Линклар

Туркманистон пойтахтида юз берган отишма қурбонлари сони қирқ нафардан кўп экани айтилмоқда. Отишма 12 сентябрдан 13 сентябрга ўтар кечаси содир бўлганлигини сизга маълум қилган эдик. Озодлик мухбирларининг Туркманистондан хабар беришича, воқеа содир бўлган ҳудуд ҳарбий машиналар куршовида.

Ташқаридан сокин кўринадиган Туркманистон воқелигини сентябрнинг салқин оқшомларидаги отишма овози бузиб юборди.

Баъзи манбалар отишма ва гаровга олиш диний гуруҳлар тарафидан амалга оширилди дея иддао қилишса, расмий Ашхободга тегишли нашр отишмани нашафурушлар амалга оширди деган айбловни илгари сурмоқда.

Яна бир манбалар эса отишмаларни мамлакатда қатағоннинг янги тўлқинини бошлаш учун ҳукуматнинг ўзи уюштирди, деган гапни айтмоқда.

Сентябрнинг салқин оқшомида юз берган отишма овозини ашхободликлар қайсидир бир байрам шарафига уюштирилган мушакбозлик дея ўйлашди.

Ашхобод шаҳрининг Хитровка мавзесида жойлашган салқин ичимликлар ишлаб чиқарувчи “Родник” заводи қуролланган шахслар тарафидан ишғол қилинган эди, деб хабар берди мухбиримиз.

"Бизнинг эшитишимизга кўра, бу отишмада бир қанча киши ўлибди. Ўлганлар ва ярадорларни тез ëрдам машинаси пайдар-пай ташиб турибди. "

Мухбиримизга кўра, отишма пайтида еттинчи синфда ўқийдиган бир бола ҳам ўлган. Бу воқеани Зинаида исмли врач айтиб берди, дейди мухбиримиз.

Расмий маълумотларга кўра, 14 сентябр куни ишғолчиларга қарши ҳукумат кучлари ҳужум уюштиришган. Ҳукумат кучларидан 40 кишининг ўлганлиги айтилмоқда. Ишғолчилар, гаровгирлар ва гаровга олинганлар орасида қанча қурбон борлиги ҳақида аниқ малумотлар йўқ.

Отишмани кимлар уюштирда ва бундан мақсад нима?

Инсон ҳуқуқлари фаоли Фарид Туҳватуллиннинг Озодлик мухбирига билдиришича, отишма ташкилотчилари ва гаровгирлар соқолли бўлишган. Бу эса ўз навбатида уларнинг радикал исломчилар эканлиги ҳақидаги иддаоларни урчитган.

Туҳватуллинга кўра, гаровгирларда тўппонча ва автоматлардан ташқари гранатометлар ҳам бўлган.

Туркманистоннинг аксар аҳолиси мусулмонлардир, бироқ мухбирларга кўра, ҳукумат диний мухолифатни йўқ қилиб улгурган ва Исломий жангарилар томонидан Туркманистонда зўравонликлар аввал деярли юз бермаган.
Нашафурушларнинг ҳукуматга қарши интиқоми, зиддиятнинг яна бир сабаби дея талқин қилинмоқда.

Бу талқин ҳукуматга қарашли Туркманистон.ру нашрида очиқланди.

Мухбирларимизнинг Ашхобод кўчаларида эшитган гап –сўзларига кўра , аввалроқ ҳуқуқ-тартибот ходимлари томонидан бир неча кишининг ҳибсга олингани, қуролли кишиларнинг заводни гаровга олишига сабаб бўлган.



Отишма борасидаги маълумотларнинг чеклангани аҳоли орасида турли миш-мишлар тарқалишига олиб келди, дейди Ашхободдаги мухбиримиз.

"Одамлар фақат шу отишмани гурунг қилишяпти. Ваҳобийлар қилди буни деганлар бор. Насроний Иеговоо гувоҳлари қилди деганлар ҳам кўпчилик. Ўликлар сони ҳам турлича. 300 одам ўлибди деб гурунг қилганлар ҳам бор. Ундан кўпроқ ҳам ўлибди деганлар бор. Хуллас одамларга гап топилди”, дейди мухбиримиз.

Ашхободнинг Хитовка мавзесидаги отишма ҳақидаги гап сўзлар Туркманистоннинг олис қишлоқларига ваҳимали тарзда етиб борди, дейди инсон ҳуқлари фаоли Дурди Қиличев.

"Небитдоғдаги одамлар ҳам шу отишма тафсилотларини гапирмоқда. Ифторга борсанг ҳам, худойига борсанг ҳам одамларни оғзида бир гап: Ашхободдаги отишма”.

Инсон ҳуқуқлари фаоли Фарид Туҳавтуллинга кўра, отишмаларни мамлакатда қатағоннинг янги тўлқинини бошлаш учун ҳукуматнинг ўзи уюштирган, деган тахминда жон бор.
XS
SM
MD
LG