Линклар

logo-print

Ўзбекистон президентининг Озарбайжонга сафари якунига етди


Икки кун мобайнида ўтказилган музокараларда иқтисодий ва маданий алоқларга оид бир қатор ҳужжатлар имзоланди. Президентларнинг матбуот вакиллари олдида қилган чиқишларидан маълум бўлдики, учрашув чоғида Кавказдаги вазият, Жанубий Осетия муаммоси ва Озарбайжоннинг Арманистон билан талош бўлаётган Тоғли Қорабоғ ҳудуди масалалари ҳам муҳокама қилинган.

Озарбайжонга расмий ташрифи чоғида Ўзбекистон президенти Ислом Каримов Кавказдаги муаммоларни ҳал этишда Озарбайжон таклифларини қўллаб-қувватлашини билдирди.
"Ўзбек тарафи ҳар доим Тоғли Қорабоғ муаммоси тинч сиёсий йўл билан ҳал этилиши лозимлигини таъкидлаганини, таъкидлаб келаётганини ва таъкидлашини тасдиқлади. Бу муаммони ҳал этишнинг асосий шартларидан бири Озарбайжоннинг ҳудудий яхлитлигини сақлаб қолишда, деб ҳисоблаймиз. Тоғли Қорабоғ муаммосини ҳал этиш борасида Озарбайжон тарафи таклиф этаётган модел энг оптимал ва ҳар томонлама амалийдир”, -деди Ўзбекистон президенти.
Озарбайжон президенти Илҳом Алиев эса ўзбек президентининг ўз мамлакатига ташрифи ўта муҳим аҳамиятга молик эканини урғулади. Илҳом Алиевга кўра, Ўзбекистон ҳам, Озарбайжон ҳам ўз минтақаларида кучли позицияга эга бўлган давлатлардир. Шу жиҳатдан ҳам бу ҳамкорлик диққатга сазовордир.
"Биз Ўзбекистон билан қўшма лойиҳаларни амалга оширишни истаймиз. Бу лойиҳалар янада кўпроқ кооперацияга, қўшма ишлаб чиқаришга, қўшма сармоялар ётқизишга оид бўлишини таъкидлаймиз”, -деди Илҳом Алиев.
Ўзбекистон президенти расмий Тошкент ҳам бундай ҳамкорликдан манфаатдор эканини билдирди.
"Бугун давлатлараро ва ҳукуматлараро даражада саккизта ҳужжат имзоланди. Бундан ташқари саккизта контракт ҳам имзоланди. Бу эса Озарбайжон билан ҳамкорлигимизнинг асосий импульси бўлиб қолади", -деди Ислом Каримов.
Айни пайтда рус матбуоти Ўзбекистон президентининг Озарбайжонга ташрифига “Кремл иштирокисиз ўйинлар”, деб таъриф бермоқда. “Независимая газета”нинг ёзишича, “президентлар Жанубий Осетия масаласида Россияга нисбатан ягона позицияни ишлаб чиқиш борасида маслаҳатлашганлар”. Рус матбуотининг ёзишича, Ислом Каримов Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотининг Россия позициясини қўллаган декларациясини имзолаган эсада, ўз нуқтаи назарини вазиятнинг ривожланишига қараб ўзгартириши мумкин ва бу “Кремл ишитрокисиз ўйинни давом этдириш” ҳаракатидир.
Озарбайжонлик сиёсатшунос Азар Ашдўғли бу ҳақда гапирар экан мана буларни қўшимча қилади:
“Мухолифатнинг босим остида экани, демократик институтларнинг мавҳ этилгани, диндорларнинг тазйиқ остида экани, инсон ҳуқуқларига амал қилинмаслиги Ўзбекистон ва Озарбайжоннинг ўхшаш жиҳатларидир. Шу боисдан бу икки давлат жуда кўп сиёсий масалаларда якдилдирлар ва бир-бирларининг позицияларини қўллаб қувватлайдилар”, -деди Азар Ашдўғли.
Кузатувчиларга кўра, икки давлат президентлари учрашуви чоғида газ масаласи ҳам асосий ўринни эгаллаган. Жанубий Осетиядаги вазият туфайли Кавказ ҳудуди ғарб сармояси учун иқтисодий жозибасини йўқотди, деб ҳисоблайдилар кузатувчилар. Шунинг учун ҳам Озарбайжон ўз газини сотиш масаласида муқобил йўналишларни излаётир. Мутахассисларга кўра, Хитой йўналиши Озарбайжон учун муқобил йўлдир. Бу йўналиш эса Ўзбекистон орқали ўтиши мумкин. Бироқ, президентлар ўз чиқишлари чоғида бу масалага ойдинлик киритмадилар.
XS
SM
MD
LG