўймаслик масалаларини ҳал қилиш учун тегишли идоралар ходимларидан ташкил топган ишчи гуруҳлар тузулади. Улар ўша жойларда амнистия тўғрисидаги қарорнинг маҳкумларга монеликсиз аниқ ва бир хилда қўлланишини таъминлаш, бу жараëнда қонунбузарликлар олдини олиш масаласида масъул ҳисобланади”,- деди М.Мирсолиҳов.

Бу гапларни телевизор орқали эшитган Мўътабар Тожибоева Ўзбекистонда гап билан ишнинг орасидаги масофа узайганидан нолийди.

“Энг ачинарлиси шундаки, амнистия қарори ўқиб эшиттирилганда: “Бу инсонпарварлик сиëсати.Халқаро ҳуқуқ нормаларига асосланиб туриб биз шундай қарорга келдик”, деб қанча тарғиб қилинади. Қора рўйхатда бўлган маҳбус ва маҳбусаларга бу қарор умуман ишлатилмайди”,- дейди М.Тожибоева.

Инсон ҳуқуқлари фаоли Суръат Икромов сўзларига кўра, амнистияга тушмайдиган маҳбуслар сони ўн мингга яқин.

“Қамалган 8 мингдан кўп ҳужжат бор. Лекин битта нарсаси борки, кимлардир 10.000-12.000 деган бўлса, бунда ҳам ҳақиқат бор”,- деди С.Икромов.

Унинг билдиришича, ўн минглаб эътиқод маҳбуслари ўзлари кўрган- билганларини тупроққа олиб кетиши учун режим қўлидан келганини қилмоқда.

“Юзлаб кишилар қамоқхонада ўлдирилмоқда. Бу ўзбек халқига нисбатан геноциддир”,- деди С.Икромов.

Айни пайтда ўзбекистонлик мулозим Суннат Наимов Ўз ТВ орқали амнистиянинг олижаноблик намунаси эканини айтмоқда.

“Аëллар, 18 ëшга тўлмасдан жиноят содир этган шахслар, 60 ëшдан ошган эркаклар ва бундан ташқари, чет эл фуқаролари жазодан озод қилинади”,- деди мулозим.


Сунат Наимов айтиб ўтган рўйхатда Дилбар опанинг яқинларига ўхшаган эътиқод маҳбуслари йўқ.
XS
SM
MD
LG