Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:12

Мухолифатчини урма, сўкма, уйини тортиб ол


Ўзбекистоннинг янги сиëсий тарихида мухолифат арбобларига тазйиқ кўрсатишнинг турли усуллари борлиги кузатилади. Мухолифат фаолига оид уй-жойларнинг тортиб олиниши, ана шундай тазйиқ усулларидан биридир.

1994 йилда Ўзбекистон “Эрк” демократик партияси лидери Муҳаммад Солиҳ ва унинг укаларига тегишли уйлар мусодара қилинди.

Ана ундан кейин мухолифатга қайишган депутат Самандар Қўқоновнинг уйлари мусодара қилинди.

Мухолифифатга кирган Санжар Умаров, диссидент шоир Юсуф Жуманинг ҳам иморатлари тортиб олинди.

Сўнгги маълумотларга кўра, мухолифат фаоли Анвар Усмоновнинг Тошкент марказидаги ҳовлиси Ўзбекистон республикаси бош вазири Мирзиëевнинг қариндошлари томонидан тортиб олинган.

Ҳозир Германияда истиқомат қилаëтган мухолифат фаоли ва журналист Анвар Усмоновга бу уй мерос қолган эди, дейди журналист Абдураҳмон Ташанов.

“Бу уйни расмийлаштирилгани тўғрисида ҳужжат Мирзо Улуғбек (аввалги Куйбишев тумани) тумани ер-кадастри томонидан рўйхатга олинган”.

Абдураҳмон Ташановга кўра, уй соҳиби Анвар Усмонов хориждан туриб бўлса ҳам, барча коммунал тўловларни тўлаган. Аммо шу йил баҳорда уй дарвозасида пайдо бўлган ëзув Анвар Усмонов учун кутилмаган бир ҳолат бўлди.

“Уйимни дарвозасига “Уй сотилаяпти” деб ëзилган. Мен ҳайрон бўлиб қолдим. Қўнғироқ қилсам янги қурилиш бўлаëтган экан. Ҳукумат доимо уни мендан тортиб олишга ҳаракат қилган. Маҳалламда юриб “Бу одам халқ душмани экан. Маҳаллани номидан уни уйини олайлик” деб имзо йиғишган. Буни ҳокимият қилган. Лекин бизни маҳалла “Бу одам барча тўловларни тўлаяптику. Унга бу уй меросга қолган. Ўзбек одатлари бўйича меросга берилган нарсани олиш мумкин эмас. Бу ўғирлик бўлади” деб ҳимоя қилган”, деди Анвар Усмонов.

Анвар Усмоновни уйи билан боғлиқ можарони ўрганган журналист Абдураҳмон Ташановни аниқлашича, мухолифатчининг уйига бош вазирни суқи сингибди.

“Кейин суриштириб билсак, бу Ўзбекистон бош вазири Шавкат Мирзиëевни жияни бўлиб чиқди”.

Бу фактни Анвар Усмоновнинг ўзи ҳам тасдиқлар экан, иморат қураëтган одамнинг Шавкат Мирзиëевни Темур исмли жияни эканлигини ва Республика прокуратурасида бўлим бошлиғи бўлиб ишлашини айтди.

Анвар Усмоновга кўра, Ўзбекистон бош вазири Мирзиëев ўзи яшаëтган маҳалладаги ғариб-ғураболарнинг иморатларини тортиб олиб қариндошларига бермоқда.

“Бизни уйимиз Луначарский массивидаги Фозил Йўлдош ўғли кўчасида. Шавкат Мирзиëев 20та уйни қўлига олди. Бу уйларга уни қариндошлари, яқин одамлари келган. Уйимни рўпарасида Маннопов деганни уйи бор эди. Бу бечора оламдан ўтган ва улар бир камбағал оила. Уларни уйидан мажбур қилиб ҳайдаб юборди”, деди Анвар Усмонов.

Айни пайтда Анвар Усмонов ўз шахсий мулкини ҳимоя қилиб, маҳкамага ариза берди.

“Бу уйни эгасига қайтариш, талон-тарожликка барҳам бериш мақсадида Мирзо Улуғбек туманлараро фуқаролик судига биз даъво аризаси киритмоқчимиз”, дейди Абдураҳмон Ташанов.

Анвар Усмоновга кўра, уйлари тортиб олинган мухолифатчиларнинг сони кўп.

“Мухолифатдаги Бирликчи Жамоловни уйини олишди. Унга мажбур қилиб пул беришди ва уйидан ҳайдаб юборишди. У бизни кўчага қўшни бўлган кўчада яшаган. Булар кўп одамларни бошини айлантиришган”.

Ҳозир Норвегияда истиқомат қилаëтган мухолифат фаоли Мақсуд Бекжон ва унинг ака-укаларига тегишли уйлар ҳам тортиб олинган эди.

“Ўша пайтдаги Куйбишев (ҳозирги Мирзо Улуғбек) туманидаги Муҳаммад Солиҳнинг уйи, менинг уйим ва ирригация институти ëнидаги жиянларимиз яшаган уй тортиб олинган.Бу ишни олиб борган судя Ҳакимова бу мутлақо қонунсиз амалга оширилган жараëн бўлганлигини, барча мусодаралар қонунсиз амалга оширилаëтганлигини, бу ишни қилишга уни ҳукумат мажбур қилганини айтиб у мендан, акамдан ва оиламдан узр сўраган”, дейди Мақсуд Бекжон.

Мақсуд Бекжонга кўра, мухолифат фаолига оид уй-жойларнинг тортиб олиниши, мавжуд ҳукуматнинг бугунги кундаги курашиш услубларидан бирига айланди.

Айни пайтда уйи мусодара қилинган Анвар Усмонов ўз ҳақини талаб қилиб маҳкамага мурожаат қилди ва агар маҳкамадан натижа чиқмаса, Страсбургдаги судга мурожаат қилишини таъкидлади.
XS
SM
MD
LG