Линклар

logo-print

24 ўзбек Эрон чегарасидаги жиноий гуруҳ қўлида қолмоқда

  • Барно Анвар

Туркия полицияси томонидан мамлакат ҳудудидан чиқариб юборилган 24 ўзбек ҳануз Эрон чегарасидаги жиноий гуруҳ қўлида қолмоқда. Бу гуруҳ уларни озод қилиш эвазига 3 минг АҚШ доллари миқдорида товон пули талаб қилмоқда. БМТ томонидан расман қочқин, деб тан олинган ўзбеклар орасида аёллар, ёш гўдаклар ҳам бор.

Ўтган жума куни ярим тунда Туркия полицияси уларни Ван вилоятидаги ижара уйларидан олиб чиқиб, Миграция хизмати бўлинмасига олиб борган ва у ердан мамлакат ташқарисига чиқариб юборган. Ҳар ҳолда бу қочқинларнинг Туркияда қолган шеригининг бизга хабар беришича, чегарадан чиқиши билан ўз ҳолига ташлаб қўйиган қочқинлар ярим тунда тоғлар орасидаги қишлоққа паноҳ излаб борган ва ўша ердан шеригига сим қоққан.

Жиноий гуруҳ эса уларни шу ерда гаровга олди. Қочқинларнинг ортида қолган шериклари тўлов учун талаб қилинган 3 минг долларни топиб, уларни гаровдан қутқаришга уриняпти. Боиси, бу қочқинларни қутқариш бўйича гаровгирлар билан бораётган музокараларга ҳеч бир ташкилот қўшилгани йўқ, дейди қочқинларнинг ортда қолган шерикларидан бири.

“Ҳеч бир ташкилот бу музокараларга қатнашгани йўқ. Биз чегара ҳудудига яқин жойдаги маҳаллий аҳолидан ёрдам сўрадик ва уларнинг воситасида шерикларимизни қутқаришга уринаяпмиз”.

Шу тариқа тоғлар орасидаги қишлоқда гаровда қолаётган бу қочқинлар Бирлашган миллатлар ташкилотининг Қочқинлар билан ишлаш олий комиссарлиги томонидан расман қочқин, деб тан олинган ва халқаро ҳимоя остида.

Аммо, қани ўша ҳимоя, деган савол билан БМТ нинг Қочқинлар билан ишлаш олий комиссарлиги, Истамбул бўлимига мурожаат қилдик. Ваколатхонанинг ўзини Метинбей Қоработир, деб таништирган расмийси вазиятни шундай тушунтирди.

“Бу қочқинларнинг шу пайтда қаерда экани ҳақида маълумот йўқ. Билганимиз шуки, 22 икки қочқин Эрондан келиб бизга учраган ва Туркия маъмурияти уларни Ван вилоятидан яна қайтариб Эронга жўнатишга қарор қилган”, дейди БМТ нинг қочқинлар ишлаш агентлиги, Теҳрондаги бўлими вакили.

Бу қочқинлар Туркиядан қайтариб Эронга жўнатиш сабабини эса агентлик вакили шундай изоҳлади.

“Бу кишилар қочқинлик мақомини БМТ нинг Қочқинлар билан ишлаш Олий комиссарлиги Теҳрон ваколатхонасидан олган. Ўтган йили бизнинг ваколатхонага келиб мурожаат қилганидан сўнг биз бу фактни текшириш учун Теҳрон ваколатхонасига сўровнома йўлладик. Унга жавоб келгунига қадар эса Туркия маъмуриятидан бу кишиларни қонуний вақтинчалик рўйҳатга олишни сўрадик. Улар сўровимизни қондирди ва 22 қочқин вақтинча Ван вилоятига жойлашди”, дейди БМТ нинг қочқинлар билан ишлаш олий комиссарлиги Истамбулдаги ваколатхонаси вакили Метинбей Қоработир.

Бироқ, Туркия ҳудудидан чиқариб юборилган қочқинлар нега Эронга етказилмади ва нейтрал ҳудудда қолди, деган саволга Метинбей Қоработир шундай жавоб қилди.

“Уларнинг ҳозир мамлакатдан чиқарилганини депортация, деб талқин қиламиз. Чунки, улар қочқинлик мавомини Эронда олган ва учинчи мамлакатга у ердан чиқарилиши лозим, тартиб шунақа. Бу масалалар ойдинлашгунгача бўлган вақтда улар Туркия ҳудудида қонуний рўйҳатда бўлди. Масала ойдинлашди ва улар Эронга қайтарилиши керак. Лекин бу жараён қандай амалга оширилгани ҳақида бизда ахборот йўқ”, деди БМТ нинг Қочқинлар билан ишлаш олий комиссарлиги Истмабул ваколатхонаси вакили Метинбей Қоработир.

Демак, Эрон ва Туркия ўртасидаги чегарада оралиғида аросатда қолган, камига жиноий гуруҳ қўлида гаровга тушиб қолган бу қочқинларни расман қочқин, деб тан олган идора уларнинг Туркиядан чиқариб юборилиши жараёнини депортация, деб талқин қилмоқда. Миграция хизмати бу ҳолда қочқинларни махсус кузатув остида Эрон ҳудудига қадар етказиб қўйилиши лозим эди. Бироқ, бу қочқинлар чегарадан чиқарилди, холос. Бу ҳолатнинг изоҳини сўраб, Ван вилояти миграция хизматига қилган мурожаатларимизга ҳозирча жавоб ололмадик.

Қочқинлар тақдирини кузатаётган қатор халқаро ташкилотлар уларнинг Эронга қайтарилишидан хавотир билдирмоқда. Жумладан, Амнести Интернешнл ташкилоти бундай фикрда.
“Эрон уларни Ўзбекистон қайтариши мумкин ва ана шундан кейин бу қочқинлар ҳаёти ҳақиқатда жиддий хавф остида қолишидан ташвишдамиз. Ўзбекистонда мусулмонлар диний эътиқоди учун таъқиб қилиниши, узоқ муддатларга қамалиши ва бу жараённинг қийноқлар остида ўтиши эса маълум. Шу боис, биз бу қочқинлар тақдиридан хавотирдамиз” , дейди Амнести интернэшнл ташкилоти вакили Мейзи Вейчердинг.

БМТ нинг қочқинлар билан ишлаш олий коммисарлиги Истамбул ваколатхонаси эса бу хавотирлар инобатга олинганини айтади.

“Бу қочқинларнинг Ўзбекистонга қайтарилмаслиги учун Эронда қандай қонуний ваколатлар борлигини мен аниқ айта олмайман. Аммо, Теҳрондаги ваколатхонамиз ҳозир айнан шу масалада Эрон раҳбарияти билан музокаралар олиб бормоқда ва бу қочқинлар Ўзбекистонга қайтарилмаслиги лозим”, дейди БМТ Қочқинлар билан ишлаш агентлиги Истамбул бўлими вакили.

Қочқинларнинг ўзлари эса Эрон ҳудудида қолиб, учинчи давлатга чиқарилишини кутмасдан, ўз ихтиёри билан Туркияга кўчиб ўтгани сабабини айнан шу хавотир билан изоҳламоқда. Эслатамиз, 1995 йилда Ўзбекистондаги аэропортда ғойиб бўлган андижонлик таниқли имом Абдували қорининг масжидига қатнагани учун таъқибга учраганини айтаётган бу қочқинлар Туркияда бир йилдан буён истиқомат қилаётган эди.
XS
SM
MD
LG