Линклар

logo-print

Ўзбекистон ҳукумати бу йил болалар меҳнатидан қатъиян воз кечишга ҳаракат қилаётган кўринади. Зеро, пахта далаларига бу йил болалар жалб этилмаяпти. Ҳатто, тирикчилик учун пахта теримига чиқаётган болаларни милиция ходимлари қувиб юбормоқда, ота-оналардан боласини пахтага чиқармаслик ҳақида тилхат ҳам олмоқдалар. Хўш, унинг сабаби нимада? Ҳақиқатан ҳам ҳукумат болаларга ичи ачий бошладими ёки бола меҳнатидан етиштирилган пахтасини жаҳондаги пахта харид қилувчи компаниялар бойкот қилишидан чўчидими?

Бу йил мактаб ўқувчиларининг пахта далаларига қувилмаётганидан, улар мактабда ўқишларини бемалол давом эттира олишларидан, энг аввало болаларнинг ўзлари хурсанд, дейди жиззахлик ўқитувчи. “Болалар жуда ҳам хурсанд. Энди улар бемалол мактабда ўқийдида. Бемалол билим олади. Бу қарор жуда ўринли бўлди”.
Бу йил ҳукумат бу масалага жуда қаттиқ киришган кўринади, дейди ўқитувчи.
Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон бош вазири Шавкат Мирзиёев ҳокимлар билан ўтказиладиган селектр мулоқотида бу ҳақда жуда қаттиқ кўрсатма берган. Синф раҳбарлари ота-оналардан болаларини пахтага чиқармаслик ҳақида тилхат олиб, мактаб директорига, директор эса ўз навбатида ҳокимиятга топширмоқда.
“Ота-оналар болаларини пахтага чиқармаслик тўғрисида тилхат ëзиб беришган. Бу нарса мажлис чақирилиб ота-оналарга айтилди. Ҳозир болалар умуман пахтага жалб қилингани йўқ”. Жиззахлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Маъмуржон Азимовнинг айтишича, оғир иқтисодий шароитда яшаётган оилалар ҳар йили пахта терими пайтида бутун кучини пахта теримига бағишлаб, уч-тўрт сўм пул ишлаб олар эдилар. Шунинг учун ҳам ота-оналарнинг ўзлари бу йил ҳам болаларини пахта теримига олиб чиқмоқдалар.
“Иқтисодий шароит одамларни шунга мажбур қилдики, пул бўлмаганлиги сабабли мактабга кийим-кечак қилиб бермаганлиги учун болалари билан бирга пахтага чиқиб, пахта ҳисобига мактаб болаларига кийим-кечак қилиб бериш мақсадида ота-оналарни ўзлари болаларни пахтага жалб қилаяпти”.
Жиззахлик ўқитувчи эса бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун милиция ходимлари назорат қилаётганини айтади:
“Тўғри шунақа ҳолатлар ҳам бўлаяпти, лекин милициялар қўймайди. Автобусдан тушириб олиб қолаëтганлари ҳам бўлаяпти. Тирикчилик учун болаларини чиқарадиганлар ҳам бор. Лекин болалар оммавий тарзда мактабга жалб қилинган. Шунақа қарор чиққан. Ҳеч ким пахтага чиққани йўқ. Фақат катталар чиқаяпти”.
“Ҳозирча институтларга эълон қилди. Институтларни, университетларни биринчи курсларини пахтага чиқарди. Мактаб, лицей, коллежларни болаларини ҳозирча чиқармаяпти. Ҳукумат томонидан болаларни пахтага қатъиян чиқармаслик тўғрисида буйруқ бор”, деб қўшимча қилди бухоролик инсон ҳуқуқи ҳимоячиси Шуҳрат Ғаниев.
Кузатувчиларнинг айтишларича, ҳукуматнинг бундай қарорига бу йил бир қанча ғарб етакчи компанияларининг агар бола меҳнатидан фойдаланилса, ўзбек пахтасини сотиб олишга бойкот эълон қилиш ҳақидаги баёноти сабаб бўлган. Зеро, бу йил мустақил Ўзбекистон тарихида биринчи бор бундай қарор қабул қилинди. Лекин бу қарор қанчалик ўз кучини сақлаб қолади, ёки йўқ, у саволга ҳали ҳеч ким аниқ жавоб беролмайди. Чунки, ўтган йиллар давомида Ўзбекистон пахтасининг асосий қисмини мактаб, лицей ва коллеж ўқувчилари териб берарди.
XS
SM
MD
LG