Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 20:34

Покистонда янги президент сайланди


6 сентябрь куни Покистонда муддатдан аввал ўтказилган президент сайловида суиқасд қурбони бўлган собиқ бош вазир Беназир Бҳуттонинг турмуш ўртоғи, Покистон халқ партияси етакчиси Осиф Али Зардорий ғолиб чиқди.

52 ёшли Зардорий парламентда ишончсизлик овози берилишидан қутулиб қолиш учун ўтган ойда истеъфога чиққан президент Парвез Мушаррафнин ўрнини эгаллайди.

Осиф Али Зардорий Покистон парламентининг икки палатаси ҳамда тўртта вилоят парламентидаги жаъми 702 та овоздан 482 тасини олишга муваффақ бўлди.

Сайлов натижасини Покистон Марказий сайлов комиссияси раиси Қози Муҳаммад Фаруқ эълон қилди.

“(Марказий парламентда) жами 436 та овоз берилди. Овозларни санаш натижасига кўра, ўнта овоз ноқонуний, 426 та овоз қонуний, деб топилди. Осиф Али Зардорий бу овозлардан 281 тасини олишга муваффақ бўлди. Саидуззамон Сиддиқ 111 та овоз олди. Мушахиш Ҳусайн Сайид эса 34 та овоз олди”, – деди Покистон Марказий сайлов комиссияси раиси.

Сайлов натижаларига кўра, Зардорий Покистоннинг аҳоли энг кўп яшайдиган Пунжоб вилоятида президентликка номзодлар ичида энг кам, атиги 22 та овоз олган. Мазкур вилоят парламентида 65 та овоз берилган.
Собиқ бош вазир Беназир Бҳутто ўтган йил декабрда суиқасд қурбони бўлгунига қадар чет элларда унинг турмуш ўртоғи Зардорийни ҳеч ким танимас эди. Зардорий коррупция, фитна, қотиллик содир этишга уринганлик ва бошқа айбловлар билан 11 йил қамоқ жазосини ўтаган. Бҳутто ҳокимият тепасида бўлган даврда унинг молиявий фирибгарликларга алоқадор бўлганини иддао қилган мухолифат унга “Жаноб ўн фоиз”, деб лақаб ҳам қўйган. Бироқ Зардорийга қўйилган айблар суд томонидан ҳеч қачон тасдиқланмаган. Зардорийнинг тарафдорлари эса унга қўйилган айбловлар сиёсий асосга эга эканини таъкидлаган.

Сайловдан кейин мухбирлар билан биринчи марта учрашган Покистоннинг янги президенти Осиф Али Зардорий мамлакатда ўзгаришлар қилишга ваъда берди.

“Биз сиёсий тизимда ўзгаришлар қилиш учун ҳокимият тепасига келдик”, – дея баёнот берди у.

Лондонда чоп этиладиган газета муҳаррири, Покистон бўйича таҳлилчи Шоҳид Саъдулла “Озодлик”ка берган интервьюсида Зардорий Покистондаги терроризм билан боғлиқ муаммони ҳал қилиш ўзининг дастлабки вазифаси эканини яхши билишини айтди.

“Жон бошига даромад салкам минг долларни ташкил этган камбағал давлатда ҳамма нарса муаммо. Тоза ичимлик сув таъминоти муаммо. Бошланғия таълим бериш муаммо. Шу боис, муаммолар кўп. Менимча, янги президентнинг дастлабки вазифаси терроризм ва экстремизм билан боғлиқ муаммоларга ечим топиш, сўнгра иқтисодий вазиятни ўнглаш учун чоралар кўришдан иборат”, – деди Шоҳид Саъдулла.

Покистоннинг Шимоли-ғарбий чегара вилояти маркази Пешавор шаҳридаги парламент биносида мамлакат янги президентини сайлаш учун овоз берилаётган бир пайтда шаҳар ташқарисида худкуш ҳужум уюштирди. Оқибатда 13 одам нобуд бўлди.

Таҳлилчилар фикрича, мазкур ҳужум янги президент Осиф Али Зардорий олдида ҳал қилиниши керак бўлган жиддий муаммолар борлигидан дарак беради.
XS
SM
MD
LG