Линклар

Қозоғистонда ОИТВ юқтирган ўзбеклар аниқланмоқда


Қозоғистон ОИТС маркази Остонада қонида ОИТВ бўлган ўзбекистонлик ёш бола аниқлангани, шунингдек, мамлакатда одам иммун танқислиги вируси юқтирганлар сони кўпайганини маълум қилди.

Қонида ОИТВ аниқланган ўзбекистонлик бола ҳақида ОИТС марказидан маълумот олишнинг имкони бўлмади.

Ушбу марказ тарқатган маълумотга кўра, Остонада ОИТВ билан зарарланган 11 киши аниқлангандан сўнг мазкур касаллик тарқалиши олдини олиш мақсадида аҳоли орасида тушунтириш ишлари фаол йўлга қўйилган.

Республика ОИТС маркази бош шифокори Александр Лебедев ОИТВ билан зарарланганлар орасида ёшлар кўплиги боис, марказ ўрта ва олий таълим муассасалари ва у ерда ўқувчиларнинг турар жойларида рейд ўтказилишини маълум қилди.

“Она ва болани асраш” жамоатчилик ташкилоти раҳбари Марпия Бўтабоева сўзларига кўра, Қозоғистонда ОИТВ билан зарарланганлар сони кўпайишига, аввало, мамлакатда тиббиёт соҳасининг анча оқсаётгани, малакали кадрлар йўқлиги, уларнинг аксарида ўз ишига лоқайдлиги ва тиббиёт соҳасида авж олаётган коррупция сабабдир.

“Ҳозир ташкилотимиз мамлакатда ОИТВ янада кенг тарқалиши олдини олиш учун оммавий акциялар ўтказишни режалаштирмоқда”,- деди М.Бўтабоева.

Баъзи кузатувчилар фикрича, ҳозир мамлакатга келаётган мигрантлар оқими кўплиги боис, Қозоғистонда ОИТСга қарши курашиш ишлари етарли самара бермаяпти.

Бундан аввалроқ қозоғистонлик шифокорлар мамлакатга келаётган меҳнат муҳожирлари, хусусан, ўзбекистонлик мардикорлар ва Қозоғистонга тирикчилик мақсадида келаётган фоҳишалар орасида ОИТС юқтирганлар кўпчиликни ташкил қилаётганидан хавотир билдиргани хабар қилинганди.

Бундан ташқари, 2 йил аввал Жанубий Қозоғистонда ёш болалар ва оналарнинг оммавий равишда ОИТВ юқтириш ҳолати аниқланган пайтда қозоғистонлик кузатувчилар вирус юқтирган ёш болаларнинг баъзилари Ўзбекистонда даволангани ва улар касалликни айнан қўшни давлатда юқтирган бўлиши эҳтимоли катталигини таъкидлаган эди.

Қозоғистондаги “Ишончли таянч” жамоат ташкилоти раҳбари Валентина Скрябина Ўзбекистонда ОИТВ юқтирганлар сони Қозоғистондагидан кўплиги, бироқ ўзбекистонлик шифокорлар бу борада аниқ маълумотлар тақдим этишдан бош тортаётганини билдирди.

“Ўзбекистонда ОИТВ Қозоғистонга нисбатан анча кенг тарқалган. Марказий Осиёда ОИТС тарқалиши бўйича ўтказилган анжуманларда ўзбекистонлик вакиллар республика аҳолиси орасида қонида ОИТВ аниқланганлар сонини айтишдан бош тортади. Бу эса минтақада ОИТВ тарқалиши кўрсаткичини кузатиб, уни бартараф этиш ишларига халақит беради”,- деди В.Скрябина.

Бундан аввал эса Олмаота ОИТС маркази шифокорлари шаҳарда ОИТВ юқтирган Ўзбекистон фуқароларини аниқлагани ва улар юртига бадарға қилинганини маълум қилганди. Бироқ ўшанда олмаоталик шифокорлар Ўзбекистон ОИТС маркази қўшни давлатлардан юртига депортация қилинаётган юртдошларини қай тарзда назоратга олиш ҳақида Қозоғистон томонига маълумот беришдан бош тортганини айтган эди.
XS
SM
MD
LG