Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:41

Тожикистон энергетика мустақиллигини уч йилда қўлга киритмоқчи


Тожикистон Мустақиллигининг 17 йиллиги арафасида маҳаллий зиёлилар билан учрашган президент Имомали Раҳмон мамлакат келгуси 3 йил давомида қай йўл билан бўлмасин энергетика мустақиллигини қўлга киритиш ниятида эканини маълум қилди.

“Жаҳон иқтисодиётида рўй бераётган жиддий ўзгаришлар ҳамда нефть захиралари икки баравар қисқариши мамлакатимизнинг энергетика ва ёнилғининг бошқа захираларига эҳтиёжини оширмай қолмайди. Бу эса, ўз навбатида, вазиятдан чиқишнинг турли чораларини кўришга мажбур қилади. Роғун, Ёвон, Сангтўда 1 ва 2 ГЭСларини қуриб ишга тушириш биз учун ҳаёт-мамот масаласидир. Шуни назарга олган ҳолда барча кучимизни ишга солиб келгуси 3 йил мобайнида бу иншоотларни қуриб тугаллашимиз ва энергетика мустақиллигини қўлга киритишимиз зарур ва шундай ҳам қиламиз”,- деди Имомали Раҳмон.

Мустақил кузатувчилар эса Имомали Раҳмоннинг режалари келгуси 3 йил бадалида амалга ошишига шубҳа билан қарамоқда.

Энергетика соҳаси бўйича таҳлилчи Ғуломиддин Сайфиддинов сўзларига кўра, давлатнинг барча бўғинлари коррупция ботқоғига ботган мамлакатда йирик энергетик иншоотларни бу қадар тез қуриб ишга тушириш мумкин эмас.

“Аммо порахўрлик илдизига болта уриб, бу режани амалга оширса бўлади. Хорижий инвесторлардан олинаётган пуллар ҳар йўл билан ўзлаштирилиб кетилаверса, Тожикистон келгуси 10 йилда ҳам энергетика мустақиллигини қўлга кирита олмайди”,- деди таҳлилчи.

Имомали Раҳмон мустақиллик йилларида қўлга киритилган ютуқларга тўхталар экан, сўнгги беш йил давомида мамлакатда қашшоқлик 64 фоиздан 53 фоизга қисқарганини ва 2015 йилга бориб бу кўрсаткич 32 фоизга тушиши режалаштирилганини билдирди.

Ғ.Сайфиддинов эса Тожикистон президенти бу ўринда ҳам нореал рақамларни келтираётганини таъкидлади.

“7,5 миллионлик халқимизнинг тенг ярми тирикчилик ортидан Россия ва Қозоғистонга чиқиб кетган бўлса, нархлар бир ой давомида 5 баравар кўтарилган бўлса, ўртача даромад тахминан 100 сомоний бўлса, бунинг устига, аҳолининг катта қисми тўйиб овқатланмаётган бўлса, бу рақамларни ҳақиқат, деб бўладими!? Агар Россия ва у ерда ишлаб Тожикистонга йилига 2 миллиард доллар даромад келтираётган меҳнат муҳожирлари бўлмаганида эди, мамлакат аллақачонлар давлат сифатида йўқ бўлиб кетарди. Мамлакатда қашшоқлик жуда хатарли нуқтага бориб етган”,- деди Ғ.Сайфиддинов.

Тожикистон раҳбари ҳар йил байрам арафасида келаётган янги йилга бирор ном беради. Масалан, Исмоил Сомоний, “Тоза сув”, Мавлоно Румий, Рўдакий йиллари ва ҳоказо.

Аммо у 2009 йилни “Имом Аъзам йили”, деб эълон қилиши кузатувчиларни ажаблантирди.

“Тожикистонликларнинг 97 фоизи ҳанафия мазҳабига эргашади. Буни эсдан чиқармаслик керак ва ҳанафия мазҳаби асосчиси Имом Аъзам номи билан танилган тожик фарзанди Имом Абу Ҳанифа Нўъмон ибни Содиқ экани билан фахрланамиз. Унинг интилишлари ўлароқ, тожик тили ибодат тили ва биҳишт аҳлининг иккинчи тили, деб тан олинган”,- деди И.Раҳмон.

Таҳлилчилар эса дин ва давлатнинг бир-биридан айрилиги тамойилини шубҳа остига қўйган Имомали Раҳмон бу билан халқини ягона миллий ғоя атрофида бирлашишга чақираётганини таъкидламоқда.
XS
SM
MD
LG