Линклар

logo-print

МХХ чақимчиларини ишга солмоқда

  • Абдулла Искандар

Ўзбекистон Миллий xавфсизлик xизмати Европанинг Лондон, Прага каби шаҳарларида ўз чақимчилари сонини оширгани кузатилмоқда. Лондон ва Прагадан Ўзбекистонга қайтиб борган мардикорлар ва талабалар МХХ идорасига чақирилиб сўроқ қилинмоқда.

Бу савол-сўроқлар давомида уларнинг xориждаги ҳаëти МХХ диққат марказида экани аëн бўлди.

Ўзбек мардикорлари ҳаëтининг икир-чикирларини эса мардикорларнинг ичига жорий қилинган чақимчилар МХХ етказмоқда.

Бу чақимчилик оқибатида Лондондан қайтиб келган талабалардан тўрт нафари диний экстрeмизмда айбланиб қамоққа олинди.

Прагада мардикорлик қилаëтган наманганлик йигитдан МXX ходимлари гўëки унга очилган ишни ëпиш учун 1400 доллар пора олган.

Хорижда ўқиш ë ишлаш жиноятми?

“Келинлар қўзғолони” фильми қаҳрамонларидан бири Сотти келинпошша овсинларининг оëқ олишидан қайнонани хабардор қилиб туради. Саид Аҳмад тили билан айтсак, оилада “штатний шпион” вазифасида ишлайди.

Эл орасида мутойибага сабаб бўлган чақимчиликни чет элга келаëтган ўзбеклар ўзлари билан бирга олиб келаëтгани кузатилди.

Чехияга келиб мардикорлик қилиб қайтган наманганлик йигитга телефон қилиб қолишди:

“Борганига 15-20 кун бўлганда телефон қилишган. У икки ойга борган эди. Гўшакни олса, “Фалонча сизмисиз?” деб сўрашган. Ҳа, менман, деса: “МХХга келиб кетинг. Икки минут вақтингизни оламиз”, дейишган”.

2 минутлик сўроқ савол наманганлик йигитни анча терлатди:

“15-20та савол беришибди. Чехияга нимага бординг, нима иш қилдинг, кимларни танийсан, кимлар билан кўришгансан каби саволлар беришибди”.

МХХ терговчилари қўлида Прагадаги чақимчи мардикорлар юборган маълумотлар бор эди:

“Ҳаттоки, тўғридан-тўғри ишлайсанми ëки клиент орқалими, деб сўрашибди. Сиз қаердан биласиз, деса: “Бизга шунақа маълумот келган. Сенинг клиентинг Колями?” дебди. Ҳа, деса “Сен тўғрингда Коляга ҳам телефон қилган эдик, дейишибди”.

Энди бу тафсилотлар ҳам йигитнинг жиноятларидан дарак бермас эди. Қаерда ва кимнинг қўлида ишлагани, қанча пул топгани ва ҳоказо:

“Хуллас, сенга дело тайëрлаб қўйилган. Мана дело турибди”.

Бу делода гўëки наманганлик мардикор йигитнинг “Руминиядаги ўзбек ваҳҳобийларини бошлиғи Муҳаммад Солиҳ” билан террорчилик қилгани фош қилинган:

“Жиддий кетадиган бўлса, 10-15минг билан ҳам ишинг бўлмайди, дебди. Мен нима иш қилдим, деса: “Сен анча сиëсатга аралашиб қўйгансан”, дебди. Нима қилдим, деса: “Сен Муҳаммад Солиҳ қўл остидаги одам бўлишинг мумкин”, дейишибди”.

МХХнинг ëшгина терговчиси, суҳбатдошнинг айтишича, ишни ëпиш учун прагалик мардикордан 1400 доллар пора олади:

“1976 ëки 1977 йил ëш бола экан. Берган нарсангга рози бўлиб қўя қолгин, деб айтибди”.

Ростдан ҳам бу воқеа бўлганми ўзи, балки улар товламачилардир, дея сўраймиз суҳбатдошдан.

