Линклар

Икром Ёқубов: “Айтганларим Каримовга қарши шахсий исёним, шахсий курашим”

  • Абдулла Искандар

Икром Ëқубов Озодлик мухбирлари билан бевосита суҳбат чоғида. Август¸ 2008.

Икром Ëқубов Озодлик мухбирлари билан бевосита суҳбат чоғида. Август¸ 2008.

“Қурултой” дастуримизнинг бу галги мавзуси Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматининг собиқ зобити Икром Ëқубовнинг Ўзбекистонни тарк этиб, Буюк Британиядан бошпана сўрагани ҳамда ўзбек режимини танқид қилганига бағишланади.

Бугунги эшиттиришимиз Лондон-Прага-Бишкек кўприги остида ўтмоқда. Бишкекдаги студиямизга бир гуруҳ ўзбекистонлик сиëсатшунослар йиғилган. Бугунги эшиттиришимизда мустақил сиëсатшунос Тошпўлат Йўлдошев, инсон ҳуқуқлари фаоллари Ëдгор Турлибеков ва Тўрабек Сано ҳамда Ўзбекистон МХХ собиқ зобити Икром Ëқубов иштирок этади.

Душанба куни Лондон аэропортида интервью берган МХХнинг собиқ зобити Икром Ëқубов ўзбек режимини танқид қилди ва бир қанча жиддий айбловларни илгари сурди. Аммо шубҳалар ҳам бор. Мақола эълон қилинганидан бир ҳафта ўтиб, ponauz.info, arbuz.com каби турли хил сайтларнинг изоҳ қолдириладиган қисми ëки форумларида турли фикрлар янграй бошлади. Гапирди, лекин далил, ҳужжат кўрсатмади, деган иддаолар ҳам бўлди. Ҳурматли иштирокчилар, сизларда ҳам шундай саволлар пайдо бўлдими?

Тошпўлат Йўлдошев: Албатта, Икромжонга берадиган саволларимиз бор.

Озодлик: Демак, унда саволларимизни қуйидаги тартибда бошласак. Икромжон, сизда айтган гапларингизга далил, ҳужжат, фото, видео, аудиоëзувлар борми? Яъни гапдан нарига ўта оласизми?

Икром Ëқубов: Биринчидан, мен қанақадир машҳурликни истаб ëки қайсидир бир давлатдан сиëсий бошпана олиш учун бутун оиламни шундай хавф-хатарга қўйиб, баëнот бермайман. Бунда мантиқ йўқ. Иккинчидан, мен Интернетда Абдуллоҳ Сарбадор номи остида “Каримовнинг қулоқлари”, деган мақола чоп этган эдим. Ана ўшанда фотодалиллар келтирганман. Албатта, мен айтган гапимга жавоб бераман. Агар лозим бўлса, мен уларни қизиқтирадиган фотосуратларни, қўл қўйилган ҳужжатларни тақдим этаман. Фақат менга бироз вақт керак. Албатта, тақдим этаман. Чунки мен қанақа жиддий айбловлар илгари сураëтганимни жуда ҳам яхши биламан ва буни мен онгли равишда гапиряпман.

Озодлик: Энди кўпчиликдан 27 ëшда қандай қилиб майор бўлиш мумкин, деган савол тушяпти. Тошпўлат ака, шу савол сизларда ҳам пайдо бўлмадими?

Тошпўлат Йўлдошев: Йўқ, менда бунақа савол пайдо бўлмади. Чунки Ўзбекистон шароитини яхши биламан. Давлат тузилмасида, Ташқи ишлар вазирлигида, собиқ СССР даврида элчихоналарда ишлаганман. Совет даврида бунчалик катта лавозимларга тезда кўтарилиш қийин бўларди. Лекин Ўзбекистон шароитида кўпроқ раҳбарларнинг хоҳишига боғлиқ бўлади. Кўпроқ ўзларига маъқул келадиганларни, буйруқларни индамасдан сўзсиз бажарадиганларни тепага кўтаришади. Ëш йигитларнинг омади келган пайтда бирон каттароқ иш қилган бўлса, катта амалиëтларни амалга оширган бўлса, тезда кўтарилиши мумкин. Бу жиҳатдан менда ҳеч қанақа шубҳа пайдо бўлгани йўқ.

Озодлик: Аrbuz.com сайтида кўпчилик одамлар: “Бу ëлғон гап. Ҳаммаси чўпчак. 27 ёшли одам майор бўлиши мумкин эмас”, деган изоҳлар қолдирибди. Икром Ëқубов, сўз сизга, марҳамат.

