Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 09:51

Каримов Озарбойжонга боради


11-12 сентябрь кунлари Ўзбекистон президенти Ислом Каримов илк бор расмий ташриф билан Озарбойжонга боради. 17 йил аввал икки давлат мустақилликка эришганидан буён ўзаро иқтисодий ва сиёсий алоқаларни кўнгилдагидек ривожлантирмади.

Бироқ Россия ва Ғарб давлатлари ўртасида авж олаётган даҳанаки зиддият ва шу аснода Марказий Осиё ва Кавказда ўзгариб кетаётган геосиёсий вазият икки авторитар раҳбар - Ислом Каримов ва Илҳом Алиевни руҳан яқинлаштираётир.

Ўзбекистонда яшовчи озарийлар сони 45 минг атрофида. Давлатлар ўртасидаги товар айрбошлаш ҳажми 60 миллион АҚШ долларидан сал-пал ошаётган бўлиши мумкин.

Президент Каримов Тоғли Қорабоғ масаласида расмий Бокуни қатъий қўллаб-қувватлайди.

Тошкентда буюк озарий файласуф шоири Низомийга ҳайкал ва марҳум президент Ҳайдар Алиевга бюст қўйилган.

И.Каримовнинг Бокуга боришидан аввал шаҳарнинг “Озодлик” кўчасида жойлашган марказий хиёбонга Алишер Навоий ёдгорлиги барпо этилди.
Иккала давлат ҳам авторитар раҳбарлар томнидан бошқарилади.

Давлатлар ўртасидаги ҳамкорлик ришталарини шундай мухтасар тасвирлаш мумкин.

Афтидан, икки давлат бир-бири билан унчалик қизиқмаган ҳам.

Ислом Каримов Ўзбекистон раҳбари сифатида Бокуга бир мартагина, у ҳам бўлса, ўн йил аввал ТРАСЕКА анжумани доирасида борган эди. Пайшанба-жума кунларига режалаштирилган ташриф эса И.Каримовнинг Озарбойжонга биринчи расмий ташрифидир.

Тўғри Озарбойжоннинг аввалги президенти марҳум Ҳайдар Алиев 1997 йилдаёқ расмий ташриф билан, унинг ўғли, Илҳом Алиев эса 2004 йилда давлат ташрифи билан Тошкентда бўлган эди. Бироқ бу ташрифларнинг самараси нечоғлик?!

Куни-кеча журналистлар билан гаплашган Ўзбекистон элчиси Исматулла Эргашев Озарбойжонда 300 дона ўзбек автомобилининг сотилганидан ортиқ мақтанарли нарса топа олмаганди.

Унинг эътирофича, давлатлар ўртасидаги ҳамкорлик имкониятлари реализация қилинмаган.

И.Каримовнинг Бокуга ташрифи давомида давлатлар ўртасидаги иқтисодий ва гуманитар ҳамкорлик ҳамда атроф-муҳим ҳимоясига доир ўнга яқин ҳужжатга имзо қўйилади. И.Каримов Бокуда янги ўзбек элчихонасининг қурилишини очиб беради. Кўзланган тадбирлар И.Каримовнинг Озарбойжонга сафари анчадан буён режалаштирилганини кўрсатади.

“Бироқ бу ташриф Марказий Осиё ва Кавказ минтақасида содир бўлаётган янги геосиёсий ўзгаришлар даврига тўғри келаётганлиги билан аҳамиятлидир,– дейди минтақа давлатлари бўйича етакчи Ғарб таҳлилчиларидан бири доктор Сванте Корнел. - Грузиядаги урушдан сўнг содир бўлаётган жараёнлар бутун Марказий Осиё ва Кавказ минтақасини ўйлантириб қўйди. Менимча, ушбу муҳим масала бўйича Каримов ва Алиев ҳам маслаҳатлашиб олса, фойдадан холи бўлмайди. И.Каримовнинг Бокуга ташрифи унинг ташқи сиёсатда Кавказ давлатларидан тортиб Ғарбгача янги ҳамкор қидираётганини кўрсатади”.

Ўзбекистон ва Озарбойжонни боғловчи ҳеч қандай қувур мавжуд эмас. Давлатлар ўртасида энергия захираларини етказиб бериш бўйича ҳамкорликнинг пайдо бўлиши ҳам кутилмаяпти. Аммо иккала давлатда ҳам Россиянинг “Газпром” компаниясининг роли ортиб боряпти. Бундан ташқари, Грузия ва Россия урушидан сабоқ чиқарган Озарбойжон минтақадаги Ғарб манфаатларига жиддий зарба етганини ҳис эта бошлади.

Хабарларга кўра, АҚШ вице-президенти Дик Чейнининг Бокуга сафари давомида Илҳом Алиев унинг шаънига аччиқ гапларни айтган ва Чейни билан учрашувидан сўнг дарҳол Россияга президент Дмитрий Медведевга телефон қилган.

Айни пайтда Қозоғистон ва Ўзбекистон Россия томон янги газ қувурини қуришга келишиб олди.

“Ғарб минтақадаги энергетик совуқ урушни ютқазяпти”, – деб ёзди “Экономист” журнали таҳлилчиси, “Янги совуқ уруш” китоби муаллифи Эдвард Лукас.

Шунинг учун, афтидан, Озабойжон ва Ўзбекистон ўртасидаги бугунги муносабатлар янги геосиёсий воқеликдан келиб чиқади.

“Америкаликларнинг Кавказдан чекиниши билан озарийлар ўзларини яланғочедек ҳис эта бошлади. Улар Россия ва Ғарб ўртасида мувозанатни сақлаб келишга уриниб келган, лекин ҳозир улар Россия томонига оғиб кетмоқда. Ўзбекистон ҳам Россия томони қувур қуришга розилик берди. Лекин мувозанатни сақлаш Ўзбекистоннинг манфаатига ҳам хизмат қилади”,- дейди Эдвардс Лукас.

1999 йилда Ўзбекистон Россия таъсирига қарши турган Грузия, Украина, Озарбойжон ва Молдовани бирлаштирган ГУУАМ ташкилотига қўшилган эди. Бироқ Андижон воқеаларидан сўнг Ғарбга қарши исён қилган И.Каримов ушбу ташкилотдан чиқиб кетди ва ГУАМга айланган давлатлар билан алоқаларни яхшилай олмай қолди. Шунинг учун ҳозир Каримовнинг ГУАМга аъзо Озарбойжонга сафарини турлича талқин этиш мумкин. Бироқ сўнгги геосиёсий ўзгаришлар манзарасида Марказий Осиё ва Кавказ давлатлари ўртасида руҳий яқинлик ва маслаҳатлашиш зарурати пайдо бўлаётгани аниқ айтиш мумкин.
XS
SM
MD
LG