Линклар

logo-print

Юсуф Жуманинг қочқинликдаги оиласига таҳдид янада кучайди


Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органлари озодликдан маҳрум этилган мухолифатдаги шоир Юсуф Жуманинг қочқинликдаги оила аъзоларини юртига қайтаришга уринмоқда.

Бу ҳақда шоирнинг қочқинликда яшаётган ўғли Алишер Жумаев маълум қилди.

“2008 йил 8 сентябрь куни кечқурун уйга, опамнинг ёнига Қарши шаҳрида жойлашган колония раҳбарлари борган. Уларнинг ёнида махсус хизмат ва ички ишлар бошқармаси ходимлари бўлган. Укам Бобур билан қизиқишган. “Бобур қайтиб келсин, биз унинг адресини билдик. У қаерда яшаётгани, кимлар билан тургани бўйича барча маълумотларга эгамиз. Уни ушлаб келмасимиздан аввал ўзи келса, яхши бўлади. Агар ушлаб келсак, уни қамаб юборамиз. Агар ўзи келса, амнистияга тушади”, деб алдай бошлашган”,- деди Алишер Жумаев.

У ҳуқуқ-тартибот ходимлари нега айнан Бобурни қайтаришга уринаётганини ҳақида гапириб: “Бобур кўп маълумотларни билади. У дадам билан бирга бир жойда тергов қилинган, бир кунда ҳибсга олинган. Дадамнинг ҳибсга олинган кунидан бошлаб, судга кетган вақтларигача, нима воқелик бўлган бўлса, ҳамма сирларни билади. Уларга қандай руҳий ва жисмоний қийноқлар ўтказилган, айбларни қандай қилиб бўйниларига қўймоқчи бўлишган, айбларини тан олдира олмагач, қандай қилиб ҳужжатларга укам ва дадамнинг имзоларини ясашган, ҳамма маълумотларни билади”,- деди.

А.Жумаевнинг айтишича, Ўзбекистон томони Бобурни юртига қайтаришга уринаётганининг яна бир сабаби унинг мамлакат қамоқхоналарида қўлланиладиган қийноқлар ҳақида халқаро жамоатчиликка тақдим этмоқчи бўлган маълумотларидир.

“Ҳозир укам Бобур шифокорларга мурожаат қилди. Соғлиғи тўғрисида шифокорларнинг хулосасини олди. Биз шуларга таянган ҳолда қамоқхона раҳбарияти, уларга қийноқлар қўллашга буйруқ берган юқори раҳбарлар ва президент Каримовни судга бериш учун ҳужжатлар тайёрлаяпмиз. Булар шулардан хавотирланяпти. Ўзбекистонда қийноқлар борлигини исботловчи бу маълумотларни биз ЕИ санкцияларни кўришидан аввал, Европа Иттифоқига юборамиз ва ҳужжатларни уларга тақдим этамиз”,- деди Алишер Жумаев.

Ўзбекистонлик сиёсатшунос Тошпўлат Йўлдошев таъкидича, мавжуд режим шу пайтгача Юсуф Жумани синдириша олмаган.

“Агар оиласи борадиган бўлса, Алишерни, албатта, қамашади. Бошқа оила аъзоларига ҳам катта жабрлар бўлади. Асосий мақсад Юсуф Жумага иложи борича катта зарар етказиш, маънавий зарар етказиб, уни таслим қилиш. Кейин Юсуф Жума ва унинг оила аъзолари Ислом Каримовга кечирим хати ёзиб, биз хато қилган эканмиз, дейишади. Ана ундан сўнг Юсуф Жумани Қизил хоч жамияти аъзоларига кўрсатишлари мумкин”,- дейди Т.Йўлдошев.

Айни пайтда Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органлари шоир Юсуф Жуманинг Қозоғистонда қочқинликда бўлган оиласи яшаётган манзилдан тўла хабардор бўлган. Бунинг оқибатида шоир оиласи ва улар билан бир уйда яшаётган бошқа ўзбек қочқинлари ҳам турар жойларини зудлик билан алмаштиришга мажбур бўлган.

Ҳозир аксар инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари Қозоғистон бошқа МДҲ мамлакатлари каби ўзбек қочқинлари учун хавфли ҳудуд экани, шу боис ҳам улар ўз хавфсизлиги борасида ўзлари бош қотириши зарурлигини таъкидламоқда.

“Ҳозир қочқинларга реал ҳимоя йўқ, ўйлашимча, бўлмайди ҳам. Шунингдек, давлат ҳам уларга бундай ҳимояни тақдим этмайди. Чунки ҳар бир қочқинни кимдир қўриқлаши нореал ҳолат”,- дейди қозоғистонлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Денис Живаго.

Ҳозир аксар кузатувчилар Ўзбекистон махфий хизматлари шоир Юсуф Жуманинг Қозоғистондаги оила аъзоларини яширинча юртига қайтариб олиб кетишга уриниши мумкинлиги, шу боис, БМТ қочқинлар идорасининг Олмаота ваколатхонаси бу оилани учинчи давлатга кўчириш ишларини тезлаштириши зарурлигини таъкидламоқда.
XS
SM
MD
LG