Линклар

logo-print

Бу швед журналисти Эллин Йонссоннинг янги китоби. Бу китобда 2005 йил май ойидаги Андижон воқеалари борасидаги маълумотлар жамланган. Китоб Швециянинг “Эрзатц” босмахонасида чоп этилиб, швед ўқувчиси қўлига етиб борган.

Эллин Йонссон 2005 йил май ойида Андижонга боришга муваффақ бўлган оз сонли хорижий журналистлардан бири. У ўша кунлари оддий андижонликлар, кейинроқ эса қочқинлар билан суҳбатларни ёзиб олган. Эллин Йонссон “Оммавий қирғинни яшириш санъати” китоби ҳақида гапирар экан¸ мана буларни айтди:

“Бу Ўзбекистон, албатта, қатлиом ва Андижондаги каби оммавий қотилликни қандай яшириш мумкинлиги ҳақидаги китобдир”.

Муаллифнинг айтишича, оддий европаликлар, жумладан шведларнинг ҳам кўпчилиги Андижон воқеалари ҳақида маълумотга эга эмаслар.

“Афсуски¸ улар жуда кам нарса биладилар. Бу жуда ачинарли, жуда афсусланарли ҳолатдир. Масалан, Грузия воқеалари содир бўлган пайтда ҳам кўп одамлар “Грузия деганлари қаерда ўзи?”, деб савол бердилар. Фожеавий ҳудудларга бундай муносабат бўлиши мумкин эмас. Одамлар бу воқеалар тўғрисида тўлиқ маълумот олишлари, бу воқеаларни унутмасликлари, хулоса чиқаришлари зарур”, - дейди Эллин.

Шу мақсадда муаллиф ўз асарини барча европа тиллари ҳамда ўзбек тилига таржима қилдириш ниятида эканини айтади. Унга кўра, айни пайтда Германиядаги ҳамкасблари бу китобни немис тилига таржима қилишга қизиқиш билдирганлар. Эллин Йонссоннинг китоби Швеция Ташқи Ишлар вазирлигида ҳам қизиқиб ўқилган.

“Мен уни ташқи ишлар вазирлигида ўқишганини биламан. Китоб яқинда чиқди, шунинг учун ҳозирча унга вазирлик томонидан муносабат билдирилмади. Менимча¸ расмий муносабат 25 сентябрларда пайдо бўлади. Мен аминманки, ташқи ишлар вазирлиги бу асар билан танишгач, Ўзбекистонга нисбатан муносабат шакллантиради”, -дейди Эллин Йонссон.

Айни пайтда швед журналисти ўзбек мигрантлари ҳаёти ҳақида ҳам ҳужжатли фильм ишлаган. 15 сентябрь куни бу фильмнинг тақдимот маросими ҳам ўтказилди. Эллин бир йил давомида Алишер исмли ўзбек йигитининг ҳаётини кузатган, у билан Москвагача бирга борган.

“Бу фильм “Айрилиқдаги мухаббат”, деб аталади. Бу муҳаббат ҳақидаги фильмдир. Қаҳрамонимиз Алишер ўз юртида бир қизни севган, кейин уларнинг тўйларини суратга олдик... Келинчак оғироёқ бўлгач, Алишер оиласини таъминлаш учун Москвага иш излаб кетди. Биз у билан Москвага ҳам бордик ва бир йил давомида унинг у ердаги азоблари, муаммолари ва қийинчиликларига шерик бўлдик. Бу ҳужжатли фильмдан мақсад, меҳнат муҳожирлари муаммосига европа жамоатчилиги эътиборини қаратишдир”, -деди журналист.

Эллин Йонссонга берган сўнгги саволимизга эса мана бу тариқа жавоб олдик.

“Ҳа, сўзсиз, бу катта муҳаббат. Мен буни абадий муҳаббат деб атаган бўлардим ва бу муҳаббат 1992 йилда пайдо бўлди”.

Эллин бу гапни “Айрилиқдаги мухаббат” фильмини эмас, Марказий Осиёни назарда тутиб айтди.

“Мен биринчи марта Москвадан поездга ўтириб¸ аввал Олма Отага, кейин Тошкент , Самарқанд ва Ўшга бордим... Марказий Осиё одамлари дунёдаги энг сахий, самимий ва гўзал одамлардир. Бундай одамларни севмай бўладими”, - дейди Эллин Йонссон.
XS
SM
MD
LG