Линклар

А.Тожибой ўғли юртига қайтяпти


Қозоғистонда қочқинликда яшаётган ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Абдулла Тожибой ўғли юртига қайтишга қарор қилганини билдирди. “Озодлик” мухбири у билан суҳбатлашди.

А.Тожибой ўғли жорий йилнинг апрель ойида Ўзбекистондан чиқиб кетган эди.

Унинг айтишича, унга нисбатан тазйиқлар кучайгандан сўнг мамлакатни тарк этишга қарор қилган.

“Кейин Бишкекка учиб кетдим. Бишкекда БМТ қочқинлар идорасининг Қирғизистондаги ваколатхонасига мурожаат этдим. Мурожаат қилган кунимиздан бошлаб, улар қанчалик имконга эга экани тўғрисида менга маълумот берди, яъни ўша ерда ҳаёт кечириш, еб-ичишга кетадиган маълум миқдордаги пул ва у пул ҳеч қачон ўша ердаги шароитга тўғри келмаслигини билдим. Ўша 2 минг қирғиз сўми ва 10-15 кг. озиқ-овқат. Бу ҳам ўз вақтида берилмайди. Ўша ердаги ходимларнинг айтишича, марказдан кам пул ўтказилар ёки баъзи пайтлари вақтида пул келмас экан. Баъзилар бир, бир ярим ой, айримлари эса олти ойда бунга эришар экан. Бу пайтгача ўша қочқинлар қандай ҳаёт кечиради, қандай аҳволда экани эса БМТ ходимларини қизиқтирмайди ва қизиқтирмаган ҳам. Мен ҳижратда бўлганлар билан учрашиб, у ердаги вазиятни ўз кўзим билан кузата бошладим”,- деди А.Тожибой ўғли.

Бундай муносабатга дуч келган А.Тожибой ўғли БМТ ваколатхонаси ва ташкилотнинг Женевадаги бош қароргоҳи олиб бораётган сиёсатга қарши норозилик акцияси ўтказишига сабаб бўлди.

“Айнан қочқинларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш, яъни ваколатхона ҳодимларининг қочқинларга нисбатан хатти-ҳаракатлари, қилаётган ишлари, бепарволигини уларга нисбатан бир қийноқ сифатида кўрдим. Шунга қарши бир норозилик акциясини ўтказдим ҳамда олий комиссарнинг истеъфосини сўраб пикет қилдим”,- дейди Абдулла Тожибой ўғли.

Шунга қарамай, ҳуқуқ ҳимоячиси сўзларига кўра, ҳаттоки БМТ каби нуфузли ташкилот ҳам ўзига нисбатан танқидни ҳазм қила олмаслигига гувоҳ бўлган.

“Ўз ҳуқуқини, ўз хавфсизлигини, ўз ҳурматини, ўзига керак нарсани талаб қилиш ёқмаса керак. Бу диктатор давлатларда ҳам худди шундай ва билдимки, ҳатто халқаро ташкилот бўлган БМТга ҳам танқид ёқмас экан”,- дейди А.Тожибой ўғли.

Абдулла Тожибой ўғли БМТ қочқинлар идораси Бишкек ваколатхонасининг қочқинлар, хусусан, ўзбек қочқинларига бўлган муносабатига норозилик сифатида ташкилот ёрдамидан воз кечиб, Олмаотага келганини маълум қилди.

Бироқ, унинг айтишича, БМТ қочқинлар идорасининг Олмаотадаги ваколатхонаси фаолияти ҳам Бишкекдагидан фарқ қилмас экан.

“У тарафда ҳам, бу тарафда ҳам ҳижрат қилганларга нисбатан ўта лоқайдлик, ўта беҳурматлик десам ҳам бўлади, устидан кулиш, десам ҳам бўлади, сезилиб, кўриниб турди. Шахсан ўзим Ўзбекистонга қайтишим тўғрисида Қозоғистондаги ваколатхонага бир маълумот билан ёзма равишда мурожаат этганимда ходимидан: “Қандай келган бўлсанг, шундай кетасан”, деган жавобни олдим. Бу ўта ачинарли ҳол. Албатта, ҳар ким ўз юрти учун бир иш қилган бўлса, ўша ер учун қилган бўлади, аммо барибир қадринг учун йиғлар экансан”,- деди А.Тожибой ўғли.

Озодлик: Барибир ОАВ орқали Ўзбекистонни тарк этганингиз ҳақида маълумотлар берилди. Ҳозир эса сиз қайтмоқчисиз. Қандайдир хавотир борми?

А.Тожибой ўғли: Албатта, шундай ҳолатлар бўлмайди, деган гап нотўғри бўлади. Хавотир, албатта, бор. Лекин ўйлашимча, ўзга юртда мана шундай аҳволда юргандан кўра, ўз юртингда фаолиятингни давом эттирганинг соз бўлса керак, деб ўйлайман.

Озодлик: Абдулла ака, бошқа қочқинлар ҳам сиз айтган қийин вазиятларда 3-4 йил яшаб, кейин учинчи давлатлардан бошпана олиб кетяпти. Сиз ҳам шу муддат кутишингиз мумкин эди-ку?

А.Тожибой ўғли: Гап шундаки, мен ўз ҳуқуқларим топталиши, устимдан тажриба ўтказилишига йўл қўймайман. Ўзбекистонда ҳам шундай бўлганида, мен ўз норозилигимни кўрсатиб, ўз ҳуқуқларим, қолаверса, фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилган эдим. Қаерда бўлсам ҳам ҳуқуқларим бузилишига йўл қўймайман ва ўз ҳуқуқларимни ҳимоя қиламан. Мен ҳар вақт курашганман, ҳар доим инсон ҳуқуқлари учун курашганман,

Ҳуқуқ ҳимоячиси уни Ўзбекистонда қандай қийинчиликлар ва тўсқинликлар кутишидан қатъи назар, аввалгидай ўз фаолиятини давом эттириши ҳамда 2009 йилда Ўзбекистон парламентига бўлиб ўтадиган сайловда ўз номзодини қўйишини билдирди.
XS
SM
MD
LG