Линклар

logo-print

Яна 28 маҳбуснинг озод этилиши сўралмоқда

  • Барно Анвар

Ўзбекистондаги Виждон тутқунларини озод қилиш қўмитаси 8 сентябрь куни мамлакат ҳуқуқ-тартибот идораларига 28 виждон тутқунини озод қилишни сўраб, мурожаат чақириқ йўллади.

Қўмита Ўзбекистон Мустақиллигининг 17 йиллиги муносабати билан эълон қилинган амнистия ижроси чоғида рўйхатдан ўрин олган ва ҳар гал амнистия четлаб ўтадиган ўзбек мухолифати аъзолари, ҳуқуқ ҳимоячилари, адиблар, сиёсатчилар, журналистларнинг озод қилинишини сўрамоқда.

Бу рўйхатдан ўрин олган “Серқуёш Ўзбекистоним” коалицияси етакчиси Санжар Умаровни 15 кун муқаддам бориб кўриб келган яқинлари аҳволи жуда оғир экани, муттасил жарима изоляторида сақланаётганини айтмоқда.

Ўтган ҳафтада Ўзбекистондаги “Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти айни мазмунда йўллаган чақириқда 18 та сиёсий маҳбуснинг номи тилга олинганди.

Виждон тутқунларини озод қилиш қўмитаси бу рўйхатга яна 10 виждон тутқунининг номини қўшди.

1.Баҳодир Қамбаров, Мухолиф ëшлар ҳаракати етакчиси, 7 йилга озодликдан маҳрум қилинган.
2.Машраб Жумаев, сиëсий маҳбус Юсуф Жумаевнинг ўғли, 4 йилга озодликдан маҳрум қилинган.
3.Рашид Бекжонов, “Эрк” партияси аъзоси, 12 йилга озодликдан маҳрум қилинган.
4.Муҳаммаджон Бекжонов, “Эрк” партияси аъзоси, 12 йилга озодликдан маҳрум қилинган.
5.Юсуф Рўзимуродов, “Эрк” партияси аъзоси, 15 йилга озодликдан маҳрум қилинган.
6.Самандар Қўқонов, собиқ депутат, мухолиф партия аъзоси, 20 йилга озодликдан маҳрум қилинган.
7.Исоқ Абдуллаев, тадбиркор, ҳукумат танқидчиси, 10 йилга озодликдан маҳрум қилинган.
8.Руҳиддин Фахруддинов, диний арбоб, 17 йилга озодликдан маҳрум қилинган.
9.Акром Йўлдошев, диний арбоб, 17 йилга озодликдан маҳрум қилинган.
10.Абдулла, Ҳабибулла, Абдулҳақ, Абдусамат Мадумаровлар, таниқли диний етакчининг қариндоши бўлгани боис, “Ҳизб ут-таҳрир”да айбланиб 6 йилдан 15 йилга қадар озодликдан маҳрум қилинган.

Жами 28 сиёсий маҳбуснинг зудликда озод этилишини сўраётган Виждон тутқунларини озод қилиш қўмитаси етакчиларидан бири Баҳодир Намозов ҳозир ҳибсда қолаётган яна икки маҳбус – ҳуқуқ фаоли ва журналист Солижон Абдураҳмонов ҳамда ҳуқуқ ҳимоячиси ва мухолифат вакили Аъзам Турғуновни шу паллада сохта айблов билан қамашга уриниши жараёни бораётганини билдирди.

“Бунинг сохталиги кўриниб турибди. Судда ҳеч бир айбнома исбот топмаяпти. Лекин барибир бир нарса қилиб қамашга ҳаракат қилишяпти. Мана шунақа қилиб 2-3 марта суди қолдирилди. Чунки ҳозир 1-2 одам боряпти судга. Эртага Қорақалпоғистонга ҳеч ким бора олмайди. Бир ўзлари қолгач? суд ҳукмини чиқариб юборишади”- дейди Б.Намозов.