Икром Ëқубов: Тушундим. Биринчидан, айтмоқчиманки, мен 15 ëшимда университет талабаси бўлганман. Буни менинг шахсиятим билан шунчалик қаттиқ қизиқаëтганлар ЎзМУ (собиқ ТошДУ)нинг архивига мурожаат қилиши мумкин. 19 ëшимда тугатганман. Иккинчидан, мен яна бир жиҳатга эътибор беришларини сўрайман, мен биринчи курсда 15,5 ëшимдаëқ бу ишга жалб этилган эдим. Учинчидан, мен жуда катта бир лавозимда ишладим, деган фикрни илгари сураëтганим йўқ. Мен ўртача лавозимда ишладим, деяпман. Тўртинчидан, айтган гапларим ростлигини бироз вақтдан кейин исботлаб бераман. Боя таъкидлаганимдай, ҳужжат ва фотосуратларни тақдим этаман. Кейин менинг қайси давлатда яшаганлигимга эътибор беришсин. Каримов шунақа одамки, у ўз ҳокимиятини мустаҳкамлаш учун барча воситани ишга солади. Шунинг учун ҳам у 19 йилдан бери ҳокимият тепасида ўтирибди. Турли хил фикрлар бўлишини мен табиий қабул қиламан. Лекин ...

Озодлик: Энди 27 ёшли йигитнинг Каримов столига ҳисобот олиб бориш даражасига етишига шубҳа билдиришяпти. Сиз бевосита Каримовнинг хонасига кириб, ҳужжатлар тақдим қилгансиз.

Икром Ëқубов: Энди тўхтанг. Эътибор беринг бунга. Ўртада бир шахс бўлади. Бу Миллий хавфсизлик кенгаши аппарати котиби ҳисобланади. Ўша орқали президент столига ҳужжатлар киритилади. Сизнинг радиода ҳам шу нарсага эътибор беришингизни сўрайман.

Озодлик: Демак, бу киши сиз бўлгансиз.

Икром Ëқубов: Йўқ, мен Миллий хавфсизлик кенгаши котиби бўлганман, демаяпман. Албатта, мен ҳам бошқа ходимлар қатори шу ëзилган нарсаларни Миллий хавфсизлик кенгаши котибига тақдим этганман ва у орқали бу ҳужжатлар президент столига етиб борган.

Тўрабек Сано: Менда ҳам ўзимни қизиқтирган саволлар бор. Икром ака, сиз вақт ўтиши билан ўзимнинг гапларимни исботлайдиган далилларни келтираман, деяпсиз. Сиз Тоҳир Йўлдошнинг Ислом Каримов билан ҳамкорлик қилганини исботлай оладиган далилларга эгамисиз?

Икром Ëқубов: Албатта, мен бунга нафақат ишонаман, мен бунга аминман. Мен Тоҳир Йўлдошнинг Ислом Каримовга ишлашига ишонаман. Бу нарса кўпчиликка ғалати туюлиши мумкин. Мен Тоҳир Йўлдош Ислом Каримов билан ҳамкорлик қилади, деган фикрга аллақачон келиб бўлганман. Агар айтадиган бўлсак, бу мавзуда ҳам жуда гап кўп. Мен Жума Намангоний ўлган, деган маълумотнигина кўрганман. Жума Намангонийни америкаликлар эмас, балки кучайиб кетишидан хавотирга тушган Тоҳир Йўлдошнинг ўзи портлатиб ўлдириб юборди, деган тахминий маълумотномани кўрган эдим. Бу тахминий маълумотнома Каримовга ëзилган эди. ДСП, яъни “Для служебной ползование”, деган шифр остида келган эди.

Озодлик: Айни пайтда Ўзбекистон исломий ҳаракатининг (ЎИҲ) матбуот котиби Абдуфаттоҳ Аҳмадий “Озодлик” телефон қилиб, Икром Ëқубовнинг айтганларини “туҳмат”, деб таъкидлади.

Абдуфаттоҳ Аҳмадий: “Озодлик” радиосида чиқиш қилган Ëқубов деган кимса ЎИҲ ва унинг амири Муҳаммад Форуқ Тоҳир биродаримизга нисбатан айтган гапларини биз пайғамбарларга айтилган туҳматлардан бири, деб биламиз. Бу гапларнинг бизнинг олдимизда эътибори йўқ. Биз бу чиқишни ЎИҲнинг зиддига хос уюштирилган чиқиш сифатида биламиз, холос.

