Линклар

Янги совуқ уруш бошланиши учун асослар борми?


Сўнгги кунларда Россия раҳбарияти Ғарб ва АҚШ билан алоқаларнинг совуқлашуви, жумладан, янги совуқ уруш учун ҳеч қандай асослар йўқлиги тўғрисида баёнотлар қилди.

Бироқ Россиянинг Грузия билан можароси, унинг исёнчи ўлкалари мустақиллигини тан олиши Грузияни ўзига иттифоқчи билган Ғарб давлатлари билан расмий Кремль ўртасидаги алоқаларни анча мураккаблаштирган.

Россия НАТО учун Афғонистондаги ҳарбий кучлар таъминотини таъминлашга энг яқин йўлак эди. НАТОнинг Россиянинг Грузиядаги ҳарбий ҳаракатларини қоралаши, Тбилисини маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаши расмий Кремлнинг жиғига тегаётгани сезилиб қолмоқда.

“Биз НАТОдан Грузияга олий даражадаги ташрифлар уюштирмасликни илтимос қиламиз. Негаки, Грузия расмийлари тарафидан бундай ташрифлар шахсан Саакашвилини сиёсий ва маънавий қўллаб-қувватлаш сифатида талқин қилинмоқда”,- деди Россиянинг НАТОдаги вакили Дмитрий Рогозин.

НАТО Кремлнинг бу талабини қондирадими ёки йўқми, ҳозирча номаълум, бироқ таҳлилчилар бусиз ҳам НАТО ва Россия ҳамкорлигига дарз кетганини таъкидламоқда. Шундай шароитда Ғарб ва Россиянинг халқаро террорчиликка қарши кураши самарали натижалар бериши мумкинми?

Ўзбекистонлик сиёсатшунос Суҳбат Абдулла фикрича, муносабатларнинг совуқлашуви учинчи кучлар учун қулай имкониятларни пайдо қилиши мумкин.

“Агар Ғарб билан Россия ўртасида совуқ уруш мезонлари бошланиб кетадиган бўлса, бу масалада Ғарб ҳам, Россия ҳам терроризмга қарши курашда ютқизган бўлади. Улар ҳозир ўзлари истамаган ҳолатда учинчи бир кучни сандиқдан чиқариб юборишга йўл берган бўлади”,- деди С.Абдулла.

Тошкентлик сиёсатшунос Тошпўлат Йўлдошев эса Суҳбат Абдулланинг “учинчи кучлар”, деган фикрига аниқлик киритди.

“Агар АҚШ билан Россия алоқалари орқага кетадиган бўлса, халқаро терроризм ҳам қайсидир бир давлатнинг кучига таянамиз, деган фикрга бориб, ўзининг террор амалиëтларини кучайтириши мумкин”,- деди Т.Йўлдошев.

Қозоғистонлик сиёсатшунос Эдуард Полетаев фикрича, Ғарб ва Россия муносабатларининг совуқлашуви халқаро террорчиликка қарши кураш ишига деярли катта салбий таъсир кўрсата олмайди.

“Террорчиликка қарши кураш Ғарб ва Россия ҳамкорлигида асосий ўринни эгалламайди. Ғарб ва Россия муносабатлари, асосан, энергетик захиралардан фойдаланиш негизида қурилган. Террорчиликка қарши курашда эса Россия собиқ постсовет давлатлар билан ҳамкорликда ўқув машғулотлари ўтказиш билангина чекланади. Ғарб ва Россия ўртасида ҳамкорликнинг бу йўналиши охирги ўринларда”,- деди Эдуард Полетаев.

Ўз фикрини давом эттирар экан, Эдуард Полетаев айни пайтда Россия террорчиликка қарши Ғарб билан ҳамкорликдан кўра, кўпроқ ўз ҳудудлари хавфсизлигини таъминлашдан манфаатдор эканини айтди.

“Менимча, Москва Грузия ва Ғарб давлатлари билан алоқалари ёмонлашгач, ўз ҳудудида террорчилик ҳаракатлари содир этилиши мумкинлигини эътиборсиз қолдирмайди. Ҳар ҳолда бунга алоҳида эътибор қаратилади”,- деди Эдуард Полетаев.

Мана шундай шароитда Ўзбекистон Ғарб билан яқинлашиб, унинг террорчиликка қарши курашдаги стратегик ҳамкорига айлана олиш салоҳиятига эгами?

Суҳбат Абдулла бу саволга жавоб берар экан: “Бу сиëсатда бўлаëтган форс-мажор ҳолати. Ўзбекистонга ўхшаган давлатларнинг бу ҳолатдан фойдаланиб қолиш имконияти мавжуд. Масалан, армияни замонавийлаштиришда Ғарбдан ëки Россиядан жуда катта кўмак олиши мумкин. Ҳозир Ўзбекистон бу масалани оқилона ҳал қилиб, ўз фойдасига ишлатса бўлади. Бу Ўзбекистоннинг дипломатиянинг қулай бўлиб турган вазиятидан қандай фойдаланишига боғлиқ”,- деди.
XS
SM
MD
LG