Линклар

6 миллион буғдой олинди, аммо нон йўқ


Ўзбекистонда ун ва нон маҳсулотларининг нархи кескин ошиб кетиши баробарида мамлакатда нон тақчиллиги ҳам юзага келаётгани кузатилаяпти.Кейинги пайтларда арзон нархдаги буханка нонлари сотиладиган давлатга қарашли дўконлар олдида турнақатор навбатлар пайдо бўлаётир.

Дўкондан анча қиммат бозор нархидаги нонларни харид қилишга қурби етмаётган оддий аҳоли эса ноннинг қимматлигидан нолийди.

Ўзбекистонда ўртача навли буханка нонининг давлат нархи 250 сўм қилиб белгиланган. Бунақа арзон нархдаги нонни фақат давлат дўконларидангина топиш мумкин. Лекин кейинги пайтда дўконлар олдида нон учун турнақатор навбатлар кузатилиб, кечга яқин дўконларда ноннинг тугаб қолиши учраяпти.

“Тошкентда нон учун навбатда туришибди. Нон умуман етишмаяпти. Нафақат Тошкент балки Марғилонда ҳам ҳамма жойда навбатда туришибди”.

Белгиланган арзон нархдаги ноннинг тақчиллиги борасида uzmetronom.com интернет сайти ҳам хабар қилади. Сайт маълумотига кўра, 15 сентябр куни соат 17 дан 10 дақиқа ўтганда Тошкентдаги еттита нон дўконининг барчасида нон қолмаганлиги кузатилган.

Мамлакатда энг кўп нон ва нон маҳсулотлари ишлаб чиқариш корхонаси ҳисобланмиш «Тошкент нон” ташкилоти ходими нон тақчиллиги ҳолатини инкор қилади.

“Нон ҳаммасида бор. Берган унидан биз ишлаб чиқарамиз. Бизга ажратилган ундан асосан биз нон ишлаб чиқарамиз. Тошкент нон уюшмасига қарашли 36 корхона ва Тошкент шаҳар департаментига қарашли 10 корхона ишлаб турибди. Кунига 500 тонна нон чиқади. Тошкент нон уюшмаси 430, 450 тонна нон чиқаради. Бундан ташқари яна 10та корхона бор”.

Расмий хужжатларда, жорий йилда мамлакатда олти миллиондан зиёд буғдой етиштирилгани қайд қилинади.Лекин кузатувларга кўра, мамлакатнинг деярли барча вилоятларидаги бозорларида ун ва нон маҳсулотлари танқислиги кузатилмоқда.

“Бу йил Ўзбекистонда 6 миллион тонна буғдой олинган экан. Умуман ўзимизга етадиган миқдорда экан. Мен ҳайронман, ўзимизни буғдойимиз қаерга кетади? Магазинда ун йўқ”.

“Нонни нархи ошиб кетган. Кўчада одамлар қиммат нархга бўлса ҳам беринг деб юрибди”.

“Биз рекорд даражада буғдой ҳосилини олдик. “Жасорат”, “Ғалаба” деган медалларни тарқатиб ташлади. Натижа қандай? Магазинда 1 кило ун йўқ. Отлиққа ҳам йўқ. Ўзи умуман таги йўқ”.

Нон, аксарият ўзбек оилаларининг асосий озиқ-овқати бўлиб қолаётган бир пайтда, нон нархининг қимматлаши аҳолини мушкул аҳволларга олиб келишидан даракдай туюлади. Давлат дўконларидан ташқари бозор нархидаги нон маҳсулотларини харид қилишга барчанинг ҳам қурби етмаётир, дейди тошкентлик суҳбатдош аёл.

“Тошкентда оддий нонвой нон 300, 350 сўм, патир нонлар 600, 700 дан бошланиб, у ëғи 1000 сўмдан ошиб кетади”.

“Тошкент нон” корхонаси ходими нон тақчиллигини инкор қилар экан, нон нархи ҳам ўтган йилдан буён кўтарилмаганлигини таъкидлайди.

“Ўтган йили ошганидан бери ҳали ўзгармади. Ҳозиргача шу нарх. Бизни 90 фоиз ишлаб чиқарадиган нонимиз 1 нав ундан бўлиб, у 600 граммни ташкил этади. У магазинда 250 сўмдан сотилади. Ишлаб чиқарган корхоналар уни 211 сўм 86 тийиндан беради. Магазинчилар устига қўйиб, 250 сўмдан сотади. 250 сўмдан юқори нархда сотишга ҳаққи йўқ”.

Юқорида айтиб ўтилганидек, бу нархдаги нонни фақат давлат дўконларидан харид қилиш мумкин.

Кузатувчилар фикрича, мамлакат бозорларида ун ва нон маҳсулотларнинг қимматлиги ва тақчиллигининг икки хил сабаби бор.

Биринчидан, сўнгги пайтда Қозоғистон уни нархининг қарийб икки баробар қимматлаб кетгани ва буғдой экспортини чекланаётгани, иккинчидан, Ўзбекистонда етиштирилган олти миллиондан зиёд буғдой ҳосили қўшиб ёзишлар эвазига бўлгани.
XS
SM
MD
LG