Ëдгор Турлибеков: Шу ўринда бир фикримни айтиб ўтсам дейман. МХХнинг бўлимларида ишлаш жуда оғир. Мен буни биттасини олиб келиб, МХХ биноси олдида қайтадан рўйхатдан ўтказганимда ҳам англаганман. Икромжон Ëқубовни турли ëқдан тиқиштириб, бўлар-бўлмас саволларни бериб, уни ўзимиздан безор қилишни хоҳламайман. Оддийгина МХХ ходимининг ўзи ростдан ҳам айтиб берадиган бўлса, бизлар учун жуда катта сирлар бўлиши мумкин. Каримовни қўли ҳамма ерга етади. Мана, Исмат Хушевлар чиқиб борди. Шўринг қурғур ўзбек халқим, ундай, бундай, деб ҳар хил гапларни айтиб, сувга тушган тошга ўхшаб жим бўлиб кетди. Ана шундай бўлмаслиги учун, келинг, бугун Икромжондан кўпроқ нарса билиб олайлик.

Озодлик: Биз эшиттиришдан олдин Ўзбекистон МХХ матбуот хизмати котиби Олимжон Тўрақуловга телефон қилдик. Биз у кишидан Икром Ëқубов айтаëтган гаплар борасида фикрини сўрадик. Ҳозир шуни биргаликда эшитсак.

Олимжон Тўрақулов: Уни ëзган нарсаларини ўқиб кўрсангиз, ҳеч ақлга сиғмайдиган нарсалар. Жинни одамнинг ëзган бўҳтонлари. У ерда билдирилган нарсалар ичида фикр билдиришга арзийдиган далил ҳам, мантиққа тўғри келадиган нарсалар ҳам йўқ.

Озодлик: Икромжон эшитган бўлсангиз, сиз ишлаган жой, сизнинг тилингиз билан айтганда “контора”нинг матбуот котиби, сизнинг гапларингизни “ëлғон, бўҳтон”, деди. Сиз қандай муносабат билдирасиз?

Икром Ëқубов: Менинг у кишига айтадиган гапим йўқ. Лекин инкор қилиш ҳам табиий ҳолат. Буни ҳам табиий қабул қилиш керак. Энди у нима, бу тўғри гапни гапиряпти, деб тасдиқлаши керакми? Мен ҳозир Ўзбекистон ҳукуматидан, Ўзбекистон МХХсидан: “Бизда бунақа одам умуман бўлмаган”, деган иддаони илгари суришини кутиб ўтирибман. Бу фикрларни илгари суришдан олдин улар яхшилаб ўйлаб кўради. Чунки у ерда ҳам ақлли одамлар бор. Мени нималаргадир асосланаëтганимни, қўлимда ҳужжатлар бўлишини улар жуда яхши билади. Шунинг учун эътибор берсангиз, бирон ҳукумат мени очиқчасига ëлғончиликда айблаëтгани йўқ. Фақат бўяб кўрсатяпти, ошириб юборяпти, деган фикрларни илгари суряпти. Бундай дейиша ҳам олмайди. Улар менинг табиатимни ҳам жуда яхши билади.

Озодлик: Биз бу эшиттиришни тайëрлашдан олдин Икром Ëқубовни билган одамлар билан ҳам суҳбатлашдик. Шулардан бири Суръат Икромов.

Суръат Икромов: Энди давлат сирларини билиши мумкин. Энг чуқур сирларини билмаса керак, деб ўйлайман. Гапларига 100 фоиз ишониш қийин. Негаки, одам хафа бўлса, бир нарсани сал кенгроқ қилиб гапириб юбориши мумкин. Энди бу бола шу ерда яшаган, МХХда алоқаси бор, отаси ҳам, буваси ҳам МХХда ишлаган, ўша тизимни яхши билади. Шунинг учун қисман гаплари тўғри, деб тушунаман.

Икром Ëқубов: Мен ҳар қандай фикрни ҳурмат қиламан. Суръат ака нима деб гапирса, бу ўзининг фикри. Суръат ака мени яхши биламан, деган фикрни илгари суряпти. Суръат ака мени ҳуқуқ ҳимоячиси бўлиб, у билан бирга ишлаган вақтимда яхши билган. Лекин Суръат ака шу нарсани билмайдики, аввал Интернетда чиққан мақолалар ижодкори балки мендирман.

