Линклар

Ўзбекистонда Адвокатлар ассоциацияси негизида Адвокатлар палатаси ташкил қилинди


Мехрибон Эндиликда мамлакатдаги барча адвокатлар ушбу ташкилотга мажбурий тарзда аъзо қилиниб, адвокатлар нуфузини кўтариш мақсад қилинган. Бугунги кунда Ўзбекистонда адвокатура тизимида салбий ҳолатлар кўплиги, адвокатлар оқловчи эмас воситачилик вазифасини ўтаётгани кузатилади. Ҳўш, эндиликда адвокатура тизимида ижобий ўзгаришлар бўладими?

12 сентябр куни Тошкентда Ўзбекистон адвокатлар палатасининг таъсис конференцияси ўтказилди. Шу пайтгача фаолият кўрсатиб келган адвокатлар ассоциацияси адвокатлар палатасига айлатирилди. Бу ташаббусга шахсан Президент Ислом Каримовнинг ўзи бош қош бўлиб, айни тадбир натижасида адвокатура тизимида ижобий ўзгаришлар қилиш режалаштирилгани таъкидлаган. Ҳар ҳолда президент жаноблари имзолаган “Ўзбекистон Республикасида адвокатура институтини янада ислоҳ қилиш чора тадбирлари тўғрисида”ги фармонидан кўзланган мақсад шундай эди.
Эндиликда Ўзбекистон адвокатлар палатасига ўзгартирилган адвокатлар ассоциацияси ходими Сафар Пардаев Адвокатлар палатаси ташкил қилинишининг фойдали томонлари кўплиги ҳақида гапиради.
“Биринчидан бутун республика бўйлаб адвокатларнинг корпоратив бирлиги таъминланади. Уларни кўрсатаëтган юридик ëрдамини назоратини амалга ошириш имконияти пайдо бўлади. Кейин палата адвокатура бўйича адвокатларни манфаатларини давлат органларида ифодалаш имкониятига эга бўлади яъни шунақа ваколат берилади”.
Адвокат Рустам Тўлаганов фикрича, адвокатларни мажбурий тарзда Адвокатлар палатасига аъзо қилдириш, бу улар фаолиятини юқоридан бошқариб туришнинг бир кўриниши, холос.
“Адвокатларни чегаралашни яна бир йўли деб ҳисоблайман. Бизни биров ҳимоя қилмаса, бизни палатага кирганимиз бизга нима беради? Уни ҳеч керак жойи йўқ. Сифат ҳам ўзгармайди, иш ҳам ўзгармайди. Номи ўзгарган билан адвокат ўзи бориб индамасдан қўл қўйиб бераверса, бу нима натижага олиб келади? Бу ҳеч қанақа яхшилик томонга ўзгармайдику. Оқлов ҳукмлари чиқмаса, тергов ҳақиқий олиб борилмаган дейдиган қайтариш институтлари тикланмаса, бу бефойда нарса”.
Кейинги пайтда жуда кўплаб мухолифатчилар, ҳуқуқ фаоллари, мустақил журналистлар каби эркин фикрли шахсларнинг ҳибсга олиниш ҳолатлари кўпайгани ва бу каби ҳолатларда барча адвокатлар ҳам уларни ҳимоя қилишга журъат эта олмаётганлари кузатилади. Ўзбекистонда бу каби шахслар ҳимоясига бел боғлаган саноқли адвокатларгина фаолият кўрсатмоқда. Шулардан бири адвокат Руҳиддин Комилов фикрича, бугунги кунда маҳкама жараёнларида адвокатлар фикри умуман ҳисобга олинмайди.
“Палаталар ташкил қилиниб, шакл ўзгарган билан мазмун яна жойида қолаверади. Адвокатни 100та қонуний талабини биттаси ҳам инобатга олинмаяпти. 100та ишдан бўлмадим деганда 10тасига оқлов ҳукми чиқиши керак. Бизда бунақа ҳолат ҳеч мавжуд эмас. Фармон ва қарор билан адвокатура тизимини ислоҳ қилиб бўлмайди. Баъзи бир фармонга қарши тегишли мутасадди шахслар адвокатларни қонуний ҳуқуқларини, ваколатларини суистеъмол қилиб топтаса, бунда адвокатни ваколати ҳам кўпаймайди, обрўси ҳам ошмайди”.
Бир неча бор маҳкамага тортилиб, адвокатлар хизматидан фойдаланган қашқадарёлик ҳуқуқ фаоли Ёдгор Турлибеков, ўзбекистонлик адвокатларни воситачиликда айблайди.
“Адвокатлар судя билан жабрланувчилар орасидаги воситачи. Судга қанча пул бериш керак, қанча пулга қудрати етади. Афсуски, адвокатлар ана шундай даллоллик вазифасини ўтаб келишга хизмат қилаяпти. Ўзбекистонда адвокатларни умуман айтганда 95 фоизини фаолияти йўқ деб ҳисоблайман”.
Маълумотларга кўра, айни пайтда Ўзбекистонда 5000 дан зиёд адвокат фаолият кўрсатмоқда. Шу пайтгача уларнинг 40 фоизи Адвокатлар ассоциациясига аъзо бўлган. Собиқ адвокат Фуад Рўзиев ҳам Тошкент шаҳар адвокатлар ассоциясининг аъзоси бўлган.
Фуад Рўзиев мафия бошлиғи сифатида қораланиб, 20 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган хоразмлик Худайберган Нафуллаевга ҳимоячилик қилаётган пайти безориликда айбланиб ҳибсга олинган ва кейинчалик адвокатлик лицензиясидан маҳрум қилинганди.
“Қонунда ëзилган, олий суднинг қарорларида тасдиқланган талабларни бузиб суд ўтказилгани учун мен қонуний талабларни кўтараверганимдан кейин, мени атайлабдан шунақа қилиб қамаб қўйишди”.
Фуад Рўзиев Ўзбекистон ҳуқуқ тартибот органларида шаклланган ўзбошимчаликнинг қурбони бўлганлиги таъкидланади.
Ўзбекистонда судья ва прокурорлар ноғорасига ўйнамайдиган адвокатларнинг барчасига нисбатан шу каби муносабатлар кузатилади.
XS
SM
MD
LG