Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 02:57

Абдуллоҳ Гул Арманистон ва Озарбойжон яқинлашувини истайди


Туркия президенти Абдуллоҳ Гул Анқарада “Кавказ ташабббуси”га пойдевор қўйилишини билдирди. “Озодлик”нинг Озарбойжон хизматига интервью берган Гул ўзининг Арманистонга ташрифи минтақадаги барқарорлик учун отилган жиддий қадам бўлганини таъкидлади.

Эслатиб ўтамиз, Туркия президенти ўтган ҳафта Арманистонга футбол томоша қилишга борган эди. Турк футболчилари арманларни ўз майдонида иккию нолга ютиб ғалаба қозонди.

“Аммо бу ўйинда сиëсат ютиб чиқди”,- деб ëзди турк газеталари.

Туркия тарихида биринчи бора Туркия президенти Арманистонга ташриф буюриши таҳлилчилар назарида Кавказ минтақаси учун катта аҳамиятга эга бўлди.

Арманлар Усмонли империяси даврида қатлиом қилиндик, деб гина қилса, турклар назарида арманлар Хўжалида гўдакларни ўлдирган, Қорабоғни ишғол қилган бир ëвузлик манбаи.

Абдуллоҳ Гул Арманистон ва Туркия ўртасидаги муносабатлар кўпригини тиклаш учун ўрнидан қалққанини айтади.

“Биз руҳиятимизни ўзгартирмоғимиз керак. Тинчлик ва барқарорлик ҳаммамизнинг мақсадимиз. Тинчлик ва барқарорлик юзага келиши учун бир ечимга келишимиз керак. Туркия ва Арманистон ўртасидаги ҳамда Озарбойжон ва Арманистон орасидаги муаммолар бу нафақат икки тарафнинг, балки бутун Кавказ минтақасининг муаммоларидир”,- деди А.Гул.

А.Гул Озарбойжон Арманистон давлатлари ўртасида ҳам борди-келди тикланишини истайди:

“Биз Озарбойжон ва Арманистон ўртасидаги муносабатлар ривожланишини истаймиз ва қўллаб-қувватлаймиз. Аммо кўз юмиб бўлмайдиган бир ҳақиқат ҳам бор. Бундан 17 йил олдин иш бошлаган ЕХҲТнинг Минск гуруҳи икки давлат муросаси йўлида бирор натижага эриша олмади. Ҳозир Кавказда тошлар жойидан қўзғалди. Кавказда хайрли ўзгаришлар бўлишини кутмоқдамиз. Иншооллоҳ, шундай кун келади. Биз эса сиз билан бу кунни байрам қиламиз”.

Россия ва Грузия ўртасидаги ҳарбий низодан сал ўтиб, Туркия Жанубий Кавказда ўз мавқеини мустаҳкамлаши мумкинлигидан ишорат берди. Бу ташаббусга кўра, Туркия, Россия, Грузия, Арманистон ва Озарбойжон бир орага келиб, мавжуд муаммо ечисини изламоғи керак.

Ҳарбий низо минтақадаги савдо-сотиқ алоқаларига ҳам халал берган эди.

Расмий Анқара учун энергетик рафоқ умиди бўлган Боку-Жайҳон-Тбилиси нефть қувури истиқболи ҳам минтақадаги ҳарбий низо боис, боши берк кўчага кириб қолди.

Айни пайтда турк ташаббусининг жорий бўлишига умид берадиган некбин ишоратлар ҳам бор.

6 сентябр куни Туркия президенти Абдуллоҳ Гул тарихий тўсиқларни енгиб ўтиб Арманистонга сафар қилди. У Еревандаги турк-арман футбол мусобақасини ҳам томоша қилди.

Қарс икки қўлдан чиқади. Туркия тарафидан узатилган қўл истиқболига денгизга чиқиш йўли бўлмаган Арманистон ҳам пешвоз чиқди.

Кавказда барқарорлик ташаббуси билан чиққан Абдуллоҳ Гул 10 сентябрь куни Озарбойжонга расмий ташриф билан боради.
XS
SM
MD
LG