Озодлик: Мабодо Усмон Ҳақназаров сиз эмасми?

Икром Ëқубов: Мен иложи бўлса, бу ҳақда гаплашишни хоҳламайман. Чунки бу масала чуқурлашиб кетиши мумкин. Суръат акани ҳурмат қиламан, лекин у кишига битта илтимосим бор эди. Бир ўйлаб кўрсинлар: “Шу пайтгача Интернетда чиқиб келаëтган энг ëпиқ маълумотларни ижодкори ҳам мен бўлишим мумкин-ку? Шу жиҳатларни ўйлаб кўришни тавсия қилардим Суръат акага.

Озодлик: Икром Ëқубов: “Интернетда чиқадиган сирли маълумотларни муаллифи балки мендирман”, деган ғалати бир иддаони билдирди. Бунга сизларнинг муносабатингиз қандай?

Тошпўлат Йўлдошев: Икромжоннинг қилаëтган ишлари каттагина журъат ва жасорат талаб қилади, деб биламан. Мана турли мамлакатларда истеъфога чиққан ҳар хил унвондаги ўзбек ҳарбийлари бор. Лекин радиолар билан боғланиб, интервью берадиган ëки бўлмаса бошқа ном билан Интернетда мақола ëзадиган бирортаси бўлмади. Бу жиҳатдан Икром ҳаммага дарс бергандай бўлди. Икромжонга бир саволим бор. Ислом Каримов ҳукумат тепасига келгандан бошлаб ўз амалдорларига мамлакатни бўғиб, худди Чингизхоннинг аскарларидай ўз мамлакатини талашга буйруқ бериб қўйган. Ким унга қаршилик кўрсатадиган бўлса, репрессия борми, қийноқлар борми, ҳаммасини бошига жаҳаннамни тўнкалагандай тўнкалайди. Сиз, Икромжон, махсус хизматларнинг табиатини биласиз. Шунингдек, Ислом Каримовнинг қанчалик қасоскор, қанчалик ўч оладиган одам эканини биласиз. Шуларни била туриб, очиқ гапиришга қандай қилиб журъат этдингиз?

Икром Ëқубов: Агар Каримовни шахсидан, табиатидан келиб чиқиладиган бўлса, мени Ўзбекистонда ҳаммага маълум бўлган бир жазо кутиши мумкин. Бир амаллаб Каримовнинг машҳур қамоқхонасига олиб кириш ва қайтиб чиқармаслик. Бу интервьюдан кейин менга қўйиладиган айблар бир қатор бўлади. Шулардан баъзилари давлатга хиëнат, президентни ҳақорат қилиш, бундан ташқари, аминманки, 159 ва шунга ўхшаган бошқа моддаларни ҳам ëпиштиришади. Ишлаш фаолиятимда айблар қандай ясалишини ўзим кўрганман. Бир нарсани яна алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиман. Бу интервью чиққандан кейин оила аъзоларимга тазйиқ бўлишини жуда ҳам яхши биламан, лекин мен, аввало, ўзимни нафақат ота-онамнинг, балки ўзбек халқининг фарзанди, деб ҳисоблайман. Шунинг учун қариндош-уруғларимнинг ҳаëти учун таҳдидли бўлган баëнотни беришга қарор қилдим.

Озодлик: Ўзбекистон МХХнинг ичида сизга ўхшаган кучлар яна борми?

Икром Ëқубов: Бундай куч бор. Юқори ҳарбий унвонга эга мансабдорлар бор.

Озодлик: 1999 йилги 16 февраль воқеалари тўғрисида Зайниддин Асқаровни гапиртириш ғояси кимдан чиққан? Зайниддин Асқаров бирданига ББС, “Озодлик” радиоларига баëнот бериб кўпгина карталарни очиб ташлади.
Бу нарса эсингиздами?

Икром Ëқубов: Зайниддин Асқаровнинг ББС ва “Озодлик”ка берган интервьюсини билган эдик. Мен бир гапни айтиб ўтмоқчиман. Бундан хулоса чиқариш сизларга ва бу суҳбатни эшитганларга ҳавола. Эмишки, МХХ ходими жуда катта жиноятларда айбланаëтган шахсни Ўзбекистонни танқид қилиб ëтган хорижий матбуот вакиллари олдида ëлғиз қолдириб, ўзи сигарет чеккани чиқиб кетган эмиш. Мен шуни айтмоқчиман. Шуни бир яхшилаб ўйлаб кўриш керак.

