Линклар

logo-print

Гулнора Каримова Женевадаги ваколатхонага раҳбар бўлди

  • Замира Шукур

http://gdb.rferl.org/211287DB-A8F1-4E35-B44A-617E96A9B8AE_w203.jpg --> http://gdb.rferl.org/211287DB-A8F1-4E35-B44A-617E96A9B8AE_mw800_mh600.jpg Чоршанба куни расман тасдиғини топган хабарга кўра, Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи, ҳозирга қадар Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг маданият масалалари бўйича ўринбосари бўлиб келган Гулнора Каримова Ўзбекистон республикасининг Женевадаги БМТ идораси ва бошқа халқаро ташкилотлардаги доимий миссияси раҳбари этиб тайинланган.Бу хабар, БМТ нинг Женевадаги идораси интернет саҳифасида ҳам ўз тасдиғини топди.

БМТ вебсаҳифасида “жаноб олиялари, фавқулодда ва мухтор элчи Гулнора Каримованинг Ўзбекистон республикасининг Женевадаги доимий дипломатик ваколатхонаси раҳбари” экани ëзиб қўйилган.Аммо Ўзбекистоннинг дунëдаги энг йирик халқаро ташкилотлар билан ишловчи Женева ваколатхонасида юз берган бу кадр ўзгариши, мамлакат жамоатчилигига ошкор этилмасдан, ими-жимида амалга оширилди.
Мустақил кузатувчилар, Гулнора Каримованинг Женевадан қўним топиш истагига Ўзбекистондаги саҳна ортида бораëтган сиëсий жараëнлар сиридан аломат дея қарамоқдалар.....

Ўзбекистон дипломатлари орасида, кейинги йиллар давомида Гулнора Каримовадан кўра ўз расмий хизмат лавозими ва хизмат мавқеини тез ўзгартирган, аниқроғи тез оширган одам бўлмаса керак. Бунинг сабаби эса оддий, дейди мустақил журналист ва собиқ дипломат Алишер Таксанов.



“40-ëшга етмай туриб, Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг ўринбосари бўлиш, эндиликда эса, Ўзбекистоннинг БМТ каби ўта муҳим халқаро ташкилотнинг Женевадаги бўлсин доимий ваколатхонасига бошлиқ бўлиш учун дипломат сифатида ниҳоятда катта истеъдод, бошқарувчи ўлароқ катта маҳорат, сиëсатчи ўлароқ кучли билим ҳамда хорижда катта ҳурматга эга бўлиш лозим. Бу сифатларнинг бирортасига эга бўлмаган Гулнора Каримованинг дипломатик пиллапоядан бунчалик тезлик билан кўтарилиши сабаби битта- унинг президент Каримовнинг қизи эканидир”, дейди ҳозирда Швецарияда муҳожиратда яшаëтган ўзбекистонлик собиқ дипломат.

Ўзбекистонни қарийб 20 йилдан бери ўзи истаган шаклда бошқариб келаëтган президент Каримовнинг тўнғич ва эрка қизи, Россиянинг усти ялтироқ журналларида малика дея кўкларга кўтарилаëтган Гулнора Каримова, мамлакатдаги исталган амални сўраши ва унга эришиши мумкин. Нега у айнан БМТ нинг Женевадаги идораси, қолаверса Женевадаги бошқа халқаро ташкилотлар билан ишловчи Ўзбекистон дипломатик миссиясига бошлиқ бўлишни афзал билди?

Алишер Таксанов, бундай қарор ортида бир неча мотивлар ëтган бўлишини тахмин қилади.




“Бу менга узоқ муддатга мўлжалланган стратегиядек кўринмоқда. Ҳозирда Каримовлар оиласи бойликларини Швейцарияга жойлаштириш режаси ишлаб чиқилаëтган бўлиши эҳтимолга жуда яқин. Зотан, Швецария банклар мамлакати ва бу ерда банк сири дунëнинг қолган ерларига нисбатан жуда қаттиқ қўриқланади. Шу боис, Гулноранинг Женевага келиши ортидаги биринчи омил, Каримовлар оиласи капиталини Швецария банкларига эсон-омон кўчириш операциясини якунлаш бўлса керак, деб ўйлайман. Гулноранинг Женевага келиши ортидаги иккинчи сабаб, менимча “Зеромакс” билан боғлиқ. Биласизки, Гулнора Ўзбекистон иқтисодининг қарийб ярмини, аниқроғи ҳамма сердаромад тармоқларини ўз қўлига олган “Зеромакс” ширкатининг хўжайини ҳам. Бу ширкат эса, Швейцарияда таъсис этилган, унинг пропискаси ҳам, бош қароргоҳи ҳам Швецарияда. Албатта, Гулнорага Швейцариядан туриб, “Зеромакс”нинг улкан бизнес лойиҳаларини бошқариш осонроқ бўлади”, дейди Швейцарияда яшаëтган собиқ дипломат ва журналист Алишер Таксанов.

