Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:31

Рус қўшинлари Грузия ҳудудидаги постларни тарк этмоқда


13 сентябрь куни Грузиянинг Набада ва Патара Потида жойлашган ҳарбий базалар, Грузиянинг стратегик порти ҳисобланган Поти шаҳри ташқарисига ўрнатилган пост, Теклати ва Пирвели Майси, шунингдек, Сенаки шаҳри яқинидаги постлардан Россия кучлари олиб чиқилди.

Грузия Миллий хавфсизлик кенгаши раҳбари Александр Ломая бу маълумот тўғри эканини тасдиқлади.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Андрей Нестеренко Поти-Сенаки йўналишида Россия кучларини олиб чиқиш 8 сентябрь куни Россия ва Европа Иттифоқи ўртасида эришилган келишувга мувофиқ амалга ошаётганини айтди.

Бироқ Грузия расмийси Россиянинг тахминан 1200 ҳарбийси 19 та постда қолаётгани, шунингдек, Абхазия ва Жанубий Осетия ташқарисидаги 12 та позицияда ҳам Россия кучлари борлигини билдирди.

ЕИнинг 200 кузатувчиси 1 октябрга қадар Грузияга етиб келганидан кейин Россия ўз кучларини 11 октябргача Грузиядан олиб чиқишга ваъда берган.

“Озодлик”нинг Потидаги мухбири Теа Абсаридзе Россия қўшинларининг шаҳардан олиб чиқилаётганини кузатди.

“Бугун эрталаб соат саккизда россиялик босқинчилар ва уларнинг зирҳли машиналари Поти шаҳрини тарк этди. Юк тўла саккизта трейлер ва 10 та зирҳли машина шаҳардан чиқиб кетди. Бугун Россия аскарлари журналистларга нисбатан тажовузкор бўлгани йўқ. Улар қўлларини силкиди, аммо ҳеч нарса гапирмади”, – деди “Озодлик” мухбири.

8 сентябрь куни Москва Грузия ҳудудидаги хавфсизлик зонаси ва Жанубий Осетия ташқарисидан, шунингдек, бир ой муддат ичида Абхазиядан ўз қўшинларини олиб чиқишга рози бўлган эди.

Россия президенти Дмитрий Медведев ва ЕИга раислик қилаётган Франция президенти Николя Саркози ўртасида эришилган келишувга мувофиқ Россия томони Поти яқинидаги ва Грузия ғарбида жойлашган Сенакида ўрнатилган бешта постдан ўз ҳарбийларини 15 сентябрга қадар олиб чиқиши керак.

Ўтган ой Грузиянинг иккала айирмачи ўлкалари мустақиллигини тан олган Россия 8 сентябрда келишувга эришилганидан кейин Жанубий Осетия ва Абхазияга 7600 аскардан иборат қўшинлари жойлаштирилишини билдирди.

Айни пайтда 13 сентябрь куни Грузия Ички ишлар вазирлиги Абхазия чегараси яқинида Грузия полициясининг бир ходими отиб ўлдирилганини билдирди.

ИИВ матбуот вакили Шота Утиашвилининг маълум қилишича, полициячи Абхазия ва Россия аскарлари жойлашган пост яқинидан отилган ўқдан ўлган.
XS
SM
MD
LG