Озодлик: Ҳозир ўша суҳбатни эсласак. Ўша МХХ ходими Зайниддин Асқаровни ББС, “Озодлик” радиоси журналистлари ва мустақил журналистлар билан ëлғиз ташлаб, сигарет чеккани чиқиб кетганда, у дунëга мана буларни айтган эди:

Зайниддин Асқаров: Ўзимиз Ўзбекистон халқи олдида гуноҳкормизки, 16 февралда баъзи бир нарсаларга алданиб қолиб, бу золим диктатор, кофирлар ваъдасига алданиб қолиб роль ўйнаб, мусулмонларнинг обрўсига путур етказганимиз учун бутун Ўзбекистон халқидан биз кечирим сўраймиз. Муҳаммад Солиҳнинг, мен бу гапимни қасам ичиб айтаман, террор ва террорчиларга ҳеч қандай алоқаси йўқ. Умуман алоқаси йўқ. Мен демократ эмасман. У одамни ëмон кўриш, яхши кўриш мақсадим ҳам йўқ. Бу бизнинг сиëсий кўрлигимиз, ишонувчанлигимиз, Зокир Алматовнинг ëлғон ваъдаларига ишонганлигимизнинг натижаси, холос. Бу гапдан кейин бизни отиб юборса биз шаҳид бўлиб кетаверамиз, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қиладиган ташкилотлар ҳимоя қилса, яхши тураверамиз. Лекин биров ҳимоя қилиш ëки қилмаслиги бизни бу гапни айтишимизни тўсиб қўймайди.

Озодлик: Зайниддин Асқаровга минбар берилиши, Икром Ëқубовнинг ишорат қилишича, МХХ ичидаги жасоратли одамларнинг битта ҳаракати бўлган. Тошпўлат аканинг мана шундай ҳаракатингизга нима сабаб бўлди, деган саволи жавобсиз қолди.

Икром Ëқубов: Мен бир даъват қилмоқчи эмасман. Мен Ўзебкистондаги ҳуқуқ-тартибот идораларига айнан шу нарсани айтмоқчиман: “Сизлар эътиқод қўйиб, яна бир бор айтаман, эътиқод қўйиб ишлаëтган одамнинг куни битишига оз қолди. Ҳали ҳам кеч эмас. Кўзларингизни очинг. У билан бирга тубсиз жарликка йиқилишингиз мумкин”.

Тошпўлат Йўлдошев: Мен бу нарсага қўшимча қилмоқчиман. Интернетда бир нечта мақола чиқарганман. Радиода чиқишимни ҳам МХХ ходимлари эшитади, шекилли, баъзи пайтда мен умуман танимайдиган одамлар олдимга келиб: “Тошпўлат ака, шундоқ туринг. Виждонимиз қийналиб кетган. Баракалла”, деган гапларни айтган. Буларнинг ҳарбийлигини билиб туриб, кўзбўямачилик қиляптими , иккиюзламачилик қиляптими, деган фикрларга бораман. Икромжон айтгандай ҳали ҳам кеч эмас. Бу жиноятдан қайтинглар. Дунëдаги энг катта жиноятчининг кўрсатмаларини, буйруғини бажарманглар. Кейинчалик ўзларингни жабрга қўйманглар. Мен бу гапларга минг марта қўшиламан. Одамларни қийнаб, хотин-қизларни қийнаб, уларнинг қонини ичиб ўтирган одамлар эртани ўйламаяпти ахир. Ўшалар ҳам ўзбек халқининг фарзанди. Икромжоннинг қилган ишини биринчи қадам бўлди, дейлик. Бошқа сиëсий қочқинликни талаб қилганларнинг бирортаси ғиринг демасдан юрибди. Балки ичимизга кириб олгандир. Балки сохта одамдир.

Озодлик: Ўзбек менталитетида ëки собиқ совет халқлари менталитетида бировнинг сирини сотган одамни маъқуллашмайди. Мана бир қатор сайтларда Икромжонни сотқин, хоин, деб изоҳ қолдирганлар кўп. Сиз бунга қандай қарайсиз?

