Линклар

БМТ қароргоҳида Бош Ассамблеясининг 63-сессияси бошланади

  • Ҳасанжон

16 сентябрь куни Нью-Йоркдаги БМТ қароргоҳида Бош Ассамблеянинг 63-сессияси иш бошлайди. Дунё давлатлари раҳбарлари ва юқори лавозимли расмийларининг чиқишлари 23 сентябрда бошланиб, муҳокама жараёни 1 октябрга қадар давом этиши режаланган.

БМТ Бош ассамблеясининг 63-сессияси давомида БМТ минбари орқали 120дан ортиқ давлат раҳбарлари, ҳукумат бошлиқлари, Ташқи ишлар вазирлари ва делегация раҳбарларининг нутқ сўзлаши режаланган.
Бош Ассамблеянинг асосий кун тартибига 160дан ортиқ масала муҳокамаси киритилган. Улар орасида тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш, терроризмга қарши кураш, инсон ҳуқуқлари ва атроф-муҳит ҳимояси, ижтимоий-иқтисодий тараққиёт билан боғлиқ муаммолар ва бошқа масалалар бор.
БМТ Бош ассамблеясининг 23 сентябр кунги умумий сиёсий муҳокамаларида Аргентина, АҚШ, Бразилия, Габон, Сербия, Франция ва Эрон раҳбарларининг нутқ сўзлаши кутилмоқда. Дастлабки рўйхатга кўра, 25 сентябр куни Тожикистон, 26 сентябр куни Қирғизистон президентларининг Бош Ассамблеяда чиқиш қилиши режаланган.
БМТ Бош Ассамблеясининг 63-сессиясида Ўзбекистон номидан Ташқи ишлар вазири Владимир Норов қатнашади.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири БМТ минбари орқали қиладиган чиқишида қандай масалаларни кўтариши кутилади, деган саволга АҚШдаги ўзбекистонлик дипломат Ўзбекистон ва БМТ ўртасидаги ҳамкорлик, хавфсизлик, ва бошқа масалалар кўтарилиши кутилмоқда. Ҳозирча ҳамма масала аниқ эмас, деди.
БМТ Бош ассамблеяси 63-сессиясининг 29 сентябр кунги йиғилишида Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ҳам нутқ сўзлаши режаланган.
15 сентябр куни Бош Ассамблеяси мажлисида БМТнинг энг қудратли органи ҳисобланган Хавфсизлик кенгаши аъзолари сонини кўпайтириш, бу борада 2009 йил 28 февралгача музокаралар бошлаш ҳақида келишувга эришилди. Шуни эслатиб ўтиш жоизки, 2005 йилда Бразилия, Германия, Ҳиндистон ва Япониядан иборат “Тўртлик гуруҳи” деб аталган давлатлар Хавфсизлик кенгашига доимий аъзо бўлиши учун ҳаракат бошланган эди. Бундан ташқари Африканинг икки давлати вето ҳуқуқисиз Хавфсизлик кенгашига аъзо бўлиш истагини билдирган. Бироқ Хавфсизлик кенгашига аъзо бўлишни хоҳлаган давлатларга рақиб бўлган Италия, Покистон ва Аргентина қарши чиққани боис ҳозирча уларнинг уриниши самара бергани йўқ.
XS
SM
MD
LG