“Бу аниқ. Ташкилот аниқ-ку. У ерга анча-мунча одам кира олмайди-ку”.

Наманганлик ўзбек мардикори МХХ ходими зуғумидан пора бериб қутулиб¸ зудлик билан Чехияга қайтиб кетди. Энди Ўзбекистонга бормоқчи эмас.

Наманганлик мардикор йигит Прагадаги чақимчилар қурбони бўлди.

Суҳбатдошнинг айтишича, Чехиядаги чақимчиларни мардикорларнинг масжидга бориши, “Озодлик” мухбирлари билан алоқаси, Чехиядаги андижонлик қочқинлар билан муносабати ва уларнинг кимнинг қўлида, қанча маошга ишлаëтгани қизиқтирмоқда:

“Праганинг ўзида ўзбеклар ичида чақимчилар жуда ҳам кўп экан. Ë телефон қилиб айтади, ë Интернет орқали жўнатади. Ким қаерда ишлаяпти, ким қанча маош оляпти, кимлар билан гаплашиб юрибди, кимлар ишламаяпти каби маълумотлар уларни қизиқтиради. Уларга, менимча, ойлик тўлашади. Шунинг учун улар эрталабдан кечгача маълумот излаб юришади”.

Наманганлик мардикор пора бериб бўлса ҳам тазйиқдан қутулди, аммо Лондондан қайтиб келган талабалар қамоққа олинганини айтади Буюк Британияда истиқомат қилувчи Нодирбек:

“Хусусан, намоз ўқийдиган диндор болалар қайтиб борганида МХХга чақириб қамашибди. Мен ўзим биладиган 4 та бола қамалиб кетди”.

Буюк Британиядаги чақимчиларни ўзбекистонлик талабаларнинг диний қарашлари қизиқтирмоқда.

“Ўзбекистонга борса, МХХга чақириб, бормаса уйига ота-онасининг ëнига бориб МХХ ходимлари ўғлининг қаерда юрганини сўраб, бошини оғритишаётган экан”,- дейди Нодирбек.

Ўшлик таҳлилчи Ғанижон Холматов сўзларига кўра, Ўзбекистон МХХга айғоқчи бўлиб ишлаëтган қирғизистонликлар ҳам талай. Улар бу ишни муайян ҳақ эвазига бажармоқда.

Нодирбек эса Ғанижон ака айтган моддий омилдан ташқари одамларни чақимчиликка ундайдиган яна бир ҳолат борлигини билдирди.

“Ўқишга ëки ишлашга чет элга чиқиб кетишидан олдин орасидан танланган болалар билан суҳбат ўтказилади. Уларга: “Ўша давлатингга борасан. Ўқийдиганингни ўқийсан. Лекин биз сўраган маълумотларни етказиб турасан”, дейишади. Ундан менга нима фойда, деса: “Ўзбекистонга қайтиб келганингдан кейин ўз соҳангда кўтарилмоқчи бўлсанг, биз ëрдам берамиз. Президент тасдиқлаган шахсларгина кўтарилади. Президент эса биз берган шахсларни тасдиқлайди. Шунинг учун сен агар келажагингни таъминламоқчи бўлсанг, бизга ишлагин”, дейишади. Шундан кейин: “Сен яхши боласан. Сен ватан учун бу қилишинг керак, у қилишинг керак”, деб ватанпарварлик ҳислари тўғрисида гапира бошлашади. Хуллас, бу “обработка” анча давом этади. Масалан, мен битта, иккита болаларни биламан. Уларнинг орқасидан 6 ойдан бери юришибди”,- дейди Нодирбек.

Нодирбек назарида, ўзбеклар орасида чақимчиларнинг кўпайиши ўзаро ишончга путур етказмоқда.

Унинг таъкидича, бир-бирининг устидан ëзиб кун кўриш ўзбеклар зеҳниятида Сталин қатағонлари пайтида ерлашган бир иллат.
XS
SM
MD
LG