Икром Ëқубов: Бунақа нарсани табиий қабул қиламан, лекин мен 27 миллионга яқин халқим қанақа қилиб қийналаëтганини кўриб турибман. Аслида нима бўлаëтганини кимдир айтиши керак. Мен фақат ўзимнинг тинч, осуда, бахтли ҳаëтимни ўйлаган одам бўлганимда эди, бунақа баëнотларни бермаган бўлар эдим. Мен ўша баëнотларни берганим учун ҳам улардан фарқлиман. Шунинг учун ҳам мен Икром Ëқубовман. Мен халқим қанақа қийинчиликда яшаëтганини кўриб, уни ҳазм қила олмадим. Аëлларимиз деярли фоҳиша бўлиб бўлди, эркакларимиз эса деярли қул бўлиб бўлди. Россиядан қанчасининг ўлиги келяпти. Бунга бошқалар жимгина қараб кузатиб ўтириши мумкин, лекин мен бу нарсага жим қараб ўтира олмайман. Бу мени табиатимга ëт нарса. Бошида таъкидлаганимдек, менинг бу нарсаларни беришга қарор қилганим 19 йилдан бери зулмга, диктатурага, ўз халқини геноцид қилишга, алдовга асосланган ҳокимиятнинг тепасида ўтириб олган Каримовга қарши бу менинг шахсий исëним ва шахсий курашим.

Озодлик: Интернетга ташриф буюрувчи кўпчиликнинг: “Икромжон, шунақа ақлли экансиз, нимага бунақа идорага кирдингиз, МХХ жиноятчи эканини, миллий манфаатларга қарши идора эканини билар эдингиз-ку, энди қувилгандан кейин сассиқ бўлиб қолдими”, деган кинояли саволларини аччиқ бўлса ҳам беришга мажбурмиз.

Икром Ëқубов: Мен тушундим ва бу нарсаларни ўқидим ҳам. Менимча, ponauz.info сайти ҳам “Дажжолга эътиқод ëки чекист нидоси”, деган бир мақола чоп этган эди. Шу мақолани ўқиб кўришса, нима учун менинг бу идорага кирганимни яхши англашади, деб ўйлайман. Қисқача қилиб шуни айтаманки, аввало, менинг бу идорага киришимдан мақсад халқим хавфсизлигини таъминлаш эди. У ерга кирганимдан кейин тушундимки, бу идора аллақачон ўзининг стратегик мақсадларини бажаришни унутган. Бу идора бир кишининг хавфсизлигини, бир кишининг ҳокимиятини қўриқлаш учун хизмат қиляпти. У ҳам бўлса Ислом Каримов. Очиқча баëнот беришимнинг асосий сабабларидан биттаси ҳам шу.

Озодлик: Демак, ҳечдан кўра кеч. Ëдгор ака, мана, сиз анча ëши катта одамсиз. Мана шу гапларга ишоняпсизми? Бу баландпарвоз гаплар эмасми?

Ëдгор Турлибеков: Мен ишоняпман. Шунинг учун мен сизга савол бермоқчиман. Нима учун халқимга хизмат қиламан, халқимнинг фаровoнлигини таъминлайман, конституцияни тарғиб қиламан, унга амал қиламан, деб қасам ичган одам уни қилмаяпти-ю, бунга ажабланмайсиз, шунча одамларнинг ичидан юрак ютиб, ҳеч кимдан қўрқмасдан халқимга хизмат қиламан, деб чиқаëтган ташаббускор одамга: “Сиз ақлли экансиз”, деб уни ерга ураëтганингизга, юракдан раҳмим келиб ачиниш билдиряпман.

Озодлик: Энди шунақа саволлар тингловчиларимиздан келяптида. Мана, Владирмир Толц деган одам: “Булар профессионал ëлғон гапириб келган одамлар. Нимага уларнинг гапига ишонишимиз керак?” деяпти. Энди шунча йил ишлаган, шунча йил зулм қилган. Тавба эшиклари, албатта, очиқ.

Тўрабек Сано: Рухсат берсангиз менда ҳам бир савол бор эди. 27 миллионлик жонажон халқимнинг бунақа азоб-уқубатда қолишига чидаб тура олмадим. Шунинг учун ҳам очиқ, баралла ҳақиқатни айтишга қарор қилдим, деяпти Икром ака. Сиз нима учун айнан ҳозирги кунга келиб ҳақиқатни баралла айтишга отландингиз? Сизда агар виждон бўлганда, 2005 йил 13 май Андижон воқеасидан сўнг ҳақиқатни айтишга қарор қилиб туриб, Ўзбекистон ҳукуматининг Андижон шаҳрида содир этган қотилликларини, Каримов режимининг қандай қонхўрликларни амалга оширганлигини айтишингиз мумкин эди-ку? Нега 2005 йилдаëқ шу баëнотларни бермадингиз? Орадан ўтган 3 йил давомида қариндошларингизга таҳдид бўлмагани учун фақат ўзингизни ўйладингизми? Нега 27 миллионлик халқни ўйлаш айнан бугунга келиб, сизнинг хаëлингизга келди?