Унинг сўзларига кўра, озод қилиниши талаб этилаётган сиёсий маҳбуслар рўйхатидаги фуқароларнинг деярли ҳаммаси шу тариқа сохта айбловлар билан қамоққа солинган ва ҳар гал эълон қилинадиган амнистия уларни четлаб ўтаверади.

Бундай маҳбуслар ҳимоясига отланган ташкилотлар, ҳаракатларнинг фаолияти эса эътиборсиз қолдирилади, боиси, уларнинг аксарияти мамлакатда қонуний рўйхатга олинмаган. Улар йўллаган чақириқлар эса қулоққа танбур чертганчалик ҳам таъсирга эга эмас.

“Биз рўйхатдан ўтмаганмиз. Бизни рўйхатдан ўтказишмайди. Биз жамоатчилик сифатида мурожаат қиляпмиз. Тан олинмаган одамга улар ҳеч қачон жавоб беришмайди. Биз яна барча халқаро ташкилотларга ҳам мурожаат қилганмиз”,- дейди Баҳодир Намозов.

Унинг ташкилоти каби Ўзбекистондаги сиёсий маҳбусларнинг озод қилинишини сўраб келаётган нодавлат инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари айни пайтда баъзи маҳбусларнинг қамоқдан озод қилинаётганини ҳам эътироф этмоқда. Бироқ бу кўп ҳолларда маҳаллий ёки халқаро ҳуқуқ ташкилотларининг чақириқларига қулоқ осилганидан эмас, балки Ўзбекистон ҳукуматининг сиёсий манфаатларига мос келган ўринлардагина амалга оширилмоқда.

“Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти раҳбари Васила Иноятова бунга кўникиб ҳам қолинганини айтади.

“Биз ҳуқуқ ҳимоячилик фаолияти ва сиëсий фаоллиги учун қамалганларни бошидаëқ айтган эдик. Тадбирлар олдидан худди савдогарларга ўхшаб бартер қилиш, яъни 5тасини чиқариб 15 тасини қамаш ҳукумат органларига ўрганиш бўлиб қолди”,- дейди Васила Иноятова.

Эслатиш жоиз, худди шундай чақириқ билан чиққан Виждон тутқунларини озод қилиш қўмитаси ўз вақтида мухолифатдаги “Серқуёш Ўзбекистоним” коалицияси етакчиси Санжар Умаровнинг ҳимояси учун тузилган эди.

Мухолифатдаги ҳаракатларни ушбу коалиция таркибида бирлашиш ҳамда президент Каримов ҳукумати билан ҳамкорликда ишлаш каби оҳангдор чақириқ билан кутилмаганда сиёсий саҳнага чиққан Санжар Умаров 2006 йилнинг 6 мартида иқтисодий жиноятлар содир этганликда айбланиб, 10,5 йилга озодликдан маҳкум қилинган эди. Ҳозир Навоий вилоятидаги 64/47 сонли қамоқхонада, жуда оғир аҳволда сақланаётгани айтилмоқда.

Баҳодир Намозовнинг билдиришича, Санжар Умаров 240 кун давомида жарима изоляторида сақланган, муттасил руҳий, жисмоний қийноқларга солинган.

“Ўзингиз ўйлаб кўринг, 240 кун давомида изоляторда битта ўзи ëтади. Унинг жуда ҳам мазаси қочган. Уни охирги марта 15 кунча олдин бориб кўришган. Ўзгариш бўлишини эшитганим йўқ”,- дейди Б.Намозов.

Унинг таъкидлашича, Санжар Умаров ва у каби қамоқда, оғир аҳволда қолаётган 30 га яқин сиёсий маҳбуснинг яқинлари Ўзбекистон раҳбарияти ва халқаро ташкилотларга муттасил мурожаат қилишларига қарамай, ҳар йили эълон қилинадиган амнистия бу сиёсий маҳбусларни ҳануз четлаб ўтмоқда. Ўзбекистон Мустақиллиги арафасида эълон қилинган навбатдаги авфи умумий уларга насиб қиладими ёки йўқми — буни энди вақт кўрсатади.
XS
SM
MD
LG