Линклар

Болалар меҳнатига чек қўйилади...ми?


12 сентябр куни Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси “Энг ёмон кўринишдаги бола меҳнатидан фойдаланишни таъқиқлаш ва уни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисидаги конвенцияни ратификация қилиш ҳақидаги қонунни амалга ошириш чора тадбирлари бўйича” қарор қабул қилди.

Ушбу ҳужжатни амалга ошириш учун миллий дастур тузилиб, унга мувофиқ мамлакатда болалар меҳнатидан фойдаланиш қатъий таъқиқланади.

Ҳўш, янги хужжат ва жорий йилда кетма кет қабул қилинаётган айни мазмундаги қонунлар мамлакатда болалар меҳнатидан фойдаланишни таъқиқлашга қодирми?

Ўзбекистонда болалар меҳнати кенг миқёсда эксплуатация қилиниши кўпчиликка сир эмас. Айниқса, қишлоқ жойларда мактаб ўқувчилари баҳорги ва кузги дала ишларига доимий равишда жалб қилинади. “Эзгулик” жамияти фаоли Абдураҳмон Ташанов, жорий йилда болалар меҳнатини таъқиқлаш бўйича кетма-кет қабул қилинган хужжатлардан сўнг ҳам, мамлакатда болалар меҳнатидан фойдаланиш тўхтамаётганини ва бу ҳолатнинг бартараф қилиниши учун яна бир неча йиллар зарурлигини айтади.

“Республикани ҳар жойида ҳар хил вазият. Бир жойларда болалар пахтага чиқарилган, бир жойларда йўқ. Энг асосий муаммо Ўзбекистон ҳукумати пахтани болалар ëрдамисиз териб ола олмайди. Ҳукумат болаларни пахтага чиқармаслик муаммосини тан олса ҳам, бу муаммони яқин 4,5 йил ичида еча олмайди деб ўйлайман”, дейди Абдураҳмон Ташанов.

“Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари” ташкилоти раҳбари Надежда Отаева,
Ўзбекистонда бундан кейин ҳам болалар ҳуқуқларининг поймол қилиниши давом этишини ва кейинги икки йил мобайнида ҳам бола меҳнатидан фойдаланиб, бу жараён ҳар қачонгидан кўра яширинроқ тарзда амалга оширилишини айтар экан, бунинг сабабларига тўхталади.

“2000 йилда бир тонна пахта 1000, 1200 доллар атрофида эди. Ҳозир эса биз биламизки, Ўзбекистон ҳукумати пахта таннархини тушириш сиёсатини юритмоқда. Бу сиёсатни эса болалар меҳнатидан фойдаланмасдан амалга ошириб бўлмайди. Бундан ташқари, Ўзбекистонга халқаро конвенция талабларини ҳаётга тадбиқ этишни таъминлаш ишларига камида икки йиллик муддат керак бўлади”, - дейди Надежда Отаева.

Янги қонунларгага кўра, агар 14 ёшга тўлган бола меҳнатга жалб қилинса, бу унинг соғлигига зарар келтирмайдиган, ўқув жараёнига халақит қилмайдиган ҳолатларда, мактабдан бўш пайтларидагина амалга оширилиши шарт.

Ўзбекистон халқ таълим вазирлигининг болалар ижтимоий ҳимояси бўлими ходими Ўлмас ака янги қонунларнинг амалга тадбиқ этилиши борасида “Қонун нормаларига асосланган ҳолда ҳимояланади, албатта. Болалар меҳнати таъқиқланади, унга ҳаракат қилинади ва қонунга риоя қилиниши шарт” дер экан,
“Бу қонун қишлоқ жойларида мактаб ўқувчиларини дала ишларига жалб қилинишига чек қўядими? Болалар меҳнатидан фойдаланишни бартараф этадими?” деган саволимизга узоқ ўйланишлардан сўнг “Чек қўйилади” деган жавобни берди.

“Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти, мутасаддилар болалар меҳнати таъқиқланишини таъкидлаётган бир пайтда, 9 сентябрдан бошлаб Сирдарё вилоятида коллеж ва лицейлар ўқувчилари пахта теримига жалб қилингани ҳақида хабар қилади. Сирдарёлик ўқитувчи ва ҳуқуқ фаоли Исроил Ризаевга кўра, ўрта умумтаълим мактабларининг юқори синф ўқувчиларини ҳам пахта теримига жалб қилиш эҳтимоли бор. Чунки, дейди ҳуқуқ фаоли, 9 синф ўқувчиларини ҳам мазкур кампанияда иштирок этишлари учун чора-тадбирлар бошлаб юборилган.

“Афсуски, мактабларда бўладиган йиғилишларда болаларга пахта теримига тайëр туришлари ҳақида айтилмоқда.Маҳаллий ҳокимиятларда ҳам шундай гап-сўзлар бўлибди”, деди Исроил Ризаев.

Кўпчилик жорий йилда болалар меҳнатини таъқиқлаш бўйича бир қанча қонунлар имзолангани натижасида мамлакатда болалар эксплуатацияси тўхтатилишидан умидвор.

Лекин Ўзбекистон ҳукумати 1992 йилда БМТнинг болалар ҳуқуқи борасидаги халқаро конвенцияни имзолагани эътиборга олинса, кузатувчилар расмий Тошкент ҳеч қачон бу конвенция талабларини бажармаганлигини таъкидлаб келишади.
XS
SM
MD
LG