Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 21:45

Ўзбекистон яна Қирғизистонни айблади


Ўзбекистон Қирғизистонни минтақага тегишли сув захираларини ўзбошимчалик билан ўзлаштириб олаётганликда айблади. Ўзбек газеталарида эълон қилинган мақолаларда айтилишича, Қирғизистон минтақа давлатлари имзолаган бир қатор шартномаларни бузган ҳолда Ўзбекистонга сув беришдан бош тортаётир.

Ўзбек томонининг билдиришича, Қирғизистон электр энергияси ишлаб чиқаришни кўпайтириш эвазига фойда топиш мақсадида Ўзбекистон далаларини сувсиз қолдириб, оддий ўзбек деҳқонини бир йиллик даромадидан маҳрум қилмоқда.

Қирғизистон энергетика ва сув захиралари вазири Сапарбек Балқибеков Ўзбекистон тарафининг бундай айбловлари куракда турмаслигини айтди.

“Ҳақиқатнинг юзига тик қарашга мажбурмиз. Биз сувни бўғиб, уни оқизмай қўя олмаймиз. Чунки бусиз электр энергиясини ишлаб чиқариб бўлмайди. Шунинг учун қўшни давлатларга сув бермай қўйишнинг асло иложи йўқ”,-деди Сапарбек Балқибеков.

Лекин Ўзбекистон ҳукумати назарида минтақада сув муаммосининг пайдо бўлишига, биринчи навбатда, Қирғизистон айбдор.

Ўзбекистон матбуотида айтилишича, Қирғизистон минтақа давлатлари, жумладан, Ўзбекистонга бериладиган сувдан ўзбошимчалик билан фойдаланмоқда. Ҳолбуки, бу сув минтақадаги барча давлатларники.

Бироқ Қирғизистон сув департаменти раҳбари Баратали Қўшматов Ўзбекистонга бериладиган сув миқдорининг ўта озайтирилгани сув захирасининг камайиб кетгани билан боғлиқлиги ва бундан ҳеч қандай сиёсий хулоса чиқариш керак эмаслигини билдирди.

“Гидрология илмида камсувлик жараёни 3 йилдан беш йилгача давом этиши тасдиқланган. Бу йил сув жуда кам бўлди. Ҳатто кўпгина булоқлар қуриб қолди”,- деди қирғиз расмийси.

Расмий Тошкент фикрича, Қирғизистон сув танқислигидан қўшни давлатларга босим кўрсатиш мақсадларида фойдаланмоқчи бўлаётир. Масалан, расмий Бишкек Ўзбекистон, Қозоғистон ва Тожикистондан тўрт томонлама шартномани имзолашни талаб қилаётир. Агар бу шартнома имзоланса, қўшни давлатлар сув эвазига айрим мажбуриятларни зиммасига олишига тўғри келади. Қозоғистон ва Тожикистон бу шартномани имзолашга тайёрлигини билдирган. Бироқ Ўзбекистон бундан бош тортиб келаётир.

Кузатувчилар фикрича, расмий Бишкек ҳам, расмий Тошкент ҳам сув масаласида муросага бормоқчи эмас. Бунинг оқибатида эса ўзбек, қозоқ ва тожик далалари сувсиз қолмоқда. Бу эса минтақа давлатлари ўртасидаги зиддиятни янада кучайтириши мумкин.

“Марказий Осиëдаги сув муаммоси бугун юзага келган эмас. Бу мустақилликдан бери давом этиб келаëтган муаммо. Бу муаммо кундан-кунга кучайиб, қўрқинчлироқ тус олиб бормоқда. 1990 йилларнинг ўзида бу масала координал ҳал қилиниши керак эди. Шу билан бирга, сувлар тўғонлар ëрдамида тўсилди. Албатта, уни қанақадир харажатлари бор. Ўз навбатида, Ўзбекистон ҳам эксплуатация харажатларини кўтариши керак эди. Бу масалаларда келишув бўлмади. Натижада бир томоннинг иккинчи томонни айблаши кўпайиб кетди”,- дейди тошкентлик кузатувчи Комрон Алиев.

Қирғизистон энергетика ва сув захиралари вазири Сапарбек Балқибеков эса Тошкентнинг бундан аввал қилган даъволарига жавоб берар экан: “Биринчидан, Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида сув борасида ҳеч қандай шартнома йўқ. Биз бу йил шартнома имзолайлик, деб қатор ҳаракатларни амалга оширдик. Афсуски, ўзбек тарафи бунга рози бўлмади. Шундоқ экан, Қирғизистон Ўзбекистон олдида ҳеч қандай мажбуриятларга эга эмас”,- деганди.
XS
SM
MD
LG