Швецариянинг Лозанна шаҳрида истиқомат қилувчи ўзбек мухолифатчиси Сафар Бекжон ҳам Гулнора Каримованинг Женевадаги Ўзбекистон дипломатик миссияси раҳбари этиб тайинланиши ортида унинг ўзи ва оиласи манфаатларини узоқ келажакка яхшироқ кафолатлаш истаги ëтгани ҳақидаги бу фикрларга қўшилади ва бу манфаатлар рўйхатида Каримованинг ўз болаларига Европада муқим яшаш ҳаққини олиб бериш режаси ҳам борлигини таъкидлайди.

“Биттаси болаларини Европада ўқишига имконият яратиш. Улар бу ерда маълум йиллар давомида яшаса, доимий яшаш ҳуқуқига эга бўлади. Ҳозир бу болаларни бунақа имконияти йўқку. Чунки улар Интерпол томонидан қидирилаяпти ва АҚШга олиб кетилиши керак. Булар АҚШ фуқароси бўлган болалар. Бу оилавий муаммоларни ҳал қилиш учун Гулноранинг қўяëтган қадами. Унинг бу ерда келиб иш бошлаганлиги тўғрисида маълумот олганимиз йўқ”, дейди Сафар Бекжон.



“Ўзбекистондаги сиëсий салтанат ичдан беқарорлашиб бораëтганини сезган Каримовлар оиласи, ўзларига запасной аэродром ҳозирлашмоқда ва президентнинг яна бир қизи Лола Каримованинг Ўзбекистоннинг ЮНЕСКО даги доимий ваколатхонасига бошлиқ сифатида Париждан қўним топгани ҳам бу тахминни қувватлайди”, деб қўшимча қилади Сафар Бекжоннинг бу мулоҳазаларига Алишер Таксанов.

Ўзбекистон президенти 70нинг бу ëғига ўтиб, унинг соғлиғи ҳақида турли миш-мишлар тарқала бошлаганидан бери, Гулнора Каримованинг ўз отасига ворис бўлиш тараддудига тушгани ҳақидаги фикрлар тез-тез қулоққа чалинмоқда. Каримовнинг шундай режаси мавжудлигини, яқинда Озодлик мухбири билан суҳбатда Ўзбекистон миллий хавфсизлик хизматининг собиқ майори Икром Ëқубов ҳам тасдиқлади. Хўш, Каримованинг БМТ нинг Женевадаги идораси билан ишловчи элчи этиб жўнатилиши,бу режага хизмат қилувчи қадамми, ëки аксинча?
Мухолифат фаоли Сафар Бекжон, Гулнорани Женевага юбориш орқали Каримовлар оиласи билибми-билмайми, бу режа зиддига хизмат қилмоқдалар, деган фикрда.

“Агар Ўзбекистон демократик давлат бўлганида бу йўллар билан ўзини давлат бошқарувига тайëрлаяпти деб ҳисоблашимиз мумкин эди. Ўзбекистонда диктатура бўлганлиги сабабли, тахтни эгалламоқчи бўлган куч тахтни атрофида бўлсагина уни эгалаб қолиши мумкин. Агар бир кечада Азроил келиб, Каримов кетиб қолса, Гулнора Женевадан етиб бориб бу ишни қиламан дегунча ҳокимият эгалланган ва эълон қилинган бўлади. Дадасига бир нарса бўлиб қолганда ҳокимиятни қўлида олиб қолиш учун Гулнора ҳар доим дадасининг ëнида ўтириши керак. Гулноранинг у ердан узоқлашишини кимдир уюштираëтган бўлиши мумкин. Келажакда ҳокимиятни Гулнорани қўлига бермасликни йўли уни узоқда ушлаб туриш. Буни уюштирилаëтганлигини Гулноранинг ўзи ҳам, ҳатто Каримовнинг ўзи ҳам билмаëтган бўлиши мумкин”.



Мавзу юзасидан Озодлик суҳбатлашган бошқа мустақил кузатувчилар ҳам Гулнора Каримованинг президент бўлишига қарши режим ичкарисида жуда жиддий қаршилик борлиги сабаб, Каримовлар оиласи келажак учун бехавотир режалар тузаëтган бўлишини эҳтимолдан соқит қилмадилар ва президент тўнғич қизининг нейтрал Швейцарияда дипломатик мақом паноҳида ерлашиш ҳаракатига ана шу оилавий режадан аломат дея қараëтганларини билдирдилар.
XS
SM
MD
LG