Икром Ëқубов: Биласизми, мен бу ҳақда бирор фикр билдиришга ожизман. Балки бунга азалдан бу режим билан келишмовчилигим сабабдир. Балки шу келишмовчилик туфайли ишдан қувилганим сабаб бўлгандир. Мен алоҳида таъкидлаб айтмоқчиман, мен энди Худонинг борлигига ишонаман. Аллоҳнинг ўзи хоҳласа, ҳидоят беради, дейишади. Балки Аллоҳ менга ҳидоят бергандир. Бошқа нарса деб изоҳлашга ҳозирча ожизман.

Озодлик: Сизнинг бу ҳаракатларингиз мотивациси нима? Нега айнан бугун?

Икром Ëқубов: Биласизми, мен бу саволга жавоб беришни истамайман.

Озодлик: Гулнора Каримова ҳукуматга келаëтганидан хавотирландингизми? Каримовга хизмат қилишга қилдингиз. Энди Гулноранинг келишидан хавотирландингизми?

Икром Ëқубов: Президент Каримов қанча ҳаракат қилмасин, дейлик у вафот этгандан кейин ëки ҳокимиятдан кетгандан кейин, халқни бир чеккага қўйиб турайлик, МХХни жиловлаш қийин бўлиб қолади. Нимага? Чунки ичкарида норозилар кўп. Айниқса, энди ишга кирган ва энди фаолиятни бошлаган ëшлар орасида норозилар жуда ҳам кўп.

Озодлик: Бу норозиликнинг асоси нима? Бу норозилик нимага қурилган?

Икром Ëқубов: Биласизми, биринчи энг катта норозилиги, энди ҳамма ҳам ижрочи ëки қўполроқ айтганда ахмоқ эмас, хизматни аллақачон ўз стратегик вазифаларини унутганлиги ва бу вазифаларини умуман бажармаëтганлиги. Чунки таълим бошқача бўлаяпти, фаолият эса умуман бошқача. Иккинчидан бу ерда шахсий инсоний факторлар ҳам муҳим рол ўйнайди. Отаси 19,20 йилдан бери ҳокимиятни бошқараëтган бўлса, энди қизи ҳам бошқарса. Ҳар қандай одамдан ҳаëт мана шундай бўлиб қолади деган ички фикрлар ўтиши табиий.

Озодлик: МХХ даги норозилар гуруҳи қайси сиëсий элитага таянмоқчи? Улар учун таянадиган таянч борми?

Икром Ëқубов: Биласизми, МХХ ҳам худди бошқа ҳуқуқ-тартибот идоралари ва умуман ўзбек халқи каби бирон бир лидер ëки ҳаракатни йўналтирувчи бир мияга зор.

Озодлик: Сиз айнан қайси тузилмада ишлагансиз ва нималар билан шуғуллангансиз?

Икром Ëқубов: Миллий хавфсизлик кенгаши аппаратида ишлаганман. Ўзбекистон Республикасининг ахборот хавфсизлиги бўйича куратори бўлганман.

Озодлик: Билишимизча, дунëдаги кам сонли хавфсизлик хизматларига бевосита қурол ишлатиб одамларни ўлдириш ҳуқуқи берилган. Шундай хизматлардан бири Исроилни “Массад” хавфсизлик хизмати. Ўзбекистонда эса МХХ ҳақида қонун йўқ. Аммо орқаваротдан эшитган гапларимизга кўра, Ўзбекистон МХХ ходимларига ҳам, хусусан, мухолиф вакилларини жисмонан йўқ қилиш буюрилган, деган гап бор. Сиз бунга қандай қарайсиз?

Икром Ëқубов: Оддийгина хавфсизлик хизматининг яширин бўлинмалари бор. Бу бўлимларни энг оддий ходимларига ҳам ўлдириш ҳуқуқи берилган. Давлат уларни фаолиятини ҳуқуқ билан кафолатлаб қўйган. Улар ҳеч қандай жавобгарликка тортилмайди.

Озодлик: Бугунги суҳбатдан хулосалар қандай? Тўрабек Сано, сиз ҳамма саволларга жавоб ола олдингизми?

