Линклар

Mуҳожирлар орасида келиб чиққан жанжалларда 3 ўзбек ҳалок бўлди

  • Барно Анвар

Россиядаги меҳнат муҳожирларига нисбатан ва муҳожирлар орасида зўравонлик ҳоллари кўпаймоқда. Сўнгги ҳафта ичида россиялик фуқаролар ва бошқа ўлкалардан борган меҳнат муҳожирлари орасида келиб чиққан жанжалларда 3 ўзбекнинг ўлдирилгани, бир нечаси жароҳатлангани ҳақида хабар берилди.

Қизиғи энди ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари жабрдийда эмас, балки муштумзўрга айлангани ҳақидаги хабарлар ҳам кўпайяпти. 15 сентябр куни Москва вилоятидаги Солнечногорск шаҳри туманларидан бирида, оқшом пайти озиқ-овқат дўконига кирган 3 ўзбекистонлик мардикор йигит сотувчи қизга тегажоғлиқ қилгани боис, ўша ердагилар билан жанжал келиб чиқди. Натижада, 3 ўзбекнинг у ердагиларга туриб беришга кучи етмай, шерикларини чақиришди. Шу тариқа салкам 40 кишилик ур-йиқит келиб чиқди ва бунда шу ерлик икки маҳаллий одам пичоқлаб ўлдирилди, 10 дан ортиқ одам жароҳат олди.
Бу ҳақда Россия оммавий ахборот воситалари хабар қилмоқда. Бу иш юзасидан жиноий иш қўзғатилган. Солнечногорск шаҳар милицияси эса назоратни кучайтирган. Ҳуқуқ-тартибот идоралари бераётган расмий ахборот шу ва бу каби кейинги пайтларда тез-тез рўй бераётган оммавий муштлашувлар, қотилликлар ҳақидаги ахборотлар ҳам шунақа қисқалигича қолмоқда.
Қўзғатилган жиноий иш нима билан якунланди, жиноятчи ким ва у суд курсисига келдими ёки йўқ, одатан, номаълум қолади. Биз билан суҳбатда бўлган Москвадаги кўпчилик меҳнат муҳожирлари бунинг маълум бўлишига умид қилмайди ҳам.
“Жазосиз қолади албатта. Умуман мигрантни зўрлаган, пичоқлаган ëки бошқа нарса қилганларга шу пайтгача жазо бўлмаган ва бундан кейин ҳам бўлмайди. Телевизорда реклама учун бир кўрсатади. Суддан тўғри чиқиб уйига кетади у”.
Жазосизлик мигрантларга нисбатан зўравонликнинг ошишига ёрдам беришда давом этмоқда. Бундан ташқари, ҳимояга муҳтож жабр кўрган муҳожирнинг ўзи айбдорга чиқиб қолади, дейди 27 ёшли қашқадарёлик меҳнат муҳожири сўзларини давом эттириб.
“Айбдор Россияни фуқароси бўлса ҳам айбни сизни бўйнигнизга қўяди. Бу нарса оддий ҳолат бўлиб қолган”.
Вазият шу таҳлит давом этавергани боис, энди калтакни остида қолган муҳожирлар, бир-бирини биргалашиб ҳимоя қиладиган бўлишди. 5-10 дақиқа ичида жанжалга учраб қолган ўзбекни атрофига 5-10 та ўзбек йиғилиши мумкин.
“Йиғилади. Маҳалламизда 600 дан ошиқ хўжалик яшайди. Россия ҳудудини ҳисоблайдиган бўлсак кичкина маҳалладан 600, 700 одам юрибдида”.
Биргина қишлоқчанинг ўзидан 600-700 нафар бўлиб Россияга бораётган меҳнат муҳожирлари орасида эса ёши бор, кексаси бор, уддабурони бор, бўш-баёви бор. Шунинг учун ёлғончилик, товламачилик ҳам авж олаяпти.
Бошқача айтганда, Россияда юрган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари ўрмон қонунлари асосида ишлашга мажбур бўлаяпти, дейди яна бир меҳнат муҳожири.
“Кеча ишдан чиқиб магазинга бордим. Чўнтагимда уяли алоқам бор эди. Шу пайт телефоним жиринглаб қолди. Шунда иккитаси ушлаб “Телефонингни сотасанми, берасанми, телефон оласанми” деди. Мен ҳамма саволарига йўқ, деб жавоб бердим. Унда ҳозир ўрмонга борамиз, деди ҳалигилар. Мен уларга “Сабаб нима? Мен ҳеч қандай гуноҳ қилганим йўқку” дедим. Улар “Ë бизга пул берасан, ëки спиртли ичимлик олиб берасан” деди. Булар энди оддий фуқаролар. Кейин мен уларга спиртли ичимлик олиб бериб пул билан ўзимни ҳимоя қилиб чиқиб кетдим. Кўчадаги безорироқ маҳаллий фуқаро ҳам муҳожирларни бемалол талаши мумкин, бунга қарши ҳеч нарса қилолмайсиз, дер экан бу меҳнат муҳожири, кундан-кунга сони ошиб бораётган муҳожирларнинг ўртасида ҳам жанжал кўпаймоқда, сабаби иш талашиш, дейди. У тожикистонлик муҳожирлар билан яқинда ўтган яна бир низони эслади.
“Сизлар бизларга ë пул тўлашинглар керак ëки умуман бу ердан ишдан чиқиб кетишинглар керак. Сабаби сизлар яхши ишлаяпсизлар, бунинг эвазига бизнинг ëш болаларимиз ишсиз қолиб кетаяпти, дейди. Мен “Иложимиз йўқ. Ишлашимиз керак. Ҳозир об-ҳаво совуқ. Кўчада ëтишни биз ҳам ҳоҳламаймиз, сизлар ҳам ҳоҳламайсизлар. Биз ҳам бу ëққа ота-онамизни, бола-чақамизни деб келганмиз” дедим. Хуллас жанжал чиқади”.
Россияда кун сайин кўпайиб бораётган муҳожирлар орасидаги бу манзара эртага янада аянчлироқ, янада мушкулроқ вазиятни келтириб чиқариши мумкин. Буни тартибга солиш мушкул, дейди бу меҳнат муҳожири.
“Албатта куч ҳал қилади. Иложимиз йўқ. Ë тилимизни ишлатамиз, ë фикримизни ишлатамиз ë паст кетамиз. Ҳимоя қиладиган одам йўқ. Ҳали Ўзбекистонда бизни ҳимоя қилаëтганлар йўқку. Дейлик Ўзбекистонда бир шикаст етса ëки бошқа нарса бўлса, касалхонага кирсак врачлар бизни ҳимоя қилмайди. Уйимзига ўғри тушса, бориб милицияга айтсак, улар бизни тингламайди. Ҳозир Ўзбекистонда қонун йўқ. Қонундан икки баробар устун пул юрибди. Россияда ҳам шу аҳвол”.
Ўз юртида ҳақсиз юриб-юриб, охири Россияга тирикчилик илинжида борган қашқадарёлик меҳнат муҳожири, у ерда ҳам ҳақсизликка учрашини кутган табиий. Аммо, ўрмон қонуни шартлари асосида яшасак-да, бу ерда пул топаяпмиз, Ўзбекистонда эса бунинг ҳам имкони йўқ эди, дейди чор-ночор.
XS
SM
MD
LG