Линклар

logo-print

Зарғалдоқ коалиция расман тарқалди

  • Ҳасанжон

Cўнгги тўрт йил давомида бирин-кетин сиёсий бўҳронлар юз бериб келган Украинада ҳукумат коалицияси тарқаб кетди. Ўз навбатида бу “Зарғалдоқ инқилоби”ни амалга оширган Виктор Юшченко ва Юлия Тимошенко ўртасидаги иттифоққа чек қўйди. Айни пайтда коалиция ҳукуматининг тарқалиб кетиши Киев ва Ғарб ўртасидаги ҳамкорликни сусайтириши мумкинлиги айтилмоқда. Украина парламенти раиси Арсений Яценюк ҳукуматни тарқатиб юбориш ҳақидаги қарорни “анчадан бери кутилган ва ўта нохуш” қарор дея атади.

“Мен конституциявий вазифамни бажаришга мажбурман. Базилар учун бу анчадан бери кутилган натижа. Мен учун бу ўта нохуш хабар. Мен Украина парламентидаги демократик кучлар коалицияси “Бизнинг Украина”, Народная Самооборона блоки ҳамда Юлия Тимошенко блоки томонидан 2007 йил 29 ноябрда тузилган коалиция расман тарқалганини эълон қиламан” – деди Украина парламенти раиси.
Бу қарордан ҳамманинг ҳам хафа бўлгани йўқ. Россияпараст Регионлар партияси раҳбари, мухолифат етакчиси Виктор Янукович “Зарғалдоқ инқилоби” деб аталган коалиция тарқалиб кетганига бундай муносабат билдирди: “Арава келиб, лойга ботиб қолди. Ушбу демократик деб аталган, амалда ҳеч қачон мавжуд бўлмаган коалиция қуёш нурида шабнам каби йўқ бўлди” – деди Янукович.
2004 йилда Украианада “Зарғалдоқ инқилоби”ни амалга оширилган Виктор Юшченко ва Юлия Тимошенко ҳокимият тепасига келганидан сўнг расман иттифоқчи бўлса-да, амалда бир-бирига сиёсий рақиб бўлиб келди. Украина икки йўлдан бирини, яъни Ғарб йўлини танлаши керакми ёки Россияга эргашиши керакми, деган масала хусусида мубохасалар давом этаётган бир пайтда президент Виктор Юшченко бошчилигидаги “Бизнинг Украина” ва Бош вазир Юлия Тимошенко етакчилигидаги “Тимошенко блоки” ўртасида тўққиз ой олдин тузилган коалиция парчаланди.
Украинанинг Европа Иттифоқи ва НАТОга аъзо бўлишини хоҳлаган президент Юшченко август ойида Грузияга бостириб кирган Россияни танқид қилди. Тимошенко эса бу борада жим туришни афзал кўрди. Шундан кейин Юшченко Тимошенкони 2010 йилда Украинада ўтказиладиган президентлик сайловидан олдин уни Кремлга ёнбосаётганликда айблади.
Юлия Тимошенко сайловда президентликка даъвогар бўлишини ҳеч қачон яширмаган. Юшченко ҳам президентликка қайта сайланиш ниятида.
Украинадаги сиёсий воқеаларни кузатиб келаётган Варшавадаги Халқаро алоқалар маркази раҳбари Евгениус Смолар фикрича, коалиция ҳукуматининг парчалангани, шунингдек, сайлов арафасида ўзаро келишувларга эришиш йўлидаги уринишлар Украина ҳукумати фаолиятини йўққа чиқариши мумкин: “Бу хабар, агар пезидентлик лавозими учун кураш назарга олинса, Украина келаси 18 ой давомида сиёсий фалаж ҳолатда бўлиши мумкинлигини англатади. Бу Украина учун ҳамда Украина билан Европа Иттифоқи ва НАТО ҳамкорлиги учун жуда ёмон” – деди польшалик таҳлилчи.
Украина қайси йўлдан бориши хусусида ички низолар давом этаётгани боис жорий йил бошида НАТО Украинани ўзининг Аъзолик Ҳаракат дастурига қўшмади.
9 сентябр куни эса Европа Иттифоқи Украина билан яқин алоқалар ўрнатишни тавсия қилиб, мамлакатдаги сиёсий беқарорлик туфайли Европа Иттифоқига аъзо бўлиш ҳақида Украинага таклиф бермади.
Украина қонунларига мувофиқ энди парламент 30 кун ичида янги коалиция ҳукумати тузиши керак бўлади. Акс ҳолда янги сайлов ўтказади. Айрим таҳлилчилар, жумладан Евгениус Смолар фикрича, Юлия Тимошенко блоки ва Бизнинг Регионлар партияси ўзаро ҳамкорлик қилиши мумкин.
XS
SM
MD
LG