Тўрабек Сано: Афсуслар бўлсинки, Икром Ëқубов кўп саволарни очиқ қолдирди. Бу эса тингловчиларнинг Икром Ëқубовга нисбатан ишончсизлигини кучайтиради. Икром Ëқубов ҳозир ўзининг хавфсизлигини ўйлаëтган бўлиши мумкиндир. Бир кун келиб далилларни кўрсатаман деб ваъда бермоқда. У ҳозир Лондонда ва мен ўйлайман унинг хавфсизлигига таҳдид соладиган нарса йўқ. Менимча, Икром Ëқубов барча нарсаларни очиқ ойдин айтиши керак эди.

Ëдгор Турлибеков: У саволларни очиқ қолдирса ҳам биздан узоққа қочиб кетаëтгани йўқ. Мен уни виждонига раҳмат айтаман. Мен ҳаммасини чалкаштириб ҳаммани бошини қотиришни тарафдори эмасман. Шундай одамлар бор экан, мен бунга Каримов ҳукумати парчаланишининг бошланиши, деб умид кўзлари билан қарайман. Қариганимда Каримовнинг шу тизимнинг йўқ бўлиб кетишини кўрадиган кунларим яқинлашаяпти, деб хурсанд бўлдим. Шунинг учун мен Икром Ëқубовга ўзимнинг табригимни айтаман. Дадил бўлсин. Ҳамма гаплари ëлғон бўлса, халқимизга жавобини беради. Шундай ташаббус билан чиқаëтган одамга кўз олайтириб, унга кўз олайтириш керак эмас.

Тошпўлат Йўлдошев: Мен бошида ҳам айтдим ва ҳозир ҳам айтаман. Мамлакатдан чиқиб сиëсий бошпана сўраб юрган милицияда ишлаган, прокуратурада ишлаган, МХХда ишлаган ҳарбийлар бор. Буларни барчаси сиëсий бошпана олди, лекин биронтаси овоз чиқармади. Сиëсий бошпана олиш учун Икромжонга бунақа гапларни гапиришнинг ҳеч ҳам ҳожати йўқ эди. Ҳеч нарса қилмасдан ҳам мана сиëсий бошпана олиб юришибди. Мана бир хиллари: “Сотқинсан. Сирларни сотдинг” дейди. Дунëдаги энг катта жиноятчининг жиноятини фош қилиш қанақасига сотқинлик бўлади? Бу ўзи ҳақиқатан 27 миллионлик халқни ўйлаб, ватанини ўйлаб, мен шу халқни фарзандиман, бир нарса қилишим керак, деб жон куйдириб иш қилаëтган одам. Агар бирорта ўткинчи манфаат бўлганида Икромжонга бунақа нарса қилиш керак эмас эди. У баралла овоз билан: “Эй халойиқ, эй дунë. Ўзбекистонга қара. Бу жиноятчининг афтини кўргин. Ҳамкасбларим, сизлар ҳам қилаëтган ишларингни кўринглар. Мамлакатга, халққа хизмат қилмаяпсизлар. Сизлaр битта жиноятчини буйруғини бажаряпсизлар. Эртаги кунингиз нима бўлади”, деб огоҳлантиряпти.

Озодлик: Икромжон, эшиттириш сўнггида ҳамкасбларингизга айтадиган гапларингиз борми?

Икром Ëқубов: Нима дейишим мумкин уларга нисбатан. Улар ҳозир хизматда. Хизмат вазифаларини бажариб турибди. Айтадиган гапим шу: Нимага эътиқод қилаëтганингизни яхшилаб ўйлаб кўринглар.Сиз хизмат қилаëтган нарса бу саробмасмикин? Мен уларга ақл ўргатадиган даражада эмасман. У идорада мени устозларим ўтирибди. Демоқчиманки, собиқ устозларим. Мен МХХдаги ходимларнинг кўпчилигини ҳурмат қиламан. Чунки уларнинг ўзи ҳам бўлаëтган воқеалардан қийналиб юришибди. Бир кишининг айби билан бутун идорани чаплаш ва бутун идорани айблаш хато бўлади. У ерда фақат ëмон одамлар ўтиргани йўқ. У ерда ўз халқини, миллатини севадиган кишилар ҳам бор. Лекин улар иложи йўқлигидан жим юришга мажбур. Мен бу билан МХХни оқламоқчи эмасман. Лекин ëмон одамлар бўлгани каби яхши одамлар ҳам бор. Менинг фикрим шу.
XS
SM
MD
LG